Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегация Иордания Ҳошимийлар подшоҳлигида бўлишди. Делегация таркибида қатор вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Даврон Махсудов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳам иштирок этди.
***
Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Иордания Олий таълим вазирлиги чет эллик талабалар билан ишлаш бўлими мудири Фадий Басим билан учрашди. Учрашувда Иорданиядаги Ўзбекистон консуллиги вакили, Мусулмонлар идораси раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари ҳам иштирок этишди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик, таълим соҳасида йўлга қўйилиши режа қилинган тажриба алмашинувлари, ўзбекистонлик талабаларнинг араб тили ва бошқа турли йўналишларда таълим олиш масалалари муҳокама этилди. Ўзбекистон ва Иордания олий таълим муассасалари битирувчилари дипломларини икки томонлама тан олиниши бўйича таклифлар берилди.
***
Делегация Ҳанафий фиқҳи факультети декани, профессор Салоҳ Абул Ҳаж билан музокаралар ўтказди. Ўзбек талабалари учун янада яхшироқ шароит яратиш, камчиликларни бартараф этишда кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.
***
Бутунжаҳон ислом илмлари университети (WISE)да Иорданияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашув ўтказилди. Унда сўзга чиққан Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида маълумот бериб, ҳозирда ислом соҳасига боғлиқ йўналишлар учун ихтисослик шифрлари ажратилгани, Иорданияда таҳсил олаётган талабалар келажакда, албатта, Ўзбекистонга қайтиб, олган билимларини улашишлари керак эканини таъкидлади. Ўзбекистонлик талабалар Иорданияда фақатгина фиқҳ йўналишида эмас, балки, ҳозирда юртимизга керакли бўлган ақида, тафсир ва ҳадис соҳаларида ҳам ўқишлари керак эканини айтиб ўтди.
***
Шунингдек, сафар давомида Иордания Ташқи ишлар, Инвестиция, Таълим, Соғликни сақлаш, Вақф ишлари бўйича вазирликлари, Савдо-саноат палатаси ва йирик компаниялари раҳбариятлари билан ҳам учрашувлар ўтказилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча Иордания вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Аҳмад Мсаллам Ал-Халаила билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
"Иорданияга ташрифимиз давомида Вақф, Ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Аҳмад Мсаллам Ал-Халаила жаноблари билан учрашдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг tеlеgrаm-каналида. – Халқларимизни умумий дин ва анъаналар боғлаб туради. Таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш, жаҳон тенденциялари бўйича мунтазам фикр алмашишни ташкил этиш, юз бераётган чақириқларни ҳал этиш бўйича илғор тажриба алмашиш имкониятларини муҳокама қилдик".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати