Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Март, 2025   |   15 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:17
Қуёш
06:35
Пешин
12:37
Аср
16:43
Шом
18:33
Хуфтон
19:45
Bismillah
15 Март, 2025, 15 Рамазон, 1446
Янгиликлар

100 мингта ноёб китобдан фойдаланиш имконияти яратилди

05.02.2025   11689   6 min.
100 мингта ноёб китобдан фойдаланиш имконияти яратилди

Бугун Малайзия Ислом санъати музейида икки томонлама маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ислом цивилизациясини ўрганишда илмий ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган "Маданий мерос: Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги кўприк" мавзусидаги халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. 
 

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида ташкил этилган тадбирда Малайзиянинг энг йирик "Ал-Бухорий" жамғармаси, Малайзия Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Исломни англаш институти, Малайзия Ислом маданияти институти, Ислом тафаккури ва цивилизацияси халқаро институти, Ислом фанлари университети, Халқаро ислом университети ҳамда бошқа етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбати давомида Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонда маънавий-маърифий соҳада, шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тақдим этилди. Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий марказлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар эътиборига ушбу илмий муассасалар фаолиятига бағишланган махсус ҳужжатли фильмлар намойиш этилди. Шунингдек, Малайзия илмий жамоатчилигига Ўзбекистон Президентининг "Малайзия ислом санъати музейи" китоб-альбомига ёзган сўзбошиси тақдим этилди.


Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти билан танишган давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон Президентининг ушбу марказни ташкил этиш ташаббусини юқори баҳоладилар. Олимлар мазкур лойиҳа ёшларни маърифатпарварлик руҳида тарбиялаш ва тинчликсевар ислом қадриятларини тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Тадбир доирасида махсус декларация ҳам қабул қилинди. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси марказида халқаро олимлар ва тадқиқотчиларнинг ишлаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилди. Ушбу муҳим қадам ислом мероси йўналишидаги етакчи мутахассислар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Марказ музейини бойитиш, шунингдек, Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган.


Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти (Малайзия) Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан ўзаро англашув меморандумини имзолади. Давра суҳбатининг асосий қарорларидан бири икки мамлакатнинг ислом цивилизациясини ўрганишга ихтисослашган етакчи тадқиқотчилари ва экспертларини бирлаштирадиган қўшма Ўзбекистон-Малайзия илмий жамиятини ташкил этиш бўлди.
 

Ташкилотга Ўзбекистон томонидан Ислом цивилизацияси маркази, Малайзия томонидан эса Ислом тафаккури ва цивилизацияси халқаро институти раҳбарлик қилади. Экспертлар кенгашининг биринчи йиғилиши Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши арафасида бўлиб ўтади. Жамиятнинг асосий вазифаларига қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш ва нашрлар, таълим ва маданий ташаббусларни ташкил этиш, академик тажриба ва ресурслар алмашиш, шунингдек, ислом мероси масалалари бўйича халқаро мулоқотни ривожлантириш киради. Жамиятнинг кординаторлари этиб Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори – доктор Фирдавс Абдухолиқов ва Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти директори – доктор Абдулазиз Бергут сайланди.

Ўзбекистон Президентининг ислом маданиятини асраб-авайлаш ва буюк алломалар меросини ўрганишга қўшган ҳиссасини қўллаб-қувватлаш мақсадида Малайзия томони ўзбекистонлик тадқиқотчиларга 100 000 дан ортиқ қўлёзма ва нодир нашрлардан электрон фойдаланиш имконини берувчи махсус сертификат тақдим этди. Малайзия Ислом тафаккури ва цивилизацияси халқаро институти кутубхонасининг сертификати ва рақамли калити Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорига тантанали равишда топширилди. Шунингдек, Имом Мотуридий, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларига ҳам рухсат берилди.

Давра суҳбати давомида Ўзбекистон томони икки томонлама илмий, таълим ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан, Малайзия Ислом тафаккури ва цивилизацияси институти ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро марказлар ўртасида радикализмнинг олдини олиш бўйича махсус дастур доирасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш таклиф этилди. Маданият соҳасидаги ташаббуслар Малайзия Ислом санъати музейида Ўзбекистоннинг тарихий ёдгорликлари ва топилмаларига бағишланган фотокўргазма ташкил этишни, шунингдек, мамлакатнинг тарихий-маданий мероси билан танишиш мақсадида Малайзиянинг диний ва таълим ташкилотлари вакиллари, журналистлар ва жамоат арбоблари учун Ўзбекистон бўйлаб медиатур ўтказишни ўз ичига олади. Таълим соҳасида малайзиялик олимларни Имом Бухорий ва Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендиялар дастурларига жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Малайзия халқаро ислом университети ўртасида қўшма таълим дастурини ишлаб чиқиш, жумладан, Visiting Professor дастури бўйича ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг Малайзия олий ўқув юртларида иштирокини таъминлаш таклиф қилинди. Илмий соҳада Малайзия Ислом маданияти институти ва Имом Бухорий номидаги марказ ўртасида мусулмон олимларининг тиббиёт соҳасидаги илмий меросини ўрганиш ва қайта тиклаш ҳамда Имом Бухорий меросини тадқиқ этиш таклиф этилди. Бундан ташқари, маънавий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида малайзиялик диндорларга Ўзбекистондаги Имом Бухорий, Имом Термизий ва Баҳоуддин Нақшбанд билан боғлиқ муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконини берувчи "Умра плюс" махсус зиёрат дастурини ишга тушириш таклиф этилди.
 

Тадбир доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) ҳамда Ўзбекистон илмий марказлари томонидан нашр этилган китоблар ва факсимиле нашрларнинг ноёб кўргазмаси ҳам ташкил этилди. Тақдим этилган нашрлар давра суҳбати иштирокчиларининг чуқур қизиқишини уйғотди. Илмий ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш рамзи сифатида китоблар тўплами Малайзиянинг ҳамкор ташкилотлари кутубхоналарига, жумладан, Халқаро ислом тафаккури ва цивилизацияси институти, Малайзия Ислом маданияти институти ва бошқа муассасаларга совға қилинди. 


Давра суҳбати якунида иштирокчилар Малайзия Ислом санъати музейидаги ўзбек маданий мероси экспозициясини зиёрат қилишди. Тадбир меҳмонлари Ўзбекистоннинг бой меросини акс эттирувчи ноёб тарихий ашёлар билан танишиб, музейнинг доимий экспозициясини ҳам кўздан кечиришди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WОSCU) томонидан нашр этилган "Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида" туркумининг 58-жилди айнан Малайзия Ислом санъати музейи тўпламларига бағишланган. 

Ислом цивилизацияси маркази
Ахборот хизмати


 

100 мингта ноёб китобдан фойдаланиш имконияти яратилди 100 мингта ноёб китобдан фойдаланиш имконияти яратилди 100 мингта ноёб китобдан фойдаланиш имконияти яратилди 100 мингта ноёб китобдан фойдаланиш имконияти яратилди 100 мингта ноёб китобдан фойдаланиш имконияти яратилди
Бошқа мақолалар

Қуръон ўқувчининг фазилатлари

14.03.2025   2858   9 min.
Қуръон ўқувчининг фазилатлари

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир” (Имом Табароний ривояти).

Анна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. Улар кимлар, деб сўрашди. У зот алайҳиссалом “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, деб жавоб бердилар (Имом Ибн Можа ривояти).

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади” (Имом Абу Нуайм ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” (Имом Абу Аъло, Имом Табароний ривояти).

Қуръони карим зиё, ойдинлик сочган бир нурдир. Қуръони каримни ёд олиш мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Яъни, бир шаҳарда Қуръони каримни ёд олмаган ҳофиз инсон бўлмаса, шаҳар халқининг барчаси гуноҳкор бўлади. Бир ёки бир неча инсоннинг Қуръонни ёд олиши билан уларнинг устидаги фарз соқит бўлади.

Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳузурига келди. Мавлоно унга катта ҳурмат кўрсатиб, ўрнидан турди ва юқорига чиқиб ўтиришини илтимос қилди: “Меҳмонни қандай иззат-ҳурмат билан кутиб, уни уй тўрига ўтқазиш лозим бўлганидек, Қуръони карим қориларини ҳам худди шундай иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, энг юқорига таклиф қилиш лозимдир. Қалбида Қуръони карим нури бўлган инсон жаҳаннам юзини кўрмас! Бир қоғоз парчасига Қуръони карим ояти ёзилган бўлса, унга ҳурмат кўрсатиб, уни оловга отмаслар, бунга Қуръони карим ёзилган дерлар. Қалбида Қуръони карим нури бўлган, бутун бир Қуръони каримни ўзига жо қилган бўлса, уни қандай қилиб, жаҳаннамга отишади?” деди.

Қуръони каримни қалбига ва ҳофизасига нақш этган илк инсон Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Улардан кейин тўрт буюк халифа ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али розияллоҳу анҳумдир. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Абу Зарр Ғифорий, Абу Дардо, ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳум каби саҳобийлар Қуръонни ёд олишган.

Имом Бухорий, Ибн Сино, Амур Темур каби улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз Қуръони каримни жуда ёшликларидаёқ ёд олганлар.

Ҳофиз фақат Қуръони карим лафзини ҳофизасига олиб, ёдлаган бўлиши эмас, балки унинг маъносини қалбига жо қилган, ҳукмларини муҳофаза этган, уни яхши кўрган, буйруқларига итоат этиб, қайтариқларидан қайтган бўлиши керак. Қуръонни унутган, Қуръонга амал этмасдан, дунёнинг зеб-зийнатларига алданган инсонни Қуръон ҳам унутади ва Маҳшар куни унга жуда оғир бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг энг шарафлиси Қуръони каримни ёд олганлардир”, деганлар.

Ҳазрат Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръони карим аҳли (яъни, уни ўқиган ва унга амал қилган инсонлар) жаннатга кириши билан “Ўқи ва юксал!” дейилади. У эса ўқиб, юксалади. Ҳар оят учун бир даража берилади. Шу усулда у билган оятларини охиригача ўқийди (ва ҳар бири учун бир даража юксалади)”, деганлар.

Муоз ибн Жуҳайний розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қуръони каримни ёдлаб, унга амал қилса, қиёмат кунида унинг ота ва онасига бир тож кийдирилади. У тожнинг зиёси дунёда уйлардаги қуёш нуридан ҳам порлоқ”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган пайтда фаришта унинг икки кўзи орасидан ўпади. Яъни, ўқувчига ҳурмат ва ўқиганига таъзим учун фаришталар Одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир”, деган (“Иҳёу улумид дин”дан).

﴿إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ﴾

«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукур қилувчидир» (Фотир сурасии, 29-30).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу Китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг даражасини кўтаради ва баъзи қавмларнинг даражасини туширади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон ўқинглар, зеро у қиёмат кунида ўз эгалари учун шафоатчи бўлиб келади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат икки нарсада ҳасад (ҳавас маъносида) қилиш жоиз: Аллоҳ унга Қуръонни ато қилган бўлиб, кечаю кундуз унинг тиловати билан машғул бўладиган кишига ва Аллоҳ таоло унга мол дунё ато қилган бўлиб, кечаю кундуз уни инфоқ қиладиган кишига”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман . Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганлари ривоят қилинади: “Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қалбида Қуръондан ҳеч нарса бўлмаган инсон хароба уй кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қуръон ўқинглар зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олган қалбни азобламайди. Албатта, бу Қуръон Аллоҳ таолонинг зиёфатидир. Ким унга ташриф буюрса, омонда бўлади. Кимки Қуръонни яхши кўрса, бас, у қувонсин”, дедилар (Имом Доримий ривояти).

Абдулҳамид ибн Ҳаммоний айтадилар: “Мен Суфён Саврийдан: “Сиз учун ғазот қиладиган киши суюклими ёки Қуръон ўқийдиган кишими?”, деб сўрадим. Шунда у зот: “Қуръон ўқийдиган киши. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатганларингиздир”, деб жавоб бердилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон (қироати)га моҳир киши итоаткор улуғ фаришталар биландир. Қуръонни тиловат қилиб (тили) дудуқланган ва бу унга машаққат бўлган киши учун икки ажр бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Қуръони карим тунлари бедор бўлиб қироат қилиб чиққан кишини Қиёмат кунида шафоат қилади. Бу ҳақда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Қуръон ва рўза Қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен (бандангни) кундузлари таом ва ўзи қаттиқ хоҳлаб турган нарсалардан тўсдим, мени унга шафоатчи қилгин”, деб айтади. Қуръон: “Роббим, мен уни тунлари уйқудан қўйдим, мени унга шафоатчи қилгин”, дейди ва иккиси бандани шафоат қилади”.