Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Германияга Ислом дини XVI-XVII асрларда ёйила бошлади. Бунга Усмонлилар султонлиги билан дипломатик, ҳарбий ва иқтисодий муносабатлар замин яратди. XVIII аср бошларида Пруссия қироли Фридрих Вилҳелм I қўшинида мусулмон аскарлар хизмат қилгани тарихдан маълум. 1745 йили қирол Фридрих II бошноқ, албан ва татарлардан иборат мусулмон лашкарий бўлинмасини тузган.
Германиядаги илк масжид 1915 йили Берлиннинг Вунсдорф туманида очилди. 1922 йили Берлин Ислом уюшмасига асос солинди, у 1930 йили Олмон мусулмонлари идорасига айланди. 1927 йили мусулмонлар олий таълим муассасаси – Маъҳадул Ислом иш бошлади. Бу институт ҳозир Германия марказий исломий архив институти деб аталади.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг мамлакатда ишчи кучига талаб кескин ошди. Чунки уруш туфайли аҳолининг меҳнатга яроқли қисми жуда камайиб кетган, болалар, ярадор ва ногиронлар эса катта ҳажмдаги ишни бажара олмасди. 1961 йилдан бошлаб Ғарбий Германия ҳукумати хорижий ишчиларни мамлакатга таклиф этди. Туркия, Марокаш ва Тунисдан келган меҳнат муҳожирларининг аксарияти мусулмонлар эди. Икки Германия бирлашгач, Югославия, Ливан, Фаластин ва Африка мамлакатлари вакиллари ҳам ўлкада қўним топди. Маҳаллий аҳоли орасида Ислом динини қабул қилганлар кўпайди. Бугун Германияда беш миллионга яқин мусулмон яшайди.
Германия мусулмонлари асосан суннийлик мазҳабида. Мамлакатда 2500 дан ортиқ намозхона, 240 та масжид фаолият юритади. 2008 йил кузида Дуйсбургда очилган масжид нафақат Германиядаги, балки бутун Европадаги энг катта масжиддир.
Қуйи Саксония криминология тадқиқот институти (КФН) томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, мусулмон талабаларнинг аксарияти (67,8 фоиз) Қуръон қоидалари Германия қонунларидан муҳимроқ, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг деярли ярми (45,8 фоиз) ислом теократияси бошқарувнинг энг яхши шакли деган қарорга келган.
Германияда ўқувчиларнинг ота-оналари кўпроқ маслаҳат марказларига мурожаат қилмоқда, чунки уларнинг насроний фарзандлари мактабда ажралиб қолмаслик учун ислом динини қабул қилишни хоҳлайди.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Германияда мусулмон болалар сони кескин ошган. Йирик шаҳарлардаги мактабларда насроний ўқувчилар сони камайган.
Охирги саккиз йил ичида иммиграциянинг юқори даражаси туфайли мактабларда мусулмон ўсмирлар ва болалар улуши сезиларли даражада ошди. Бундан ташқари, кўплаб болалар қатъий диндор оилалардан келади: хусусан, булар кўпинча Сурия, Афғонистон ва Ироқдан келган муҳожирлардир.
Давлат хавфсизлик хизмати ходими баъзи мактаблардаги мусулмон ўғил болалар ўзини "ғарбча" тутадиган қизларга "босим ўтказишини" даъво қилмоқда. Шу билан бирга, ўқитувчиларнинг ишлари кўплиги сабабли бундай вазиятларга муносабат билдиришга вақтлари йўқ.
Германиянинг Берлин, Франкфурт ёки Эссен каби йирик шаҳарларида мусулмон ўқувчилар улуши 80 фоиздан ошган мактаблар мавжуд.
Ш.Бадиев,
Тошкент Ислом институти "Ижтимоий фанлар" кафедраси ўқитувчиси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бандадан хато содир бўлмаслиги мумкин эмас, балки содир бўлган хатоларни тузатишга интилиш — ана шу бандалик хусусиятидир. Одам боласидан хато содир бўлиши оддий ҳол. Хатоларни афв этиш эса ҳамма ҳам қила олмайдиган, охиратда шараф бўладиган хислатдир.
Европалик бир файласуф: «Оловни ҳаддан зиёд ёқиб юборма, душмандан олдин ўзингни куйдириб қўймасин», дейди.
Бир одам ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Мен сени шундай ҳақорат қиламанки, у сен билан бирга қабринггача боради», деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Сенинг ҳақоратинг қабргача мен билан эмас, балки ўзинг билан бирга боради», дедилар.
Хуллас, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу унинг ахлоқсизлигига эътибор ҳам бермадилар.
Қуръони Карим жоҳил кишилардан юз ўгириб ўтиб кетишни ва беҳуда ишлардан батамом сақланишни таълим берган ва таъкидлаган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Хизматкоримнинг хатоларини неча маротаба авф қилайин?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб қилмай жим турдилар. У яна қайта сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар куни етмиш маротаба» дедилар.
Имом Термизий ривояти.
Ҳадисдан олинадиган фойда шуки, хатоларни авф қилишнинг ҳадди белгиланган эмас. Агар ходим ҳар куни етмиш маротаба хато қилса ҳам, уни кечириш гўзал хулқ ва раҳм-шафқатнинг талабидир.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан