Шу йил 3 февраль куни Малайзия исломни англаш институти тасарруфидаги ИКИТ-ТВ телеканалида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, буюк мутафаккир алломаларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш юзасидан олиб борилаётган ишлар ва Янги Ўзбекистонда ташкил қилинган халқаро илмий тадқиқот марказлари фаолияти ҳамда ютуқлари ҳақида ҳикоя қилинувчи ҳужжатли филм намойиш этилади.
Ушбу муносабат билан Малайзия исломни англаш институти раиси Муҳаммад Нур Манути Имом Термизий, Имом Бухорий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказ раҳбарларидан иборат делегациясини қабул қилди.
Учрашувда семинар ва конференциялар ташкил этиш, ҳамда ҳамкорликда алломаларнинг илмий мероси ва қўлёзмаларни ўрганиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш каби ўзаро манфаатли келишувларга эришилди.
Имом Термизий
халқаро илмий-тадқиқот маркази
матбуот хизмати
Хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегация Иордания Ҳошимийлар подшоҳлигида бўлиб қайтишди.
Сафар давомида Дин ишлари бўйича қўмита биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Иордания Бош муфтийси доктор Аҳмад Иброҳим Ҳасан ал-Ҳасанот билан учрашув ўтказишди. Унда бугунги глобал ва тез ўзгарувчан дунёда диний соҳада ҳам бир қатор тезкор саволлар пайдо бўлаётгани, динни нотўғри тушунган шахслар, мутаассиб гуруҳлар томонидан асоссиз фатволар тарқатилаётгани, шу боис мусулмон оламидаги соғлом дунёқараш соҳиблари бўлган олимлар ўзаро ҳамкорликда ишлашлари ва долзарб саволларга ҳамкорликда жавоб беришлари кераклиги таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, икки мамлакат фатво марказлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва меморандум имзолаш, келажакда ўзаро тажрбиа алмашиш борасида келишиб олинди.
***
Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Аҳмад ал-Халойила билан бўлиб ўтган учрашувда эса Дин ишлари бўйича қўмита ва Вазирлик ўртасида ҳамкоролик ўрнатиш, икки мамлакатдаги диний соҳа ходимларининг малака ошириш марказлари ўртасида расмий алоқалар ўрнатиш, Вақф тажрибасини ўрганиш, Ўзбекистонлик мутахассислар учун қисқа муддатли ўқувларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
***
Шунингдек, ташриф асносида 2004 йилда Қирол таклифи билан тайёрланган ва эълон қилинган «Аммон ташаббуси» халқаро баёноти ҳам ўрганилди. Мазкур баёнот диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва мутаассибликка қарши курашиш каби масалаларни ўз ичига қамраб олган бўлиб, ҳозирда у таржима қилишга тақдим этилди.
***
Қирол Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази мудири доктор Абдусаттор Муҳаммад ал-Қузо билан учрашилди. Қирол ташаббуси билан 2007 йилда ташкил қилинган марказда мамлакатдаги 8.000 дан ортиқ масжид учун имом ва муаззинлар тайёрланади ва малакаси ошириб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати