Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Март, 2025   |   14 Рамазон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:18
Қуёш
06:37
Пешин
12:37
Аср
16:42
Шом
18:32
Хуфтон
19:44
Bismillah
14 Март, 2025, 14 Рамазон, 1446

Маҳрни иккига бўлиб тўлаш ҳам мумкинми?

14.02.2025   20759   7 min.
Маҳрни иккига бўлиб тўлаш ҳам мумкинми?

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бир аёлга уйланиб, унга маҳр тайин этмаган, у билан қовушмай туриб вафот этган киши ҳақида сўралди.

Шунда у киши: «У аёлга ўз аёллари маҳри мислича маҳр берилади. Кам ҳам эмас, кўп ҳам эмас. Унга мерос ҳам берилади. Унга идда ўтириш вожиб бўлади», дедилар.

Шунда Маъқил ибн Синон ал-Ашжаъий туриб:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барваъа бинту Вошиқ ҳақида сен чиқарган ҳукмга ўхшаш ҳукм чиқарган эдилар» деди.

Ибн Масъуд бундан хурсанд бўлди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Маҳрни зикр қилмасдан, уни нафий қилиб, мол бўла олмайдиган нарса ила, жинси ёки сифати номаълум нарса ила қилинган никоҳ дурустдир.

Бу жумлада маҳрга боғлиқ беш хил ҳолат ҳақида сўз бормоқда:

1. Маҳрни зикр қилмай, у ҳақда бирор оғиз ҳам гапирмай тузилган никоҳнинг жорий бўлавериши. Чунки никоҳга амр қилинган оятда маҳр зикр қилинмаган.

2. Маҳрни нафий қилиб, яъни «орада маҳр йўқ», дея келишилган никоҳнинг собит бўлиши.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида марҳамат қилади: «Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ» (236-оят).

Маҳр аталмагандаги талоқ жоиз бўлганидан кейин, маҳр аталмай қилинган никоҳ ҳам жоиз бўлади. Чунки талоқ фақат саҳиҳ никоҳгагина тушади.

3. Маҳрга мол бўла олмайдиган нарсани атаб қилинган никоҳнинг ҳам жоизлиги. Мисол учун, бир мусулмон бир муслимага уйланаётиб, маҳрга хамр ёки чўчқа бераман, деган бўлса ҳам никоҳлари ўтаверади. Улар маҳрга аташ мумкин бўлмаган нарсани атаганлари учун, бу – худди ҳеч нарса атамаган билан баробар бўлади.

4. Маҳрга жинси номаълум нарсани атаб қилинган никоҳнинг ҳам жоизлиги. Мисол учун, куёв: «Келиннинг маҳрига кийим ёки тақинчоқ бераман», деди. Қай турдаги кийим ёки тақинчоқлиги номаълум. Бу ҳам ҳеч нарса атамаганга ўхшаш, бўлаверади.

5. Маҳрга сифати номаълум нарсани атаб қилинган никоҳнинг ҳам жоизлиги. Мисол учун, куёв: «Маҳрга сигир бераман», деди-ю, қай сифатдаги сигир беришини айтмади.

Аммо бундай никоҳлар бўлаверади, дейиш эр маҳр бермай кетаверади, дегани эмас. Балки никоҳ боғланади, ундан кейинги муносабатлар зино бўлмайди, деганидир. Никоҳ ақди дуруст бўлаверади, аммо аёлнинг маҳр ҳаққи поймол бўлмайди, эрга маҳр бериш фарзлиги ўз ўрнида тураверади. Бу ҳолатларда, аввал айтиб ўтилганидек, ўша нарсаларнинг ўртачаси ёки қиймати миқдоридаги «маҳри мисл» вожиб бўлади.

Бунда нарсанинг ўзини ёки қийматини бериш куёвнинг ихтиёрида. Келин унинг берганини олишга мажбур.

Агар эр аёлини юртидан чиқармаслик шарти билан мингни атаб, никоҳлаб олган бўлса ёки никоҳда «муқим турса, минг берасан, олиб чиқсанг, икки минг» деб шарт қўйилган бўлса, у ҳолда эр айтганига вафо қилса ёки муқим турса, аёлига мингни бериш вожиб бўлади. Акс ҳолда «маҳри мисл»ни беради. Бу эса, икки мингдан ошмайди ва мингдан кам бўлмайди.

Агар бокираликни шарт қилган бўлса-ю, жувон чиқиб қолса ҳам, маҳрнинг ҳаммасини бериш лозим бўлади. Чунки қизлиги зинодан бошқа сабабларга кўра кетган бўлиши мумкин. Бу ҳолда яхши гумон қилган афзал.

Фосид никоҳда, агар яқинлик қилмаган бўлса, ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Агар яқинлик қилса, яқинлик қилган вақтидан бошлаб, аталгандан зиёда бўлмаган «маҳри мисл» вожиб бўлади, насаб собит бўлади.

Фосид никоҳга опа-сингилга бирданига уйланиш, гувоҳларсиз уйланиш, опасининг иддасида синглисига уйланиш, бошқанинг иддасида ўтирган аёлга уйланиш ва тўртинчи хотиннинг иддасида бешинчисига уйланиш кабилар киради.

Келинга бериладиган «маҳри мисл» унинг ота қавми эътиборидан ёшига, жамолига, молига, ақлига, диёнатига, юртига, замонига, бокиралиги ёки жувонлигига қараб бўлади. Шунингдек, келиннинг одоб ва ахлоқига қараб бўлади.

«Маҳри мисл»ни белгилашда мазкур омилларни ҳисобга олиб, келиннинг маҳри унинг ота юртидаги ўзига энг ўхшаш келинга бериладиган маҳр миқдорида бўлади. Агар уларда – ота тараф қариндошларда бўлмаса, бегоналардан олинади. Яъни «маҳри мисл»и аниқланиши лозим бўлган келинга ўхшаш келин унинг отасининг қариндошлари ичидан топилмаса, онаси тарафдан ва унинг қавмидан эмас, бегоналардан излаб топилади. Агар она отанинг қавмидан бўлмаса.

Бир келинга бериладиган «маҳри мисл»ни аниқлашда унинг қайси келинга тенг эканини белгилаш учун икки эр киши ёки бир эр ва икки аёл киши тайинланади.

Маҳрни бериш муддати (эрта ёки кеч берилиши) ана шу тайинланган кишилар тарафидан белгиланган бўлса, ўшандоқ бўлади, агар улар тайин қилмаган бўлсалар, урфдагига қараб бўлади.

Маҳрни иккига бўлиб тўлаш ҳам мумкин. Дастлабкиси аввал берилади ва «маҳри муъажжал»«эрта маҳр» деб аталади. Кейингиси кейин берилади ва «маҳри муажжал»«кечиктирилган маҳр» деб аталади.

Агар икки тараф ақди никоҳ пайтида эрта маҳр қанча ва қачон берилишини, кеч маҳр қанча ва қачон берилишини келишиб олган бўлсалар, ўша келишувга биноан иш тутадилар.

Ақди никоҳ пайтида бундай келишув бўлмаган бўлса, ўз қавмларида мазкур миқдордаги маҳрни ўша аёлга ўхшаш келинларга қай тарзда беришга одатланган бўлсалар, ўша тарзда берилади.

Эрта маҳрни олишдан аввал аёл жинсий яқинликни ва ўзининг сафарга олиб чиқилишини ман қилишга ҳақли. Агар ўз розилиги билан бўлган яқинликдан кейин ман қилса ҳам, жоиз. Бу ҳолатда унинг нафақаси соқит бўлмайди.

Яъни, маҳрини ўз вақтида берилмаганига норози бўлиб, куёвни ўзига яқинлаштирмаётган келиннинг нафақаси эрга вожиб бўлиб тураверади. Эр: «Хотиним мени ўзига яқинлаштирмаяпти, шунинг учун унинг нафақасини бермайман», дейишга ҳақли эмас.

Шунингдек, у эрнинг изнисиз ҳожат юзасидан сафар қилишга ва ташқарига чиқишга ҳақли. Маҳрни вақтида бермаган эр аёлни бу нарсалардан ман қилишга ҳақли бўлмайди.

Аёл эрта маҳрни олганидан кейин уни бошқа ёққа олиб кетса, бўлади. Уни сафарга олиб кетмайди, деганлар ҳам бор ва фатво шунга берилган.

Уламолар «Эрта маҳрни ёки тўла маҳрни бергандан кейин эр-хотиннинг розилигисиз уни бошқа юртга олиб кетса бўладими, йўқми?» деган масалада турли гапларни айтганлар. «Олиб кетиши мумкин эмас», деганлар кўпроқ замоннинг фасодини эътиборга олганлар.

«Олиб кетиши мумкин», деганлар Аллоҳ таолонинг «У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг», деган қавлини далил қилиб келтирганлар. Мана шуниси тўғри.

Агар эр унга бир нарса юборган бўлса-ю, хотин уни «ҳадя» деса, эр «маҳр» деса, эрнинг гапи қабул бўлади. Илло, емоқ учун тайёрланган нарсада унинг гапи қабул қилинмайди.

"Бахтиёр оила" китобидан

Бошқа мақолалар

Аллоҳ берган неъматларига жавоб бундай бўлмайди

14.03.2025   1191   3 min.
Аллоҳ берган неъматларига жавоб бундай бўлмайди

Аллоҳ таоло сизга ато этган неъматларини ич-ичингиздан эътироф этинг. Аллоҳ таолонинг неъматларини тилга чиқариш орқали унга шукр қилинг. Бу Зуҳо сурасининг 11-оятида ўз тасдиғини топган: «Парвардигорингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!».

Аллоҳга бўлган муҳаббатингизни янгилаб туринг! Бу неъматларни ато этган Зот хуш кўрмаган йўлларга сарфламанг. Тилингизга Аллоҳнинг зикрини, аъзоларингизга эса тоатларини жорий қилинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким шу “Аллоҳумма маа асбаҳа бий мин неъматин фа минка ваҳдак, лаа шарийка лак, фа лакал ҳамду ва лакаш шукр” деган дуони тонг отган пайтда айтса, шу куннинг шукрини адо этибди. Кечда ҳам шуни айтиб дуо қилса, ўша кечнинг шукрини адо этибди”, дея кўп бора такрорлаганлар. Ушбу неъматларни Аллоҳга маъсият бўладиган йўлда ишлатманг.

Ибн Мункадир бир қизнинг бошини айлантириб турган йигитнинг олдидан ўта туриб: “Эй ўғлим, Аллоҳ сенга берган неъматларига жавоб бундай бўлмайди?” – дедилар.

Аллоҳ таоло сизга соғлигу ёшлик неъматини бериб, сизни шу неъмат билан сийласа-ю, сиз У Зотга маъсият, гуноҳ билан жавоб қайтарасизми?! Бир ўйлаб кўргин-чи, сиз ҳақиқий шукр қилувчи бандамисиз?! Сиз Аллоҳга муҳаббат қўйгувчимисиз?! Сиз Аллоҳнинг неъматларини эътироф этгувчимисиз?! Шукрнинг таъсири сизнинг қалбингиз ва аъзоларингизда акс этадими? Яна муомалангиз ҳамда хулқ-атворингизда намоён бўладими?!

Имом Мубаррад айтадилар:

Неъматга шукр этсам, бу ҳам бир неъмат,
Шукрга шукрона вожибдир асли.
Ҳеч кимса топмагай ўзича, албат,
Етган шукрона ҳам Аллоҳнинг фазли.

Бу тўртликнинг маъноси қуйидагича: Аллоҳ таолони мақташ фақат Ўзининг тавфиқи орқалигина бўлади. Сизни Ўзига шукр қилишдек ишга муваффақ айлагани учун ҳам Аллоҳ таолога мақтов йўллашингиз зарур.  Биринчи ҳамд учун ҳамд айтиш вожиб бўлганидек, иккинчиси учун  ҳам ҳамд айтиш лозим бўлади. Бу эса ниҳоясиз давом этаверади.

Абул Атоҳия жуда чиройли бир гап айтган эканлар:

Шукринг зиёда бўлмаса ҳар неъмати бирла,
Ўзингни асло шокирлардан деб билма!

Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида айтади: «...Қасамки, агар сизлар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...».

Улуғлардан бири: “Қалблар табиатан ким унга яхшилик қилса, ўшани яхши кўрадиган қилиб яратилган. Аллоҳнигина муҳсин эканини билган киши нақадар ажабланарли, нима сабабдан у ўшал Зот тарафига бутун вужуди билан интилмайди?!”.

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ дуоларида бундай дер эдилар: “Роббим! Мен Сенинг неъматларингни куфрга алмаштириб қўйишим, неъматларингни танигач, унга нонкўрлик қилишим ёки уларни унутиб, мақтамай қўйишимдан паноҳ сўрайман”.


Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.