Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
62 لَقَدْ أَلْبَسْتُ لِلتَّوْحِيدِ نَظْمًا بَدِيعَ الشَّكْلِ كَالسِّحْرِ الْحَلاَلِ
Маънолар таржимаси: Дарҳақиқат, тавҳидга ҳалол сеҳр каби гўзал шаклли назмни кийгаздим.
Назмий баёни:
Кийгаздим тавҳидга назм нақшинкор,
Ҳалол сеҳр каби гўзал бетакрор.
Луғатлар изоҳи:
لَ – ибтидо ва таъкид ҳарфи.
قَدْ – таҳқиқия маъносида келган.
اَلْبَسْتُ – икки мафъулли феъл. Охиридаги муттасил замир фоили.
لِ – мутааддий (ўтимли) феъл билан унинг мафъули орасига таъкидлаш маъносида киритилган зоида жор ҳарфи.
التَّوْحِيدِ – жор мажрур اَلْبَسَ феълининг биринчи мафъули.
نَظْمًا – иккинчи мафъул.
بَدِيعَ – сифат бўлгани учун насб бўлиб турибди. بَدِيعَ калимаси махлуқотларга нисбатан ишлатилганда, унинг ўхшаши бўлмаган аввал қилинган нарса тушунилади. Бу сўздан ушбу манзумага айнан ўхшаши олдин ёзилмаган, деган маъно чиқади.
الشَّكْلِ – музофун илайҳ. Шакл деганда маълум бир миқдор билан иҳота қилиниши сабабли жисмда ҳосил бўладиган қиёфа тушунилади.
كَ – "ташбеҳ" маъносидаги жор ҳарфи.
السِّحْرِ – сеҳр деганда вужудга келиши аслидан бошқача хаёл қилинадиган сабаби махфий бўладиган ишлар тушунилади. Гоҳида ажойиб тарзда адо этилган ишларга нисбатан ҳам ишлатилади.
الْحَلاَلِ – сифат. Ҳалол луғатда “ рухсат берилган” маъносига тўғри келади. Истилоҳда “уни истемол қилиш туфайли катта ё кичик бирор жазога тортиш белгиланмаган нарсаларнинг умумий номи ҳалол деб аталади”. Сеҳргарлар қиладиган ҳаром ишларга хаёл кетиб қолмаслиги учун сеҳр ҳалоллик билан сифатлаб келтирилган.
Матн шарҳи:
Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ушбу қисқа ва лўнда, лекин олам-олам маъноларни қамраб олган сўзлар билан тавҳид масалалари баён этилганига ишора қилган. Ушбу назмий асар ҳалол сеҳр каби инсонларни ўзига жалб қилиб оладиган гўзал шаклда ёзилганини айтган.
Баъзи ўринларда сеҳр сўзи мақташ маъносида хос ҳолатда қўлланилади. Масалан, ҳадиси шарифда гўзал услубда айтилган сўзларда “сеҳр” борлиги хабар берилган:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ قَدِمَ رَجُلَانِ مِنْ الْمَشْرِقِ فَخَطَبَا فَعَجِبَ النَّاسُ لِبَيَانِهِمَا فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ مِنْ الْبَيَانِ لَسِحْرًا أَوْ إِنَّ بَعْضَ الْبَيَانِ لَسِحْرٌ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Машриқдан икки киши келиб хутба қилишди, инсонлар уларнинг баёнларидан ажабланишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, баёнда сеҳр бор ёки (у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам) баъзи баёнда сеҳр бор”, –дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
Яъни фасоҳат ва балоғат билан гўзал услубда айтилган сўзлар одамларни гуё сеҳрлагандек ўзига жалб қилиб олади.
Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг ёзган байтлари ҳақиқатдан ҳам ўқиган инсонни ўзига жалб қилиб олиши билан ажралиб туради. Ушбу “Бадъул амолий” асарининг яна бир номи “Қасидатул ломия” бўлиб, бу асар мисралари лом ҳарфи билан тугалланиб ёзилгани учун ҳам “Ломлик қасида” деб номланган. Аслини олганда, ақидавий масалаларни ёзиб баён қилиш қанча машаққатли бўлса, уларни шеърий тарзда баён қилиш ундан-да машаққатлироқдир. Шеърий тарзда баён қилиб ҳам ҳар бир мисрасини лом ҳарфи билан тугаллаб ёзиш эса юқоридаги машаққатлардан ташқари ёзувчида алоҳида иқтидор бўлишини ҳам тақозо этади. Ана шундай машаққатлар натижасида юзага келган асар эса Ўший раҳматуллоҳи алайҳ айтганидек “ҳалол сеҳр каби гўзал ва бетакрор” асар бўлади.
ТАСКИН БЕРУВЧИ НАЗМ
63 يُسَلِّي الْقَلْبَ كَالْبُشْرَى بِرَوْحٍ وَيُحْيِي الرُّوحَ كَالْمَاءِ الزُّلاَلِ
Маънолар таржимаси: Севинчли хушхабардек қалбга таскин беради ва зилол сув сингари руҳни жонлантиради.
Назмий баёни:
Қалбларга завқ берар мисли хушхабар,
Зилол сув етгандек ҳаёт жонланар.
Луғатлар изоҳи:
يُسَلِّي – “таскин бериш”, “кўнглини ёзиш” маъносидаги تَسْلِيةً масдаридан олинган музориъ феъли. Фоили яширин هُوَ замир бўлиб, олдинги байтдаги نَظْمًا га қайтади.
الْقَلْبَ – қалб чап кўксдаги сановбар[1] шаклли аъзо. Баъзи уламолар бу аъзо тез ўзгариб турганидан шундай номланган деганлар. Чунки قَلْبٌ нинг луғавий маъноси “ўзгартириш”дир.
الْبُشْرَى – жор мажрур يُسَلِّي феълига мутааллиқ. Хурсандлик ё хафалик билан юзнинг ўзгаришига сабаб бўладиган хабар араб тилида “бушро” дейилади. Кўпинча хурсандчилик хабарига нисбатан ишлатилади.
بِرَوْحٍ – жор мажрур الْبُشْرَى га мутааллиқ. Луғатда “шодлик”, “хурсандчилик” маъноларини англатади.
يُحْيِي– музориъ феъли. Фоили яширин هُوَ бўлиб назмга қайтади. يُسَلِّي феълига атф.
الرُّوحَ – мафъул. Руҳ барча жонзотлардаги тириклик асосидир. Бу калима музаккар ва муаннас жинсда қўлланади.
كَالْمَاءِ– жор мажрур يُحْيِي феълига мутааллиқ.
الزُّلاَلِ – сифат. زَلَّ феъли сирпаниб кетишга нисбатан ишлатилади. Шу маънода зилол сув деганда ҳалқумдан тўхтовсиз тез сирпаниб ўтиб кетадиган мусаффо чучук сув тушунилади.
Матн шарҳи:
Ушбу ёзилган мисралар ўқувчига роҳатбахш хушхабардек тасалли беради ва ўта чанқоқ одамнинг зилол сув ичгандаги ҳолатидек инсон руҳиятини жонлантиради. Чунки бу мисраларда мусаффо эътиқод баён қилинган. Мусаффо эътиқод эса инсонга зилол сув чанқоқ одамга ҳузур бағишлаганидек роҳат бахш этади. Шу маънода ушбу баён қилинган ақидавий масалалар ҳам ўқиган кишининг қалбига тасалли бериб, унга роҳат бахш этади, руҳиятини озиқлантиради. Руҳ озиқланганда эса бутун тана роҳатланади. Бу шундай роҳатки, бошқа бирор лаззат бу роҳатга тенглаша олмайди. Чунки тана озуқалари орқали ҳосил бўладиган лаззатлар ортида машаққатлар туради. Бу роҳатнинг ортида эса англаган сайин хурсанд бўлиш ва кўнгил кўтарилиш бўлади.
Ҳа, киши қандай улуғ Зотга банда эканини англаса, бу дунёдаги қийинчилигу машаққатларнинг барчаси тезда ўтиб кетишини тушунса, қилаётган озгина ҳаракатларига қанчалар улуғ мукофотлар ваъда қилинганини ҳис этса, ўзининг нақадар фахру ифтихор қиладиган улуғ обрў-мартабада эканини англайди. Тасаввуф олимларидан бири Бишр раҳматуллоҳи алайҳ қуйидаги шеърни такрорлаб юришни яхши кўрар экан:
كَفَى بِى عِزًّا أَنِّى لَكَ عَبْدٌ وَكَفَى بِى فَخْرًا أَنَّكَ لِى رَبٌّ
“Сенинг қулинг эканим – азизликка кифоя,
Менинг Роббим эканинг – обрўларга ниҳоя”[2].
Олимлардан бири: “Дунёдаги энг тотли нарсани татиб кўрмасдан ўтиб кетган кишилар дунё аҳлининг энг бечораҳоллари ҳисобланади”, дебди. Шунда унга: “Энг тотли нарса нима”, дейишибди. У: “Аллоҳ таолони таниш дунёдаги энг тотли нарсадир”, дея жавоб берган экан.
Матнда баён қилинган мисраларнинг руҳни жонлантириши баён қилинди. Фарро раҳматуллоҳи алайҳ: “Инсоннинг тирик бўлишига сабаб бўладиган нарса руҳ деб аталади”, деган.
Луғат олимларидан Абу Бакр Анборий раҳматуллоҳи алайҳ: “Нафс ва руҳ калималари битта маънони англатади”, деган.
Баъзи уламолар: “Тирикликка сабаб бўладиган нарса руҳдир, ақлга сабаб бўладиган нарса нафсдир”, деганлар.
Руҳ ҳақида Қуръони каримда бундай хабар берилган: “Ва сендан руҳ ҳақида сўрайдилар. Сен: “Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизларга жуда оз илм берилгандир”, деб айт”[3].
Яъни руҳнинг нима экани фақатгина Аллоҳ таоло биладиган махфий нарсалардан ҳисобланади. Инсонларга бу тўғрисида оз илм берилган, шунга кўра, эшитдик, итоат қилдик, дейишдан ўзга чора йўқдир.
Имом Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий[4] “Ҳужжатуллоҳил Болиға” асарида “Руҳнинг ҳақиқати” деган алоҳида боб ажратган ва ўша бобда қўйидагиларни ёзган: “Руҳ тўғрисида идрок этиладиган нарсаларининг энг биринчиси шуки, у тирик жонзотлардаги ҳаётнинг асосидир. Жонзотларга руҳ пуфланиши сабабли тирилиб, унинг ажралиши сабабли ўладилар”[5].
Кейинги мавзу:
Ақида билмаган шайтона элдир.
[1] Сановбар – ер куррасининг шимолий қисмидаги ўрмонларда ўсадиган дарахт меваси. Кўпинча бу ўсимликдан зийнатлаш учун фойдаланилади.
[2] Ҳофиз ибн Ражаб. Шарҳу ҳадис Лаббайкаллоҳумма лаббайк. “Мактабатуш шомила”. – Б. 67.
[3] Исро сураси, 85-оят.
[4] Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий номи билан машҳур бу зотнинг исми шарифи Аҳмад ибн абдур Раҳим ибн Важиҳиддин бўлган. Ҳижрий 1114 йилда Деҳли шаҳрида туғилган. Тафсир, ҳадис, ақоид,усулул фиқҳ, тасаввуф ва луғат илмларига оид кўплабасарлар ёзиб қолдирган. Ҳижрий 1176 йилда 62 ёшида Деҳлида вафот этган.
[5] Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий. Ҳужжатуллоҳил болиға, биринчи жуз. – Қоҳира: “Дорул жийл”, 2005. – Б. 52.
Мусулмонлар Ҳунайн ғазотида ғалаба қозонишди. Ҳунайн ғазоти Шаввол ойида, ҳижратнинг саккизинчи йили, Макка фатҳидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳавозин ва Сақийф қабилалари ўртасида бўлиб ўтган эди. Жангда ғалаба қозонган мусулмонлар катта ғаниматга (ўлжага) эга бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғаниматларни қалби Исломга мойил бўлган янги мусулмонларга тақсимлаб бердилар. Қавмнинг катталари Абу Суфён, Уяйна, Ақраъ, Суҳайл ибн Амр ва бошқаларга ҳам бердилар.
Ваҳоланки, улар Қурайш мушрикларининг энг катталари бўлиб, узоқ йиллар Пайғамбаримизга қарши урушган кишилар эди. Ушбу ғаниматлар тақсимланишидан бир неча кун олдингина исломни қабул қилишган эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларга (Мадиналик саҳобаларга) ушбу ғаниматлардан ҳеч нарса бермадилар.
Ҳолбуки, улар Исломни ёйиш ва Пайғамбар алайҳиссаломни ҳимоя қилиш учун қонларини тўккан, жонларини фидо қилган кишилар эди. Бу ҳолат уларнинг қалбларига оғир ботди ва хасратланиб шундай дейишди: «Қиличларимизнинг тиғидаги душманнинг қони ҳали қотгани йўқ, аммо ғаниматлардан бошқалар баҳраманд бўлди. Бизга эса, ҳеч нарса берилмади».
Бу борада Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу келиб Пайғамбаримизга бўлаётган гаплар хақида, одамларнинг қалбидаги хафаликни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Саъд, сен бу ҳақда нима дейсан?” дедилар. Саъд: “Мен ҳам қавмим тарафидаман”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Қавмингни менинг ҳузуримга йиғ”, дедилар. Улар тўпланганларидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламжуда буюк, ниҳоятда таъсирли, қалбларни жумбушга келтирувчи, кўзларни ёшга тўлдирувчи хутба қилдилар.
У зот уларга мулойимлик ва муҳаббат билан қуйидагича мурожаат қилдилар: “Эй ансорлар! Мен сизларни гумроҳ ҳолда топмаганмидим? Аллоҳ таоло мен туфайли сизларни ҳидоят қилмадими? Сизлар тарқоқ ва пароканда эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен сабабли сизларни бирлаштирмадими? Сизлар фақир ва муҳтож эмасмидинглар, Аллоҳ таоло мен орқали сизларни бой қилмадими?”.
Ҳар сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам савол билан мурожаат қилганларида, улар: “Аллоҳ ва Унинг Расулидан миннатдормиз”, деб жавоб қайтаришарди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун менга жавоб қайтармаяпсизлар?” дедилар. Улар яна: “Аллоҳ ва Расулидан миннатдормиз!”, дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар истасангиз, сизларнинг ҳам шундай дейишга ҳаққингиз бор: “Сиз бизнинг ҳузуримизга қавмингиз томонидан инкор қилинган ҳолда келдингиз, биз эса, сизни тасдиқладик. Сиз қавмингиз томонидан ёлғончига чиқарилган эдингиз, биз сизга ишондик, имон келтирдик ва сизга ёрдам бердик. Сиз ўз юртингиздан қувилдингиз, биз эса, сизга паноҳ бердик. Сиз муҳтож ҳолда келдингиз, биз эса, Сизни ўз мол-мулкимизга шерик қилдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни айтганларида улар: Аллоҳ ва Унинг расулигина бизларга миннат қилишга ҳақли, дейишди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уларга тавозелик ва инсоф юзасидан айтган эдилар. Лекин, ҳақиқатан олганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам миннат қилишга ҳақли эдилар, улар ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Чунки агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари бўлмаганида, уларнинг орасида яшамаганларида, уларнинг бошқалардан фарқлари бўлмас эди. Ансорларнинг шаъни юксалмас эди, қадрлари кўтарилмас эди.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қараб: “Эй ансорлар! Нима деб ўйлайсизлар, бошқалар қўй ва туялар билан уйларига қайтсалар, сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйларингизга қайтишни истамайсизларми? Бундан розимасмисизлар?”-дедилар.
Бу гапнинг нақадар улуғлиги, ансорларнинг қалбига етиб боришлигини билганлари учун ҳам Расулуллоҳ уларга ғаниматдан бермаган эдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Агар ҳижрат қилмаганимда, албатта мен ансорлардан бўлар эдим, агар одамлар бир водийда юрсалар, мен ансорлар юрган йўллардан юрар эдим, ансорлар мен учун ички кийимимдек, бошқалар эса ташқи кийимимдек”, дедилар ва: “Аллоҳим ансорларга раҳматингни ёғдир, уларнинг фарзандларига ва фарзандларининг фарзандларига ҳам”, деб уларнинг ҳаққига дуо қилдилар.
Бу сўзларни тинглаган ансорларнинг кўзларидан ёшлар тўкилди, соқоллари хўл бўлди. Улар йиғлаган ҳолатда: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни биз билан бўлишларига розимиз, бизнинг ғаниматимиз, бизнинг улушимиз бўлганларидан розимиз!” — дейишди.
Шундан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни келажакда бўладиган фитналардан огоҳлантириб шундай дедилар:
“Мендан кейин сизлар ўзингизга нисбатан адолатсизликни кўрасизлар, аммо сабр қилинглар. Менинг ҳавзимда мен билан юзлашгунингизча, сабр қилинглар!”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ