Албатта, Навоий меросининг қирралари ва уфқлари ғоятда кенг. Аммо асосий жиҳати бу зот мусулмон мутафаккири бўлиб, ўз борлиғини ва ҳақиқатини мана шунда кўрганлигидир. Ислом ҳақиқатлари унинг бутун меросига мазмунига сингдириб юборилганидан ташқари, бевосита дин илмларига бағишланган асарлари ҳам етарлича. Жумладан, қирқ ҳадис шарҳига бағишланган “Арбаъин” рисоласи ҳам шулар жумласидандир. Ўтмишда кўплаб олимлар қирқ ҳадис битиш ва уни шарҳлашга катта эътибор қаратишган ва бу иш анъанага айланган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган айрим ҳадисларнинг бирида шундай дейилади:
“Ким умматим учун уларнинг дини борасидаги қирқ ҳадисни сақлаб етказса, Аллоҳ уни қиёмат кунида фақиҳ ва олим қилиб тирилтиради” (Имом Дорақутний ва бошқалар Муъоз ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилган) (Суютий. Жамъ ал-жавомеъ. 21368-рақам).
Таъкидланидек, Абдураҳмон Жомийнинг “Чиҳил ҳадис” (Қирқ ҳадис)ини Алишер Навоий туркийга таржима қилган. Шоирнинг нияти, асар муқаддимасида таъкидланганидек, “форсийдонлар идрок айлаган” қирқ ҳадис моҳиятидан туркийзабонларни ҳам баҳраманд қилиш эди. Бу ҳадисларни шеърга солишда эса барча шоирлар уларнинг осон тушунилишини, ёдда сақланилишини ҳам назарда тутганлар:
Форсийдонлар айлабон идрок,
Орий (холи) эрди бу нафъдин атрок (турклар).
Истадимки, бу халқ ҳам бори
Бўлмағайлар бу нафъдин орий.
Навоий ўз асарини ҳадиси шарифнинг барча учун бўлган улкан аҳамияти ҳақидаги қуйидаги гўзал байт ва маънолар билан бошлайди:
Ҳамд ангаким, каломи хайрмаол
Қилди элга расулидин ирсол.
Ул расулеки, ҳам каломи фасиҳ
Элга тегурди, ҳам ҳадиси саҳиҳ,
То улус жаҳлдин халос бўлуб,
Илм хилватгаҳига хос бўлуб,
Чун тамуғдин (дўзахдан) нажот топқайлар,
Учмақ (жаннат) ичра ҳаёт топқайлар.
Жалла зикруҳ зиҳе илоҳи рафиъ,
Азза кадруҳ зиҳе расули шафиъ.
Ана шу ҳадислар орасида Имом Термизийнинг “Сунан” асарида келтирилган бир қатор ҳадислар ҳам ўрин олганлиги диққатга сазовор. Жумладан, унинг илк ҳадиси шундай бошланади:
“Ло юъмину аҳадукум ҳатта йуҳиббу ли-ахиҳи мо юҳиббу ли-нафсиҳи”.
“Сизлардан ҳеч бирингиз токи ўзи учун яхши кўрган нарсасини биродари учун ҳам яхши кўрмагунича мўмин бўлмас”.
Ушбу ҳадисни Имом Бухорий, Муслим, Насаий, Ибн Можа, Доримий ва бошқалар билан бир қаторда Имом Термизий ҳам ривоят қилган бўлиб, саҳоба Анас розияллоҳу анҳудан нақл этган ушбу ҳадис ҳақида ўзининг “Сунан”ида (2515-рақам) дейди: “Бу саҳиҳ ҳадисдир”.
Алишер Навоий ушбу улуғ ҳадисни шундай шарҳлайди:
Мўъмин эрмастур, улки иймондин
Рўзгорида юз сафо кўргай,
Токи қардошига раво кўрмас –
Ҳар неким ўзига раво кўргай.
Иккинчи ҳадис ҳам бошқа ишончли манбалар қатори Имом Термизий “Сунан”идан жой олган ва уни саҳоба Муъоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган (2521-рақам):
Ман аъто лиллаҳи ва манъа лиллаҳи ва аҳабба лиллаҳи ва абғаза лиллаҳи фақадистакмала ийманаҳу.
“Ким Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун манъ қилса, Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрса, дарҳақиқат, иймонини камолга етказибди”.
Имом Термизий ривоятида: “Аллоҳ учун никоҳланса...” деган зиёда ҳам бор. Навоий келтирган айни лафз эса Имом Абу Довуд “Сунан”ида учрайди ва Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган (Суютий. Жамъ ал-жавомеъ, 20166-рақам).
Демак, киши олди-берди, яхши ва ёмон кўриш масалаларида ўз ҳавойи нафсига маъқул бўлган йўлдан бориб, уни ўлчов қилиб олиши кишини адаштиради, аксинча бу борада Ҳақнинг ҳақиқат мезонини ўлчов қилганда ютуққа эришади, иймони ўшанда камолотга етган ҳисобланади. Шулардан келиб чиқиб, Навоий дейди:
Кимгаким ҳуббу буғзу манъу ато
Ҳақ учун бўлди жазм бил они,
Ким эрур тенгри лутфидин комил
Аҳли имон қошида иймони.
Учинчи ҳадис ҳам Имом Термизий “Сунан”ида мавжуд бўлиб, саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган (2627-рақам):
ал-Муслиму ман салимал-муслимуна мин ядиҳи ва лисониҳи.
“Мусулмон – қўли ва тилидан мусулмонлар саломат бўлган кишидир”. Ҳадиснинг давомида дейилади: “вал-Мўъмин ман аминаҳун-нас мин ъала димаиҳим ва амвалиҳим” – “Мўмин эса одамлар ундан қонлари ва молу дунёлари борасида эмин бўлган кишидир”.
Ушбу ҳадисдан келиб чиқадики, мўмин-мусулмонлик фақат даъво қилиш билан бўлмайди, балки унинг самараси ҳам лозим бўлиб, бу унинг нечоғлик камолот етганига боғлиқ. Ушбу дастлабки уч ҳадисда айнан шунга урғу берилгани иймон ва Ислом кишида фақат расм-русум сифатида қолиб кетмасдан, балки унинг ҳақиқати кишида намоён бўлиши, шунда аввало ўзи, қолаверса бошқалар ҳам бу иймонидан баҳра топишига эътибор қаратилмоқда. Зеро, киши биргина калима билан мўмин-мусулмон бўлиши мумкин, аммо унинг ҳаққини бутун умри давомида адо этишга доим уриниши лозим. Жумладан, биринчи уч ҳадиси шарифда келган маъноларга кўра, ўзига раво кўрганни бировга раво кўриши, олди-берди, яхши ва ёмон кўриш масаласида нафс хоҳишига эмас, ҳақиқатга эргашиши, одамлардан қўли ва тили билан етадиган озорларини тийиши шулар жумласидандир. Ҳатто Навоий учинчи ҳадис шарҳида дейди:
Ким мусулмонлиғ айласа даъво,
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмондурурки, солимдур.
Тилию илгидин мусулмонлар.
Демак, киши ҳатто жонини фидо қилгудай бўлса ҳам одамларга озор берувчи ва тажовуз қилувчи бўлса, иймон камолотидан маҳрум бўлиши мумкин. Чунки бошқа ҳадисларда келганидек, одамлар орасидаги ҳақлар қиёматда кечилмайди ва зулм кўрган кишига зулм қилганнинг савоб амалларидан олиб берилади ёки зулм кўрганнинг гуноҳларидан олиниб, зулм қилганнинг бўйнига қўйилади. Натижада ҳасрати улкан бўлади.
Эътиборли жиҳати, Навоий ушбу ҳадисларнинг ишончлилигига ҳам урғу бериб, дейди:
Ўқуғонда Бухорию Муслим
Қирқ сўз борча шубҳадин солим.
Яъни бу қирқ ҳадис Имом Бухорий ва Муслим ҳамда шу каби улуғ Имомларнинг мўътабар ҳадис манбаларидан териб олинганки, улар шубҳалардан саломатдир. Шунинг учун:
Бу кун ўлса ҳадисларга мутиъ,
Тонгла бўлғай муҳаддис анга шафиъ.
Яъни инсон бундай улуғ сўзлардаги етук ва асл маъноларга бу дунёдаги тириклигида астойдил итоат этмоғи керакки, шоядки бунинг сабабидан эртага қиёмат кунида уларни айтувчи киши – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шафоатларига муяссар бўлса ва икки дунё ғамидан нажот топса.
Бу ривоятларда келган маънолар инсон ҳаёти учун асосий қадрият ва ўлчовлар сифатида шаклланиши қанчалик муҳимлиги кўриниб турибди. Навоий бобомизнинг буларни назмга солишлари эса уни бизга янада яқинроқ қилишга хизмат қилади ва маъноларни теранроқ англашимизга сабаб бўлади.
Фойдаланилган манбалар:
Абу Исо Муҳаммад ибн Исо Термизий. ал-Жомеъ ал-кабир. VI. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий, 1998. Биринчи нашр.
Жалолиддин Абулфазл Абдураҳмон ибн Абу Бакр Суютий Қоҳирий. Жамъ ал-жавомиъ ал-маъруф би-жамиъ ал-кабир. XXIV. – Азҳар: Дор ас-саъода лит-тибаъа, 2005. Янги нашр.
Алишер Навоий. Арбаъин. Матнни нашрга тайёрловчи Суйима Ғаниева. – Тошкент: Фан, 2000. – 32 б.
Жўрабек Чўтматов,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази
катта илмий ходими (PhD)
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
ФИТР САДАҚАСИ НИМА УЧУН БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси – рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа. У Рамазон ойида беҳуда гап-сўзлар, қилинган хато ва камчиликларни ювиш ҳамда камбағал, мискинлар, етим ва бечораларнинг очликларини кетказиш мақсадида жорий қилинган.
Имом Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фитр садақаси – саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлганда, саҳв саждаси билан намоз тўғрилангандек, фитр садақаси ҳам рўзанинг камчиликларини тўлдиради”.
Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб амал ҳисобланади.
ҚАЧОН БЕРИЛИШИ КЕРАК?
Фитр садақасини рамазон ҳайити куни тонг отгандан яъни бомдод намозининг вақти киргандан бошлаб ҳайит намозига чиқишдан олдинги вақтга қадар бериш вожиб. Рамазон ойи бошланиши билан берилса ҳам бўлади.
Аммо ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Агарда киши фитр садақасини ҳайит намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради, лекин савоби рамазон ойида берганчалик бўлмайди, аммо бериши шарт. Яъни уни беролмай қолган киши зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлиб қолаверади.
КИМЛАР БЕРИШИ КЕРАК?
Хур, нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлган (фитр садақасининг нисобида молнинг ўсувчи бўлиши эътиборга олинмайди) мусулмон эркак ва аёлнинг зиммасига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Нисоб миқдоридаги мулкка эга киши балоғатга етмаган болалари номидан фитр садақасини бериши вожиб.
Киши аёли ва балоғатга етган фарзандлари учун фитр садақасини бериши вожиб эмас, балки уларнинг ўзлари бериши мақсадга мувофиқ саналади. Аммо балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.
Ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам отаси фитр садақа бериши вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун эса вожиб бўлмайди.
КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?
Фитр садақаси мусулмон камбағал-мискинларга берилади. “Фатавои Ҳиндия” китобида келтирилишича, фитрни беришда энг афзали, аввало, (камбағал) ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.
КИМЛАРГА БЕРИЛМАЙДИ?
Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.
Шунингдек, ғайридинга, фосиққа, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.
Фитр садақасини муҳтожларнинг қўлларига қийматини бериш жоиз. Бу пуллар масжид қурилиши, умумий хайрия ишлари учун берилиши мумкин эмас.
РЎЗА ТУТМАГАНЛАР ҲАМ ФИТР САДАҚАСИНИ БЕРАДИМИ?
Бирор узр сабабли рўза тута олмаганлар ҳам ўзлари ёки улар номидан нафақа бериши керак бўлган одам фитр садақасини бериши керак.
ФИТР САДАҚАСИ ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРИЛАДИ?
Фитр садақасининг миқдори қуйидагича белгиланди:
2 кг буғдой ёки унинг қиймати – 10 000 (ўн минг) сўм;
2 кг буғдой уни ёки унинг қиймати – 12 000 (ўн икки минг) сўм;
4 кг арпа ёки унинг қиймати – 20 000 (йигирма минг) сўм;
2 кг майиз ёки унинг қиймати – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
4 кг хурмо ёки унинг қиймати – 200 000 (икки юз минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.
Эслатма! Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.
Даврон НУРМУҲАММАД