Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Феврал, 2025   |   24 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:48
Қуёш
07:07
Пешин
12:41
Аср
16:23
Шом
18:10
Хуфтон
19:23
Bismillah
23 Феврал, 2025, 24 Шаъбон, 1446

Қуръон ёдлашнинг энг осон йўли

19.02.2025   6040   2 min.
Қуръон ёдлашнинг энг осон йўли

Мен Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мени улардан Қуръони каримни ўрганишга муваффақ қилган жуда кўп машойихларимиздан Қуръонни ёд олишнинг энг афзал йўли ҳақида сўраб чиқдим. Мадинадаги қорилар устози шайх Иброҳим Ахдор, шайх Муҳаммад Аҳмад, шайх Бакр Таробиши раҳимаҳуллоҳ, шайх Родвон ҳафизаҳуллоҳ каби кибор уламолардан сўрадим. Одатда, биз бу ҳақида кўпчиликдан сўраймиз. Аммо умрининг 60-70 йилини Қуръонни тиловат қилиш ва уни ўргатишга бағишлаган  ва бутун ҳаёти Қуръони карим таълимига сарфланган устозлардан Қуръонни ёдлашнинг энг афзал усулини сўраганимизда, улар бир овоздан маъқуллаб айтишадики, “Қуръонни ҳифз қилишнинг энг яхши йўли - Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига амал қилиш: “Қуръонга ўзингизни бағишланг!” (Уни мунтазам ўқинг). Оддий. Бу борада кўп баҳслашамизу, аммо охир-оқибат Пайғабаримиз алайҳиссаломнинг тавсияларига қайтамиз: “Қуръонни мунтазам ўқинг!” Оз-оздан Қуръондан ўқишни кунлик одат қилиб олишингиз керак. “Амалларнинг энг яхшиси — оз ва бардавом бўлганидир”.

Яъни, биламизки, еб-ичишдан бутунлай воз кечолмайсиз, аммо оз-оздан бўлса ҳам қилишингиз керак. Таомланиш ва ичиш каби кунлик қиладиган одатларингиз ичига Қуръондан оз миқдорда тиловатни ҳам қўшишингиз керак. Ва вақт ўтгани сари бу оз миқдор кўпайиб боради ва шу билан сиз Қуръонни, шубҳасиз, ёд оласиз. Аллоҳ сизни Қуръонни ёд олишга муваффақ қилиши даражасига етмагунингизча, тунлари саждада дуо қилишингиз лозим: “Ё Аллоҳ, Қуръонни қалбимнинг баҳори, кўксимнинг нури қилгин. Менга нафсимни енгишимда мадад бер!”.

Қуръон аҳллари бу — Аллоҳнинг хос бандалари бўлиб, улар У зотга энг яқин бўлганлардир. Аллоҳ бандалари орасидан Қуръон аҳлларидан бўлишга лойиқларини танлайди. Аллоҳ қалбингиздаги Қуръон аҳлларидан бири бўлишга бўлган кучли истагингизни кўриши керак. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сизни Қуръонни ҳифз қилишга муваффақ этишини сўраб, бу амални ўзингизга кунлик одат қилиб олсангиз, Ўзининг изни ила сизни Каломини ҳифз қилиш билан мукофотлайди. 

Шайх Ёсир Дусарий

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муқаддас Каъба ёпинчиғи – Кисванинг бир парчаси Ислом цивилизацияси марказига жойлаштирилади

21.02.2025   6723   4 min.
Муқаддас Каъба ёпинчиғи – Кисванинг бир парчаси Ислом цивилизацияси марказига жойлаштирилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.


Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон Ол Сауд ҳамда Валиаҳд, мамлакат Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва самимий тилакларини етказди. Шунингдек,  вазир Президентимизга Подшоҳнинг кўп миллатли Ўзбекистон халқига ҳадяси – муқаддас Каъба ёпинчиғи –Кисванинг бир парчасини топширди. 

Давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, Кисва парчасининг остида Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз бин Абдурраҳмон Ол Сауднинг кўп миллатли Ўзбекистон халқига совғаси деган маънодаги изоҳ бўлади.

– Каъба ёпинчиғи – Кисва парчасини Ислом цивилизацияси марказига жойлаштириш ҳақидаги Президентимизнинг топшириғи биз учун том маънода тарихий ва шарафли воқеа бўлди, – дейди Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов. – Бу ҳадя Ислом динининг улуғ алломалари етишиб чиққан юртимиз, халқимиз ва Президентимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин намунасидир. Биз шу куннинг ўзидаёқ Марказ жамоаси иштирокида ўтказилган йиғилишда бу хушхабарни эълон қилдик. Марказ олимлари ва ижодий ходимлар бундай шукуҳли хабарни мамнуният билан қабул қилиб, давлатимиз раҳбарининг бизга кўрсатаётган юксак эътибори учун ташаккур билдирди. Ҳамкорларимиз ҳурматли Президентимиз орқали бизга етиб келган бундай табаррук совға билан бизни табрикламоқда. Албатта,  муқаддас Каъба ёпинчиғи – кисва парчаси Марказдаги энг қадрли экспонатлардан бири бўлиб қолади. Бундай бебаҳо ҳадя учун ҳурматли Президентимизга яна бир бор самимий миннатдорлик билдирамиз.  

Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳаж ва умра вазири Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бунёд этилаётган мегалойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ҳам ташриф буюрди ва Марказ томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. 

Меҳмонлар Ўзбекистон Президентининг ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилаётган ушбу Марказ нафақат юртимиз, балки Марказий Осиё ҳамда бутун Ислом оламининг энг жозибали ва ибратли маънавий масканларидан бирига айланишини алоҳида таъкидлашди. 
 

– Таассуротларим ажойиб! Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази чин маънода ўхшаши йўқ лойиҳа. Бино ва унинг маҳобати таҳсинга сазовор. Уни янада ривожлантириш учун оз бўлса-да, кўмагимиз тегса, мамнун бўламиз. Ислом цивилизацияси маркази айнан шундай кўринишда бўлишини тасаввур қилар эдим. Уни ўз кўзим билан кўргач, қойил қолдим. Улкан иш қилингани ва бунинг ортида катта меҳнат ётгани кўриниб турибди, – деди Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа.

Подшоҳликнинг Ҳаж ва умра вазирлиги ҳамда ЎзИЦМ ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган музокараларда Ўзбекистонда Ҳаж ва умранинг тарихи, бугунига бағишланган ҳужжатли фильм яратишга келишиб олинди. Фильмда Ислом дини диёримизга ёйилишининг илк давридан бошлаб яқин ўтмишгача ўзбекистонлик мусулмонларнинг Ҳаж ва Умра зиёратини амалга оширишида дуч келинган тўсиқлар, қийинчиликлар ва Янги Ўзбекистонда бу борадаги кенг имкониятлар кўрсатиб берилади. Бундан ташқари, фильмда ўзбекистонлик зиёратчилар учун яратилаётган қулай шароитлар, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳам акс эттирилади.


Учрашув сўнгида  Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказ томонидан нашр этилган Катта Лангар Қуръонининг факсимилеси ва хаттот Ҳабибулло Солиҳ кўчирган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг мактубларидан бирининг нусхаси меҳмонларга ҳадя қилинди.

Рустам ЖАББОРОВ, 
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий котиби.

ЎзА

Муқаддас Каъба ёпинчиғи – Кисванинг бир парчаси Ислом цивилизацияси марказига жойлаштирилади Муқаддас Каъба ёпинчиғи – Кисванинг бир парчаси Ислом цивилизацияси марказига жойлаштирилади Муқаддас Каъба ёпинчиғи – Кисванинг бир парчаси Ислом цивилизацияси марказига жойлаштирилади
Ўзбекистон янгиликлари