Бугун, 18 февраль куни пойтахтимиздаги Симпозиумлар саройида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегация билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев ва бошқа тегишли мутассаддилар иштирокида мулоқот бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, мустаҳкам тарихий, маданий ва диний ришталарга асосланган Ўзбекистон – Саудия Арабистони алоқаларининг юқори даражаси икки давлат етакчилари раҳбарлигида олиб борилаётган ўзаро дўстона муносабатлар натижасидир.
Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, мазкур ташрифдан мақсад Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада такомиллаштириш, айниқса, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш сифатини ошириш, диний-маърифий, илмий-тадқиқот, туризм, транспорт соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилганини билдирди.
Вазир жаноблари Имом Бухорий, Имом Термизий, Форобий, Беруний, Ибн Сино каби уламоларнинг ислом маърифатига, жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссасини таъкидлаб, қадим маданият ва бебаҳо асори-атиқалар юрти бўлган Ўзбекистонга саудияликларни ҳам зиёратга тарғиб этишда фаол бўлишини айтиб ўтди.
Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев мамлакатимизда ҳаж ва умра тадбирларини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари таъминлангани, фуқароларимизга қулайликлар, янада яхши имкониятлар яратиш бўйича тизимли ишлар қилиб келинаётгани, хусусан, умра тадбирларини намунали ташкил этиш, зиёратчиларга амалларни тўлиқ, хавфсиз бажариши учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида Республикамиз қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистонда умра тадбирини ташкил этиш ваколати Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда 12 та ширкатга берилганини айтди. Ҳаж ва Умра ишлари билан боғлиқ ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, аввало, бундай ҳамкорликларга замин яратиб берилаётгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Икки Муқаддас Масжид ходими Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонларга миннатдорлик билдириш асносида юртдошларимиз учун ҳаж квотаси сўнгги йилларда 3 баробарга оширилиб, ҳар йили 15 минг нафар ҳамюртимиз ҳожилик бахтига мушарраф бўлаётгани, умра зиёратчилари сони бир неча юз мингни ташкил этаётгани, уларга бўлган ҳурмат-эътибор, шарт-шароитлар борган сари яхшиланиб бораётганини эътироф этдилар.
Шунингдек мулоқотда Президентимиз томонидан очиқлик сиёсати олиб борилаётгани, айниқса, мамлакатларимиз ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиатсияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир кўплаб ҳужжатлар қабул қилингани тилга олинди. Икки давлат ўртасида илмий-тадқиқот ишларида кенг кўламли ҳамкорлик қилиш, дин уламолари иштирокида анжуманлар ўтказиш, Саудия Арабистони фуқаролари Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Термиз каби қадимий шаҳарларига зиёратга келишларини ташкил этиш каби ишларни ривожлантириш борасида таклиф ва мулоҳазалар айтиб ўтилди.
Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа Ўзбекистон томонидан билдирилган таклифларни атрофлича кўриб чиқиб, ижобий ҳал этишда бор имкониятни ишга солишини билдирди.
Мулоқот самимий ва кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон Ол Сауд ҳамда Валиаҳд, мамлакат Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва самимий тилакларини етказди. Шунингдек, вазир Президентимизга Подшоҳнинг кўп миллатли Ўзбекистон халқига ҳадяси – муқаддас Каъба ёпинчиғи –Кисванинг бир парчасини топширди.
Давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, Кисва парчасининг остида Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз бин Абдурраҳмон Ол Сауднинг кўп миллатли Ўзбекистон халқига совғаси деган маънодаги изоҳ бўлади.
– Каъба ёпинчиғи – Кисва парчасини Ислом цивилизацияси марказига жойлаштириш ҳақидаги Президентимизнинг топшириғи биз учун том маънода тарихий ва шарафли воқеа бўлди, – дейди Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов. – Бу ҳадя Ислом динининг улуғ алломалари етишиб чиққан юртимиз, халқимиз ва Президентимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин намунасидир. Биз шу куннинг ўзидаёқ Марказ жамоаси иштирокида ўтказилган йиғилишда бу хушхабарни эълон қилдик. Марказ олимлари ва ижодий ходимлар бундай шукуҳли хабарни мамнуният билан қабул қилиб, давлатимиз раҳбарининг бизга кўрсатаётган юксак эътибори учун ташаккур билдирди. Ҳамкорларимиз ҳурматли Президентимиз орқали бизга етиб келган бундай табаррук совға билан бизни табрикламоқда. Албатта, муқаддас Каъба ёпинчиғи – кисва парчаси Марказдаги энг қадрли экспонатлардан бири бўлиб қолади. Бундай бебаҳо ҳадя учун ҳурматли Президентимизга яна бир бор самимий миннатдорлик билдирамиз.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра вазири Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бунёд этилаётган мегалойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ҳам ташриф буюрди ва Марказ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Меҳмонлар Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилаётган ушбу Марказ нафақат юртимиз, балки Марказий Осиё ҳамда бутун Ислом оламининг энг жозибали ва ибратли маънавий масканларидан бирига айланишини алоҳида таъкидлашди.
– Таассуротларим ажойиб! Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази чин маънода ўхшаши йўқ лойиҳа. Бино ва унинг маҳобати таҳсинга сазовор. Уни янада ривожлантириш учун оз бўлса-да, кўмагимиз тегса, мамнун бўламиз. Ислом цивилизацияси маркази айнан шундай кўринишда бўлишини тасаввур қилар эдим. Уни ўз кўзим билан кўргач, қойил қолдим. Улкан иш қилингани ва бунинг ортида катта меҳнат ётгани кўриниб турибди, – деди Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа.
Подшоҳликнинг Ҳаж ва умра вазирлиги ҳамда ЎзИЦМ ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган музокараларда Ўзбекистонда Ҳаж ва умранинг тарихи, бугунига бағишланган ҳужжатли фильм яратишга келишиб олинди. Фильмда Ислом дини диёримизга ёйилишининг илк давридан бошлаб яқин ўтмишгача ўзбекистонлик мусулмонларнинг Ҳаж ва Умра зиёратини амалга оширишида дуч келинган тўсиқлар, қийинчиликлар ва Янги Ўзбекистонда бу борадаги кенг имкониятлар кўрсатиб берилади. Бундан ташқари, фильмда ўзбекистонлик зиёратчилар учун яратилаётган қулай шароитлар, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳам акс эттирилади.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказ томонидан нашр этилган Катта Лангар Қуръонининг факсимилеси ва хаттот Ҳабибулло Солиҳ кўчирган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг мактубларидан бирининг нусхаси меҳмонларга ҳадя қилинди.
Рустам ЖАББОРОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби.
ЎзА