Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Феврал, 2025   |   9 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:07
Қуёш
07:27
Пешин
12:42
Аср
16:06
Шом
17:51
Хуфтон
19:06
Bismillah
08 Феврал, 2025, 9 Шаъбон, 1446
Янгиликлар

Янги тайинланган раҳбар ходимлар билан учрашув

8.02.2025   1366   1 min.
Янги тайинланган раҳбар ходимлар билан учрашув

Шу йилнинг 6 феврал куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўрта махсус диний таълим муассасаларининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича янги тайинланган мудир (директор) ўринбосарлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, раис ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳамда Таълим ва илмий-тадқиқот, Кадрлар ва Ички назорат бўлимларидан вакиллар иштирок этди. 

Тадбирда янги тайинланган ходимлар ҳам таништирилиб, таълим муассасаларида маънавий-маърифий йўналиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар муҳокама қилинди.

Янги раҳбар ходимларга керакли тавсиялар берилиб, хусусан, ёшларнинг ахлоқий ва маънавий тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш, уларга миллий ва диний қадриятларимизни сингдириш, замонавий таълим усулларидан самарали фойдаланиш масалалари эслатиб ўтилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Янги тайинланган раҳбар ходимлар билан учрашув Янги тайинланган раҳбар ходимлар билан учрашув Янги тайинланган раҳбар ходимлар билан учрашув Янги тайинланган раҳбар ходимлар билан учрашув Янги тайинланган раҳбар ходимлар билан учрашув Янги тайинланган раҳбар ходимлар билан учрашув Янги тайинланган раҳбар ходимлар билан учрашув Янги тайинланган раҳбар ходимлар билан учрашув
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Фаросат соҳиблари саодатлидир

7.02.2025   6333   5 min.
Фаросат соҳиблари саодатлидир

Кишининг маърифати юксалгани сари ундаги фаросат нури ҳам кучайиб бораверади. Фаросат – кишида тез ва тўғри фаҳмлай олиш қобилияти, заковат, диддир.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинглар. Чунки у Аллоҳнинг нури ила қарайди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).


Уламоларимиз ушбу ҳадисни шарҳлаб: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг” яъни маъсиятларнинг ошкорасидан ҳам, махфийсидан ҳам сақланинглар. Эҳтимол, мўмин киши қилаётган гуноҳларингизни басират кўзи ила кўриб турар, натижада унинг олдида изза бўласизлар. Чунки комил мўмин сизлар яшираётган нарсага Аллоҳ таоло ато этган қалб кўзи билан назар солади ва ҳақиқатни ҳис этади”, дейишган.


“Туҳфатул олий” китобида фаросат уч хил – иймоний, риёзий ва халқий бўлиши таъкидланган.


Иймоний фаросат – банда қалбига Аллоҳ таоло солган нуридир. Ушбу фаросат иймон қувватига кўра турлича бўлиб, иймон қанчалик кучли бўлса, фаросат ҳам шунча ўткир бўлади. Уламолар бунга мисол қилиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳаётида содир бўлган воқеани келтирадилар.


Бир киши ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келаётиб, йўлда бир номаҳрам аёлга қараб қўйди. Ҳазрат Усмон:

– Бирингиз кўзларидаги гуноҳ асорати билан кириб келмоқда, – деди. Ҳалиги киши ҳайрат-ла:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳам ваҳий борми?! – дея ғалати аҳволга тушиб қолди. Усмон розияллоҳу анҳу:

– Йўқ, лекин содиқ фаросат бор, – дедилар.


Риёзий фаросат – тўйиб таом емаслик, бедорлик ва ақлий машғулотлар билан кўп шуғулланиш орқали ҳосил бўлиб, нарсаларнинг ҳақиқатини англаш тўғрисидаги маълум бир тушунча юзага келади. Ушбу фаросат фақат мўмин кишига хос эмас, балки мазкур риёзатларни чеккан бошқа инсонларда ҳам бўлиши мумкин. Чунки бу фаросат иймонга ҳам, валийликка ҳам далолат қилмайди. Шунингдек, фақат хақиқатни ҳам, тўғри йўлни ҳам кўрсатиб бермайди.


Халқий фаросат – Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозо қилган нарсалардан хулоса чиқариш истеъдоди.


Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари шогирдларига дарс бериб турганида мажлисга бир йигит кириб келади-да, илтифотсизлик билан: Мўминнинг фаросатидан қўрқинг. Чунки у Аллоҳнинг нури билан қарайди”, деган ҳадиснинг мазмунини сўрайди. Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари унга: “Бу ҳадиснинг маъноси шуки, бўйнингдаги хочни ечгайсан”, дейди. У хочи борлигини инкор қилди. Шунда устознинг ишораси билан шогирдлар унинг тўнини ечишганда, хочи кўриниб қолади ва сири фош бўлади. У мазкур ҳадиснинг исботини кўргани боис иймонга келиб, Исломни қабул қилади.


Имом Шофеъий ва Имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳумаллоҳ Масжиди Ҳарамда ўтиришса, бир нотаниш киши масжидга кириб келди. Шунда Имом Муҳаммад унинг юриши ва ўзини тутишига қараб: “Бу одам дурадгор бўлса керак”, деди. Имом Шофеъий эса: “Менимча, бу одам темирчи-ёв”, деди. Шунда ўша одамни ўзидан сўралган эди: “Мен аввал темирчи эдим, айни пайтда дурадгорлик қилмоқдаман”, деб жавоб беради (“Рисолатул Қушайрия”). Яъни, ҳар икки олим ҳам фаросатларининг ўткирлигидан нотаниш кишининг касбини аниқ топа олишган.


Шунингдек, улуғларнинг мақоми ва эҳтиромини ўз ўрнига қўя олиш ҳам кишининг фаросатидан саналади. Масалан, бир киши Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан: “Сиз каттамисиз ёки Расулуллоҳми?” деб сўради. Шунда у зот: “У зот мендан катталар, лекин мен у зотдан аввалроқ туғилганман”, – деб жавоб берган.


Киши суҳбатдошига малол келмайдиган тарзда таълим бериши ҳам фаросатдир. Масалан, бир киши Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳнинг олдида акса урди ва суннатга мувофиқ ҳамд айтмади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак одоб билан ўша одамдан савол сўровчи талабадек: “Тақсир, киши акса урганда суннатга кўра нима дейди?” деб сўради. Ҳалиги одам: “Алҳамдулиллаҳ”, деди. Шунда у зот: “Ярҳамукаллоҳ” дея жавоб қайтарди.


Фаросатни зиёда қилиш учун ҳар ишда динимизга амал қилиш зарур. Ибн Шужоъ Кирмоний раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Ким зоҳирини суннатга эргашиш билан, ботинини Аллоҳнинг муроқабаси (назоратини ёдда сақлаши) билан обод қилса, кўзини ҳаромдан тўсса, нафсини ортиқча истакларидан тийса, ҳалол луқмага одатланса, фаросати ўткирлашади” (“Ҳилятул авлиё”).


Бугунги кунда фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига, уларнинг юксак фаросат соҳиблари бўлиб камол топишларига ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор қаратишимиз даркор. Бунинг учун, аввало, ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам китоб мутолаасига одатланишимиз, илм-маърифат эгаллаш ҳаракатида бўлишимиз лозим. Зеро, Имом Абу Ҳомид Ғаззолий: “Илмнинг кўпайиши, маърифатнинг кенгайиши – тафаккур мевасидир”, деган.

Ғуломиддин ХОЛБОЕВ,

ЎзМИ Фатво маркази директор ўринбосари

"Ҳидоят" журнали 2-сонидан.