Республикамизнинг барча ҳудудларида отинойилар ижтимоий муҳитни янада соғломлаштириш юзасидан давомли тадбирлар ўтказишмоқда.
Ўтган ҳафта давомида хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик ҳамда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича 220 та, эрта турмуш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларидан огоҳ этиш мақсадида 226 та, тўй, маърака-маросимларни ихчам, исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича 346 та, бидъат-хурофотларга қарши курашиш бўйича 260 та, ажрим ёқасида турган оилаларни яраштириш, оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича 264 та оила билан суҳбатлашилди.
Моддий-маънавий кўмакка муҳтож 130 та хонадонга озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа ҳадялар улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегация Иордания Ҳошимийлар подшоҳлигида бўлиб қайтишди.
Сафар давомида Дин ишлари бўйича қўмита биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Иордания Бош муфтийси доктор Аҳмад Иброҳим Ҳасан ал-Ҳасанот билан учрашув ўтказишди. Унда бугунги глобал ва тез ўзгарувчан дунёда диний соҳада ҳам бир қатор тезкор саволлар пайдо бўлаётгани, динни нотўғри тушунган шахслар, мутаассиб гуруҳлар томонидан асоссиз фатволар тарқатилаётгани, шу боис мусулмон оламидаги соғлом дунёқараш соҳиблари бўлган олимлар ўзаро ҳамкорликда ишлашлари ва долзарб саволларга ҳамкорликда жавоб беришлари кераклиги таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, икки мамлакат фатво марказлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш ва меморандум имзолаш, келажакда ўзаро тажрбиа алмашиш борасида келишиб олинди.
***
Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Аҳмад ал-Халойила билан бўлиб ўтган учрашувда эса Дин ишлари бўйича қўмита ва Вазирлик ўртасида ҳамкоролик ўрнатиш, икки мамлакатдаги диний соҳа ходимларининг малака ошириш марказлари ўртасида расмий алоқалар ўрнатиш, Вақф тажрибасини ўрганиш, Ўзбекистонлик мутахассислар учун қисқа муддатли ўқувларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
***
Шунингдек, ташриф асносида 2004 йилда Қирол таклифи билан тайёрланган ва эълон қилинган «Аммон ташаббуси» халқаро баёноти ҳам ўрганилди. Мазкур баёнот диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш ва мутаассибликка қарши курашиш каби масалаларни ўз ичига қамраб олган бўлиб, ҳозирда у таржима қилишга тақдим этилди.
***
Қирол Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази мудири доктор Абдусаттор Муҳаммад ал-Қузо билан учрашилди. Қирол ташаббуси билан 2007 йилда ташкил қилинган марказда мамлакатдаги 8.000 дан ортиқ масжид учун имом ва муаззинлар тайёрланади ва малакаси ошириб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати