Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июн, 2025   |   24 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:41
Bismillah
20 Июн, 2025, 24 Зулҳижжа, 1446

Ямандаги ажойиб мўжизакор иншоот!

30.01.2025   7258   1 min.
Ямандаги ажойиб мўжизакор иншоот!

Жаҳон ажойиботларидан бири Шақроф тоғ қўрғони, унинг жойлашуви шу қадар ноқулайки, унга етиб боришнинг ўзи мушкул иш. Қадимги яманликлар бу ерга қурилиш материалларини қандай олиб чиққанини тасаввур қилиш қийин.

Бу ажойиб қўрғон Яман пойтахти Санъо ғарбидаги Ҳараз ҳудудида жойлашган. Ушбу иншоот ҳатто ҳозирги замонавий техника ва ускуналари мавжуд бўлган ҳолатда ҳам қуриш жуда қийин бўлган бинолардан ҳисобланади. Чунки бу минтақанинг географик ва тоғли шароити жуда қийин.

 

Қадимги инсон бу ишни қандай уддалаган?

 

Қадимги яманликлар чекланган восита ва илғор технологияларсиз, фақат ўз ақли ва маҳоратига таяниб, Шақроф қўрғони каби муҳандислик мўъжизаларини яратишган. Бу буюк қўрғон сирлари билан Миср пирамидаларига тенг келадиган кашфиёт ҳисобланади.

 

Яман – цивилизациялар ўчоғи

 

“Яман ас-Саъид” (Бахтли Яман) деб аталган юрт турли цивилизация, дин ва маданиятларни бирлаштирган. Унинг ажойиб тарихий мероси Ғарбни илҳомлантириб, илғор яманликларнинг цивилизация, илм-фан, ихтиро, бунёдкорлик, деҳқончилик, астрономия ва денгизчиликдаги муваффақиятларини ўрганишга чорлаган.

 

Шақроф қўрғони инсоният иродаси ва заковатининг буюк намунаси ва у ҳалигача жуда кўп сирларни ўзида сақлаб келмоқда.

 

Интернет материаллари асосида

И.Аҳмедов тайёрлади.

Бошқа мақолалар

Ёлғиз қолганда ҳам Аллоҳдан ҳаё қилинг!

18.06.2025   2496   3 min.
Ёлғиз қолганда ҳам Аллоҳдан ҳаё қилинг!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё – иймондандир. Иймон жаннатдадир. Фаҳш қабоҳатдандир. Қабоҳат эса дўзахдадир” [1], деганлар.

Каъб ҳазратларининг бир гаплари бор: “Ҳамманинг олдида одамлардан уялганингиз сингари ёлғиз қолганда ҳам Аллоҳ таолодан ҳаё қилинглар”.

Бизлар омма олдида уятчан бўлганимиз қадар махфий пайтларда Аллоҳ таолодан ҳаё қилаяпмизми?! Ҳамманинг олдида бирор хато қилиб қўйгудек бўлсак, одамлар бизни гап-сўз қилишларидан қўрқиб юрганимиз каби ҳеч ким кўрмаган пайтда Аллоҳ бизни кўриб турганини ҳис қила оляпмизми?! 

Улуғлардан бири бундай дейди: “Ҳамманинг олдида қилишдан уяладиган ишини яширинча қилган одамнинг қадри йўқдир”.

Аллоҳ таолонинг наздида беқадр бўлишимиз ва одамлар орасида ҳурматимизни йўқотишимиз қай биримизга ёқади?! Мана бу мисралар жуда тўғри ёзилган:

Гар ҳаё пардаси ситилса ногоҳ,
Қўрқув ҳам солмаса иш ниҳояси,
Истаган нарсангни қилавер гумроҳ,
Бехайр ҳаётнинг шудир дояси.
Иффат тарк айласа инсонни агар,
Ортидан кетгайдир хайру ҳаловат.
Кўзларинг очиброқ солсанг-чи назар:
Пўстлоқ турар экан, новда саломат!

 Лекин ҳаё бобида уялмаслик керак бўлган амаллар ҳам борки, бу ишларни ҳикмат ва одоб ила адо этмоғимиз лозим. Улуғлардан бири: "Уч нарса борки, улардан уялма:

1. Илм излаш. Бир сўраб, бир сўрамай юрадиган бўлсанг, у ҳолда ҳеч қачон илмга эриша олмайсан.

2. Бадан касаллиги. Аллоҳ таоло сени бирорта касаллик билан синаса, ўз қобиғингга ўралиб олиб, одамлардан ажралма.

3. Камбағал яқин қариндош. Бу менинг амакимнинг ўғли ёки тоғамнинг ўғли дейишдан уялма”, дейди.

Ҳаё мартабаларининг энг юқориси банда Роббисидан ҳаё қилиши ва У Зотга осийлик қилмаслиги, ибодатларида камчиликка йўл қўймаслигидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолодан ҳаё қилса, бошни ва у қамраб олган нарсалар (кўз, қулоқ каби аъзолар)ни  сақласин, қорин ва у қамраб олган нарсалар (фарж каби аъзолар)ни эҳтиёт қилсин. Ўлим ва чиришни ёдга олсин. Охиратни истаган киши дунё зийнатларини тарк қилади, ким уларни қиладиган бўлса, Аллоҳ таолодан ҳақиқий маънода ҳаё қилган бўлади”, [2] дедилар.

Аллоҳ таоло берган неъматларини ва У Зотнинг ҳаққини адо этишда камчиликка йўл қўяётганингизни кўра олишингиз ҳаёдандир. Аллоҳ таолога итоат қилиб, Унга осийлик қилмасангиз қиёмат кунида бандага амаллари кўрсатилганида Аллоҳ таоло у бандани азоблашдан ҳаё қилади.

Ривоят қилинишича, Миср азизи (шоҳ ёки хазинабон)нинг аёли Юсуф алайҳиссаломга кўнгли тушиб бузуқ ишни қилмоқчи бўлганида, уйнинг бурчагида турган бутнинг юзини ёпиб қўяди. Шунда Юсуф алайҳиссалом: “Нима қиляпсан?” – деб сўрайди. Аёл жавобан: “Ундан ҳаё қиляпман”, дейди. Юсуф алайҳиссалом эса: “Мен Аллоҳдан ҳаё қилишга ҳақлироқман”, дейди.

 

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Термизий ривоят қилган ва “Ҳасан саҳиҳ” қарор берган.
[2]  Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти.