Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Феврал, 2025   |   7 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:09
Қуёш
07:29
Пешин
12:42
Аср
16:04
Шом
17:49
Хуфтон
19:03
Bismillah
06 Феврал, 2025, 7 Шаъбон, 1446

Нафсни поклаш илмига эҳтиёжингиз бор

4.02.2025   1915   3 min.
Нафсни поклаш илмига эҳтиёжингиз бор

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ўзгармас ҳукмлар» нима дегани? Ҳақиқатда ҳам фиқҳда ихтилофлар кўп. Лекин шундай масалалар борки, уларга барча иттифоқ қилади, бир ҳукмга ижмоъ қилади. Бундай масалаларда тафовутни, ихтилофни қабул қилмаймиз. Уларда фақат ва фақат ягона фикр, ягона ҳукм бўлади. Фиқҳнинг устунлик сири ҳам айнан шунда: унда икки жиҳат бор. Биринчи жиҳат – фиқҳнинг универсаллиги, мослашувчанлиги бўлса, иккинчи жиҳати – кўплаб масалаларда собитлиги, ўзгармаслигидир. Агар биз мана шу мослашувчанликни ва ихтилофни буткул тарк қилсак, юқорида кўрганимиздек, катта муаммоларга дуч келамиз. Иккинчи жиҳатни, яъни собитлик ва ўзгармасликни тарк қилсак, бошқа бир муаммога дуч келамиз. Мана, таҳаллул йўналишида ўзгармас ҳукмлар деган тушунча умуман йўқ. Биринчи тоифа ҳеч қандай ихтилофни қабул қилмай, ҳамма нарсага ташаддуд билан ёндашади, ўзига мухолиф бўлганларни адашганга, кофирга чиқаради, мазҳабларни ҳам тан олмайди. Иккинчи тоифада эса савобитлар, яъни ўзгармас ҳукмлар йўқ. Аҳли сунна ўша собит ҳукмларни «ижмоъ» деб атайди, яъни ҳамма мазҳаблар бу масалаларда ижмоъ қилишган. Биз уларни четлаб ҳам ўта олмаймиз, уларда ихтилоф бўлишини қабул ҳам қилмаймиз. Бирорта қози бу каби масалада ижмоъдан ташқарида ҳукм чиқарса, унинг ҳукми ўтмайди ҳам. Қозининг ҳукми ихтилоф қилинган масалалардагина ўтади. Таҳаллулчилар наздида эса биронта собит ҳукм йўқ, шунинг учун уларда ижмоъ деган тушунча ҳам йўқ.

Масала фиқҳ илмини ўрганишнинг ҳукми ҳақида. Бу ерда муҳим бир баҳс бор. «Фиқҳни ўрганиш фарзи кифоя, баъзилар ўрганса, қолганлардан соқит бўлади», деймиз. Лекин бу ерда бир нарсага эътибор қаратиш керак: муайян ҳолатга тегишли ўринларда унинг фиқҳини ўрганиш фарзи айн бўлади, яъни ҳар бир мусулмон фиқҳдан ўзининг ҳолатига кифоя қиладиган миқдорда илм ўрганиши шарт. Масалан, таҳорат, намоз, рўза каби ибодатга оид масалаларни, никоҳ, савдо-сотиқ каби муомалот масалаларини билиш фарзи айн. Буни уламолар «Илми ҳол» (ҳолат илми) деб аташади, яъни сизга ҳозирги ҳолатингизда ўрганиш шарт бўлган илм, дегани. Шунга кўра, фарзи айн сифатида ўрганишимиз энг керак бўлган илм фиқҳ илми бўлади.

Илми ҳол фарзи айн бўлган илм сифатида юқоридаги мавзуда зикр қилинган учала илмга ҳам тааллуқлидир: ўзингизга етарли миқдорда фиқҳ илмига, ўзингизга етарли миқдорда ақоид илмига ҳамда ўзингизга етарли миқдорда тазкия ва тарбия (нафсни поклаш, тарбия қилиш) илмига эҳтиёжингиз бор. Тазкия деганда, ихлосга интилиш, масалан, ғийбат ва чақимчиликдан сақланиш кабилар тушунилади. Буларнинг ҳаммаси илми ҳолга кириб кетади. Бу учала илмдаги барча маълумотларни эмас, балки мусулмон одамга айни вақтда, шу бугун керак бўлиб турган қисмини билиш фарзи айндир.

Хўш, бу нима дегани? Аҳли сунна сифатида биз дуч келаётган энг катта муаммолардан бири мана шу илми ҳолнинг йўқолиб бораётганидир. Унга эришишнинг энг зарурий йўли эса динни ўргатишдир. Динни ўргатиш деганда, илми ҳолни ўргатиб, мусулмонлар орасида ёйишни назарда тутяпмиз. Баъзи одамларни кўрасиз, ташқи кўринишидан мусулмон, лекин шариат аҳкомларини умуман билмайди. У бошқалардан нимаси билан ажралиб туради? Албатта, солиҳ амаллари билан. Солиҳ амал эса шариатга мувофиқ бўлиши керак.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шаъбонда тутиладиган нафл рўзанинг оғиз очиш ва ёпиш вақтлари, дуолари

5.02.2025   1878   2 min.
Шаъбонда тутиладиган нафл рўзанинг оғиз очиш ва ёпиш вақтлари, дуолари

Cавол: Шаъбон ойида рўза тутишни ният қилиб турибмиз. Оғиз очиш ва ёпиш вақтлари ва дуоларини айтиб юборсангиз, илтимос.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Дарҳақиқат, кўплаб ҳадиси шарифларда шаъбон ойида нафл рўза тутишга тарғиб қилинган. Жумладан, Оиша разияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойини жуда ҳам кам (ҳолатларда) рўзасиз ўтказардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 

Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай савол бердим: “Ё Расулуллоҳ, мен (Рамазондан ташқари) бирор ойда шаъбондагидек рўза тутганингизни кўрмадим?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу шундай ойки, одамлар ражаб билан рамазон ўртасида вақт – шаъбондан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар Роббил оламийнга кўтарилади. Шундай экан, мен амалимни ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман", дедилар (Имом Насоий ривояти).

Нафл рўза тонг отгандан қуёш ботгунга қадар тутилади. Ҳаво булутли бўлмаганда кўзимиз билан ҳам тонг отиши ва қуёш ботишини била оламиз. Булутли кунларда эса  тонг отиши ёки қуёш ботишини аниқлаш қийин бўлса, намоз вақтларини кўрсатувчи тақвимдан фойдаланса ҳам бўлади. Тақвимда “Тонг” деб кўрсатилган вақт оғиз ёпишнинг охирги вақти саналади. Ўша вақтдан кейин еб-ичилса, рўза дуруст бўлмайди. Лекин саҳарликда ухлаб қолган одам ҳеч нарса еб-ичмасдан ҳам нафл рўзани ният қилиб, рўза тутиши мумкин. “Шом” деб кўрсатилган вақт эса оғиз очиш вақтидир. Ундан аввал оғиз очиб юборилса, куни бўйи тутилган рўза бузилган саналади.

Нафл рўзанинг аксар ҳукмлари фарз рўзаникига ўхшайди, фақат ниятда “Тонг отгандан токи қуёш ботгунга қадар нафл рўза тутишни ният қилдим”, дейилади. Оғиз ёпишда махсус дуо йўқ, у пайтда юқорида айтилгандек, ўзбек тилида ҳам  ният қилса, бўлади. Ифторлик (оғиз очиш) дуоси қуйидагича:

اَللَّهُمَّ لَكَ صُمْتُ وَبِكَ آمَنْتُ وَعَلَيْكَ تَوَكَّلْتُ وَعَلَى رِزْقِكَ أَفْطَرْتُ، فَاغْفِرْلِى مَا قَدَّمْتُ وَمَا أَخَّرْتُ

Ўқилиши: “Аллоҳумма лака сумту ва бика аманту ва аълайка таваккалту ва аълаа ризқика афторту, фағфирлий ма қоддамту ва маа аххорту”.

Маъноси: Аллоҳим, ушбу рўзамни Сен учун тутдим, Сенга иймон келтирдим, Сенга таваккал қилдим ва берган ризқинг билан ифтор қилдим. Менинг аввалги ва кейинги гуноҳларимни мағфират қилгил. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Фатво маркази

Мақолалар