Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Июн, 2025   |   18 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:39
Шом
20:01
Хуфтон
21:39
Bismillah
14 Июн, 2025, 18 Зулҳижжа, 1446

Дунёга ҳеч нарсасиз келдинг, ҳамма нарсага эришиш учун ҳаракат қиласан

29.01.2025   3797   3 min.
Дунёга ҳеч нарсасиз келдинг, ҳамма нарсага эришиш учун ҳаракат қиласан

Инсон дунёга ҳеч нарсасиз келади, сўнгра ҳамма нарсага эришиш учун ҳаракат қилади... Кейин эса ҳамма нарсани қолдириб, ҳеч нарсасиз дунёдан кетади... Сўнгра у ҳамма нарса учун ҳисоб-китоб қилинади.
 

Аллоҳ таолонинг бундай деган сўзи бор: Инсонга фақат ўз қилган ҳаракатларигина мансубдир. Унинг ҳаракатлари яққол кўрсатилади. Кейин унга тўлиқ мукофот берилади(Нажм сураси, 39-41 оятлар).

Аксарият инсонлар, уларга юклатилган вазифаларни тарк этиб, Аллоҳ улар учун кафолат берган нарсалар билан машғул бўлиб қолишади.

Ҳаётингизни кўриб чиқинг, дунёвий, фоний ишлар учун қанча вақт сарфлаяпсиз? Охиратингизга зарур бўлган ишлар учун қанча вақт ажратмоқдасиз?

Аллоҳ таоло айтди: Ким дунё мукофотини хоҳласа, унга шундан берамиз. Ким охират мукофотини истаса, унга шундан берамиз. Ва биз шукр қилувчиларни албатта мукофотлаймиз(Оли Имрон сураси, 145-оят).

Аллоҳ таоло дунё неъматларини охират неъматларидан афзал кўрганларни қоралаб бундай деган: “Ким дунё мукофотини истаса, унга берамиз”.

Яъни, кимки амалларини фақат дунёвий манфаатлар учун қилса, унга дунёнинг бир қисмини берамиз, аммо охиратда унга ҳеч қандай улуш берилмайди.

Шу билан бирга, Аллоҳ таоло амалларини охират мукофоти учун қилганларни мақтаб айтади:

Ким охират мукофотини истаса, унга шундан берамиз”.

Яъни, ким охиратдаги буюк мукофотни истаса, унга шундан берамиз.

Давомида: Биз шукр қилувчиларни мукофотлаймиз, дейди.

Бу оят шукр қилувчиларга Аллоҳнинг мукофотлари ҳақида ваъда.

Ким шукр қилса, уни дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳ рози қилади ва уни неъматлар билан сийлайди

Бу оят инсонларни дунё неъматларига алданмасликка, балки охират неъматларига кўпроқ интилишга чақирган.

Аллоҳ яна бундай деган: Ким охират ҳосилини истаса, унинг ҳосилини зиёда қиламиз. Ким дунё ҳосилини истаса, унга бир қисмини берамиз, лекин охиратда унинг ҳеч қандай улуши бўлмайди (Шуро сураси, 20-оят).

Бу оятда шукр қилганларга Аллоҳнинг раҳмати ва уларни охиратда буюк мукофотлар билан сийлаши ҳақида айтилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Қиёмат кунида инсон тўрт нарса ҳақида сўралмагунча икки қадами силжимайди:

1. Умрини қандай ўтказганлиги ҳақида.
2. Танасини нималарга ишлатганлиги ҳақида.
3. Илми билан нималар қилганлиги ҳақида.
4. Молини қаердан топганлиги ва қаерга сарфлаганлиги ҳақида”.

Бу ҳадис инсоннинг ҳаётидаги ҳар бир амал ҳисоб-китоб қилиниши ҳақидаги огоҳлантиришдир.

1. Умр – инсондан, Аллоҳнинг буйруқларини қай даражада бажаргани ва тақиқларидан сақлангани сўралади.
2. Танаси – агар у Аллоҳнинг итоати йўлида ишлатилган бўлса, нажот топади, акс ҳолда, ҳалокатга учрайди.
3. Илм – инсон ўз билганига амал қилиб нажот топади, лекин илмига амал қилмаган ёки уни тарк этган одам ҳалок бўлади.
4. Мол – инсон уни ҳалол йўлда топганми ва ҳалол йўлда сарфлаганми, деб сўралади. Агар молини ҳалол йўлда топиб, ҳалол ишларга сарфлаган бўлса, нажот топади. Аммо уни ҳаром йўлларда топиб ёки сарфлаган бўлса, ҳалокатга учрайди.

Бу ҳадис ҳар бир инсонни ҳаёти ва неъматлари учун масъулиятли бўлишга чақириб, охиратга тайёргарлик кўришнинг зарурлигини уқтиради.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар

Кийим ўғирлаган тош

13.06.2025   2667   1 min.
Кийим ўғирлаган тош

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ ﷺ айтдилар:

"Албатта, Мусо (алайҳиссалом) ниҳоятда кучли ҳаё эгаси бўлиб, баданини доимо ёпиб юрадиган киши эди. У ҳаё қилгани учун ўз танасидан бирор жойини очиб юрмас эди. Бану Исроил орасида баъзи кимсалар уни камситиб: ‘У доимо ўз танасини яширади, бу – унинг бадани нуқсонли бўлгани учун шундай қилар. Балки у абрас (пес), ёки мояксиз (одар), ёки яна бирор балога учраганидандиръ, дейишди.

Аллоҳ таоло эса уларнинг бу гап-сўзларидан Мусони поклашни ирода қилди.

Бир куни Мусо алайҳиссалом чўмилгани борди. Кийимларини тош устига қўйиб, чўмилишга киришди. Сувдан чиқиб, кийимларини олиш учун тош олдига қайтганида, тош унинг кийимларини олиб қочди.

Мусо алайҳиссалом ҳассасини олди-да, тош ортидан қувди ва: "Эй тош, кийимимни қайтар! Эй тош, кийимимни қайтар!", дер эди.

У шу ҳолатда Бану Исроилнинг бир гуруҳига дуч келди. Улар Мусони кийимсиз ҳолда кўришди – Аллоҳ яратганлар ичида энг чиройли, энг соғлом бадан эгаси эканига гувоҳ бўлишди.

Аллоҳ таоло Мусони уларнинг гап-сўзларидан поклаб қўйди.

Тош тўхташи билан Мусо алайҳиссалом кийимларини олиб кийди-да, асоси билан тошни ура бошлади.

Пайғамбаримиз ﷺ айтдилар: "Аллоҳга қасамки, Мусо урган тошда уч, тўрт ёки бешта из қолди (яъни, урилган зарбалар изи қолди)."

Бу борада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бундай деди: "Эй мўминлар! Мусога озор берганлар каби бўлманглар. Бас, Аллоҳ уни айбларидан поклади. Ва у Аллоҳнинг ҳузурида обрўли зот эди" (Аҳзоб сураси, 69-оят).