Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ أَسْعَدُ النَّاسِ بِشَفَاعَتِكَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ؟ قَالَ رَسُولُ اللهِ ﷺ: لَقَدْ ظَنَنْتُ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ أَلَّا يَسْأَلُنِي عَنْ هَذَا الْحَدِيثِ أَحَدٌ أَوَّلُ مِنْكَ لِمَا رَأَيْتُ مِنْ حِرْصِكَ عَلَى الْحَدِيثِ: أَسْعَدُ النَّاسِ بِشَفَاعَتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ خَالِصًا مِنْ قَلْبِهِ أَوْ نَفْسِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Ё Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ё Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши «Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни қалбидан [ёки вужудидан] ихлос билан айтган кишидир», дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).
Шарҳ: Саҳобалар ичида энг кўп ҳадис ривоят қилган зот Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудир. Бунга асосий сабаблардан бири у кишини ҳадисга бўлган кучли иштиёқлари, имкон қадар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ажралмасдан доим бирга бўлишларидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларидан чиққан ҳадисларни жон қулоғи билан тинглар ва ёдлаб олар эдилар. Кўпинча саволлар ҳам берар эдилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ана шундай саволларидан бирида: "Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?" яъни, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг кўп насибадор бўладиган ким, деб сўраган эканлар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ё Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман" дебдилар. Бу эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу учун буюк шаҳодатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фалон саволни Абу Ҳурайрадан бошқа одам бермаса керак, деб юришларига сазовор бўлиш катта гап.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз гапларини давом этдириб: «Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши "Лаа илаҳа иллаллоҳ»ни қалбидан [ёки вужудидан] ихлос билан айтган кишидир", дедилар.
Бу ерда ҳам ихлосга алоҳида эътибор берилмоқда. Ихлос Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш.
Демак, калимаи тавҳидни Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, чин қалбдан айтиш қиёмат куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан энг кўп баҳраманд бўлишга олиб келар экан.
Аввало, чин қалбдан ихлос билан айтиш шартлигию ихлос билан айтиш амалсиз бўлмаслигини унутмаслигимиз лозим.
Иккинчидан, «Лаа илааҳа иллаллоҳ» дейишдан мақсад, фақат шу иборани айтишдангина иборат эмас, Аҳли сунна ва жамоа қабул қилганидек, калимаи тавҳидни айтиб, унинг тақозоси бўйича иш тутишдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Қиёмат, шафоат каби нарсалар ҳақида савол бериш мумкинлиги.
2. Қиёматда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари умматларининг ихлос ва қилган амалларига қараб бўлиши.
3. «Лаа илааҳа иллаллоҳ»нинг фазли улуғлиги.
4. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг аҳли фазл эгаларидан эканликлари.
5. Бировнинг фазли ҳақида ўзига хабар бериш мумкинлиги.
6. Ҳадисга ҳарис бўлиш – ниҳоятда қизиқишнинг яхшилиги.
7. Ихлос билан иш тутиш зарурлиги.
"Ҳадис ва Ҳаёт" китоби асосида.
2025 йилги Ҳаж сафарида иштирок этган юртдошларимиз “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ташаббуси доирасида фаол иш олиб бормоқдалар. Ушбу ташаббус доирасидаги навбатдаги намунавий-амалий тадбир Фарғона вилояти Данғара туманида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирок этиб, тадбирга бошчилик қилди. “Саййид Аҳмадхон ҳожи” жоме масжидида ўтказилган йиғилишда тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ уч йўналишда фаолият олиб борди. Жумладан:
– Ҳаждан қайтган зиёратчилар маънавий-маърифий тадбирларга жалб этилди;
– 65 та оилага борилиб, маънавий суҳбат ва амалий ёрдамлар кўрсатилди;
– 9 та хонадондаги руҳий-маънавий қийинчиликлар ўрганилиб, маслаҳатлар берилди.
– Оилавий келишмовчилик сабабли нотинч бўлиб турган оилаларга суҳбат ва насиҳатлар ўтказилди. Натижада 2 та аразлашган оила яраштирилиб, 1 та ажримнинг олди олинди;
– Судланганлар, жазо муддатини ўтаётганлар ҳамда уларнинг оилалари билан мулоқот қилинди.
– Ногирон ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, моддий-маънавий кўмак кўрсатилди.
Туманнинг Таптиқсарой маҳалласида ёнғин оқибатида зарар кўрган хонадонни қайта таъмирлаш ишлари ҳомийлар ва ҳожилар кўмагида бошлаб юборилди. Бош имом-хатиб Убайдуллоҳ домла ушбу хонадонга ташриф буюриб, мулоқот қилди ҳамда тавсиялар берди.
Бундан ташқари, “Доимобод” маҳалласидан бўлган, ногиронлиги бор фуқаронинг уйига ҳам ташриф уюштирилиб, тугалланмаган уй қурилиши учун зарур қурилиш материаллари етказилди.
Пешин намозидан сўнг Ишчи гуруҳ таркибидаги иқтидорли имом-хатиблар жамоатга маъруза қилиб, тинчлик, осойишталик ва халқ фаровонлиги учун дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати