Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Феврал, 2025   |   26 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:46
Қуёш
07:04
Пешин
12:41
Аср
16:25
Шом
18:12
Хуфтон
19:25
Bismillah
25 Феврал, 2025, 26 Шаъбон, 1446

Қуръон ёдлашнинг энг осон йўли

19.02.2025   7079   2 min.
Қуръон ёдлашнинг энг осон йўли

Мен Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мени улардан Қуръони каримни ўрганишга муваффақ қилган жуда кўп машойихларимиздан Қуръонни ёд олишнинг энг афзал йўли ҳақида сўраб чиқдим. Мадинадаги қорилар устози шайх Иброҳим Ахдор, шайх Муҳаммад Аҳмад, шайх Бакр Таробиши раҳимаҳуллоҳ, шайх Родвон ҳафизаҳуллоҳ каби кибор уламолардан сўрадим. Одатда, биз бу ҳақида кўпчиликдан сўраймиз. Аммо умрининг 60-70 йилини Қуръонни тиловат қилиш ва уни ўргатишга бағишлаган  ва бутун ҳаёти Қуръони карим таълимига сарфланган устозлардан Қуръонни ёдлашнинг энг афзал усулини сўраганимизда, улар бир овоздан маъқуллаб айтишадики, “Қуръонни ҳифз қилишнинг энг яхши йўли - Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилиш: “Қуръонга ўзингизни бағишланг!” (Уни мунтазам ўқинг). Оддий. Бу борада кўп баҳслашамизу, аммо охир-оқибат Пайғабаримиз алайҳиссаломнинг тавсияларига қайтамиз: “Қуръонни мунтазам ўқинг!” Оз-оздан Қуръондан ўқишни кунлик одат қилиб олишингиз керак. “Амалларнинг энг яхшиси — оз ва бардавом бўлганидир”.

Яъни, биламизки, еб-ичишдан бутунлай воз кечолмайсиз, аммо оз-оздан бўлса ҳам қилишингиз керак. Таомланиш ва ичиш каби кунлик қиладиган одатларингиз ичига Қуръондан оз миқдорда тиловатни ҳам қўшишингиз керак. Ва вақт ўтгани сари бу оз миқдор кўпайиб боради ва шу билан сиз Қуръонни, шубҳасиз, ёд оласиз. Аллоҳ сизни Қуръонни ёд олишга муваффақ қилиши даражасига етмагунингизча, тунлари саждада дуо қилишингиз лозим: “Ё Аллоҳ, Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўксимнинг нури қилгин. Менга нафсимни енгишимда мадад бер!”.

Қуръон аҳллари бу — Аллоҳнинг хос бандалари бўлиб, улар У зотга энг яқин бўлганлардир. Аллоҳ бандалари орасидан Қуръон аҳлларидан бўлишга лойиқларини танлайди. Аллоҳ қалбингиздаги Қуръон аҳлларидан бири бўлишга бўлган кучли истагингизни кўриши керак. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизни Қуръонни ҳифз қилишга муваффақ этишини сўраб, бу амални ўзингизга кунлик одат қилиб олсангиз, Ўзининг изни ила сизни Каломини ҳифз қилиш билан мукофотлайди. 

Шайх Ёсир Дусарий

Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг Рамазон ойи келиши ҳақида хушхабарлари

24.02.2025   2312   2 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг Рамазон ойи келиши ҳақида хушхабарлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини Рамазон ойи учун тайёргарлик кўришга ундар ва бу ишни Рамазон ойи рўзасининг хусусиятлари, унга бериладиган улкан савоблар ҳақидаги ҳадислар билан амалга оширар эдилар. Бунга далолат қиладиган ҳадислар кўп. Қуйида уларнинг айримлари билан танишамиз:

"Агар Рамазон ойи кириб келса, осмон эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади" (Имом Бухорий ривояти, 1899-ҳадис).

«Рамазон ойининг илк кечаси кириб келганида, шайтонлар ва жинлар кишанланади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, унинг бирорта эшиги очилмайди, жаннат эшиклари очилади, унинг бирорта эшиги ёпилмайди. Бир нидо қилувчи бундай нидо килади: "Эй яхшилик истовчи! Кутиб ол! Эй ёмонлик истовчи! Ўзингни тий!". Аллоҳ бу ойда бандаларни жаҳаннам оловидан озод қилади. Бу ҳар бир кечада бўлади» (Имом Термизий ривояти, 682-ҳадис).

"Сизларга Аллоҳ таолонинг фарзи ва муборак ой – Рамазон келди. Унинг рўзасини тутинглар. Бу ойда осмон эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда Аллоҳнинг минг ойдан яхшироқ бўлган бир кечаси бор. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, (ҳамма яхшиликлардан) маҳрум бўлади" (Насоий ривояти, 2106-ҳадис).

«Жаннатда «"Райён" номли бир эшик бор. Ундан қиёмат куни рўзадорлар киради. Улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. У кунда: "Рўзадорлар қаерда?" деб нидо қилинади. Шунда рўзадорлар ўринларидан турадилар. Улардан бошқа ҳеч ким Райён эшигидан кира олмайди. Рўзадорлар кириб бўлгач, эшик ёпилади, шундан кейин у эшикдан ҳеч ким кирмайди» (Имом Бухорий ривояти, 1797-ҳадис).

Бу улуғ суннатни тарғиб қилиш, бу чақириқ ва хушхабарларни овоза қилиш, одамларга Рамазон фазилати ва баракотини етказиш, бу ойда фурсатни ғанимат билиб, улкан савобларга эришиш ва саодат сари чорлаш барчамизнинг муносиб вазифамиз саналади. Мўмин-мусулмон бандалар Рамазон кириб келишидан қалбидан мамнуният туйиши, Рамазонга алоҳида тайёргарлик кўришга, Рамазон ойидаги савоб ва ажрлардан тўлиқ истифода этишга, турли лаззат ва таомларга маҳлиё бўлмасдан, ибодатга кўпроқ эътибор қаратишга ундаши айни муддаодир. Афсуски, кўплаб инсонлар Рамазон кириб келганини билмай қолишади, рўза тутса-да, рўзанинг мақсадини тўлиқ англамайди. Шу боис Аллоҳ таолодан ҳидоят ва тўғри йўлдан адаштирмаслигини сўраймиз!

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда» китоби асосида тайёрланди.