Бухоро шаҳридаги Ёшлар маркази мажмуасида Бухоро вилоятидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Азизбек Қаландаров, Дин ишлари бўйича қўмита бош мутахассиси Зулҳайдар Султонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Муҳаммадамин Насриев, Бухоро вилояти бош имом-хатиби, Мир Араб олий мадрасаси ректори Жобир Элов иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар таълим тизимидаги долзарб масалалар, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, ижтимоий тармоқдан тўғри фойдаланиш аҳоли ўртасида маънавий-маърифий муҳитни соғломлаштириш масалаларида нутқ сўзлади.
Айтиб ўтилган мавзулар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, тавсия ва таклифлар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Савол: Аллоҳ таоло осмонда, Аршнинг устида деб эътиқод қилиш жоизми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, Аллоҳ таоло осмонда ёки Аршнинг устида, дейиш ёки бирор жойда ўрнашган, деб эътиқод қилиш мутлақо жоиз эмас. Зеро, осмонни ҳам, Аршни ҳам, маконни ҳам, замонни ҳам У зотнинг Ўзи яратган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар:
“Азалда биргина Аллоҳ таоло бор эди, ундан бошқа ҳеч нарса йўқ эди” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло замон ва маконларни, шунингдек Аршни яратмасидан олдин ҳам бор эди. Уларни яратганидан сўнг азалда қандай мавжуд бўлса, ҳозир ҳам худди шундай мавжуддир ва то абад шундай қолажак.
Зеро, у ўз зотида ўзгаришни қабул қилмайди. Чунки ўзгарган нарса илоҳликка лойиқ бўлмайди.
Шунинг учун ҳам биз аҳли сунна айтамизки:
“Аллоҳ таоло ҳеч бир макон ва замонларсиз мавжуддир. Маконга жойлашиш Аллоҳ таоло яратган нарсаларнинг сифати ҳисобланади. Яъни, ҳар бир яралмиш борки, катта ёки кичик ўрин эгаллайди. Аллоҳ таоло эса бундан пок ва олийдир”.
Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.