Жаҳон ажойиботларидан бири Шақроф тоғ қўрғони, унинг жойлашуви шу қадар ноқулайки, унга етиб боришнинг ўзи мушкул иш. Қадимги яманликлар бу ерга қурилиш материалларини қандай олиб чиққанини тасаввур қилиш қийин.
Бу ажойиб қўрғон Яман пойтахти Санъо ғарбидаги Ҳараз ҳудудида жойлашган. Ушбу иншоот ҳатто ҳозирги замонавий техника ва ускуналари мавжуд бўлган ҳолатда ҳам қуриш жуда қийин бўлган бинолардан ҳисобланади. Чунки бу минтақанинг географик ва тоғли шароити жуда қийин.
Қадимги инсон бу ишни қандай уддалаган?
Қадимги яманликлар чекланган восита ва илғор технологияларсиз, фақат ўз ақли ва маҳоратига таяниб, Шақроф қўрғони каби муҳандислик мўъжизаларини яратишган. Бу буюк қўрғон сирлари билан Миср пирамидаларига тенг келадиган кашфиёт ҳисобланади.
Яман – цивилизациялар ўчоғи
“Яман ас-Саъид” (Бахтли Яман) деб аталган юрт турли цивилизация, дин ва маданиятларни бирлаштирган. Унинг ажойиб тарихий мероси Ғарбни илҳомлантириб, илғор яманликларнинг цивилизация, илм-фан, ихтиро, бунёдкорлик, деҳқончилик, астрономия ва денгизчиликдаги муваффақиятларини ўрганишга чорлаган.
Шақроф қўрғони инсоният иродаси ва заковатининг буюк намунаси ва у ҳалигача жуда кўп сирларни ўзида сақлаб келмоқда.
Интернет материаллари асосида
И.Аҳмедов тайёрлади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бандадан хато содир бўлмаслиги мумкин эмас, балки содир бўлган хатоларни тузатишга интилиш — ана шу бандалик хусусиятидир. Одам боласидан хато содир бўлиши оддий ҳол. Хатоларни афв этиш эса ҳамма ҳам қила олмайдиган, охиратда шараф бўладиган хислатдир.
Европалик бир файласуф: «Оловни ҳаддан зиёд ёқиб юборма, душмандан олдин ўзингни куйдириб қўймасин», дейди.
Бир одам ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Мен сени шундай ҳақорат қиламанки, у сен билан бирга қабринггача боради», деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Сенинг ҳақоратинг қабргача мен билан эмас, балки ўзинг билан бирга боради», дедилар.
Хуллас, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу унинг ахлоқсизлигига эътибор ҳам бермадилар.
Қуръони Карим жоҳил кишилардан юз ўгириб ўтиб кетишни ва беҳуда ишлардан батамом сақланишни таълим берган ва таъкидлаган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Хизматкоримнинг хатоларини неча маротаба авф қилайин?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб қилмай жим турдилар. У яна қайта сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар куни етмиш маротаба» дедилар.
Имом Термизий ривояти.
Ҳадисдан олинадиган фойда шуки, хатоларни авф қилишнинг ҳадди белгиланган эмас. Агар ходим ҳар куни етмиш маротаба хато қилса ҳам, уни кечириш гўзал хулқ ва раҳм-шафқатнинг талабидир.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан