Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакиллиги раҳбарияти Давлатобод туманида аҳоли вакиллари билан мулоқот уюштирди.
Унда бир жамиятда яшаётган инсонлар ўзаро тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшашга буюрилгани, охирги вақтларда ана шу меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат ришталарини пайдо қиладиган, уларни янада мустаҳкам бўлишига сабаб бўладиган фазилатларни кенг ёйиш жуда ҳам зарур бўлаётгани ҳаётий мисоллар асосида айтилди.
Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илмга, касб-ҳунарга тарғиб қилувчи кўрсатмалар келтирилиб, ота-она фарзандига элу юрт учун керакли бўладиган ҳунар ва фойдали илмларни ҳам ўргатиши лозимлиги эслатилди. Бу осойишта ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғулари билан яшашга эътибор қаратилди.
Шунингдек, вилоят бош имом-хатиби Мусохон домла Аббосиддинов динимиз таълимотларида ота-онага ҳурмат, комил инсон фазилати, ҳар бир ишда мўътадиллик, исрофдан сақланиш, риёкорлик, кибр иллатидан йироқ бўлиш, кўр-кўрона тақлид, зулм каби гуноҳлардан сақланишга чақирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган намунавий-амалий тадбирларнинг навбатдагиси жорий йилнинг 3 февраль куни Тошкент шаҳар Сергели туманида ўтказилди. Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов бошчилик қилди.
Тумандаги “Абдуллоҳ ибн Зубайр” масжидида ўтказилган ташкилий йиғилишга Диний идора мутахассислари, Тошкент шаҳар вакиллиги раҳбарияти, туманлар бош имом-хатиблари ҳамда отинойилари, шунингдек, тумандаги масжидлар имом-хатиблари, ноиблари, отинойилар, “Ҳаж – 2024” ҳожилари ҳамда маҳаллалар раислари таклиф қилинди.
Тадбир доирасида умумий ҳисобда 116 та оилага хонадонга кирилиб, маънавий-маърифий тарғибот ва амалий ёрдамлар амалга оширилди.
Тумандаги масжидларда пешин намозини адо қилиниб, йиғилган қавмга “Юртимиздаги бўлаётган ислоҳотлар”, “Инсон қадри учун ҳаракат – буюк фазилат!”, “Тинчлик-хотиржамлик – улуғ неъмат!”, “Шукроналик туйғуси!”, “Мазҳабга эргашиш ва ёт ғоялар таъсиридан сақланиш” каби долзарб мавзуларда маърузалар қилинди. Бунда жами 2000 нафардан ортиқ намозхон қамраб олинди.
Тадбир сўнгида туман имом-хатибларининг маънавий-маърифий ва масжид бошқарувидаги фаолиятида кузатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати