Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Феврал, 2025   |   26 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:46
Қуёш
07:04
Пешин
12:41
Аср
16:25
Шом
18:12
Хуфтон
19:25
Bismillah
25 Феврал, 2025, 26 Шаъбон, 1446
Янгиликлар

Ҳамдардлик билдирамиз

24.02.2025   2364   1 min.
Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Самарқанд вилояти, Булунғур тумани "Сулувқўрғон" жоме масжиди имом ноиби Раҳмонберди домла Умрзоқовнинг ҳамда Тойлоқ тумани "Ўрта" масжиди мутаваллиси Дилмурод Ғаффаровнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади. 
 

Аллоҳ таоло марҳумларни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва Ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин! 


Ҳақ таоло марҳум диний соҳа ходимларининг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумларни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Раҳмонберди Умрзоқов ҳамда Дилмурод Ғаффаровнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, сафдошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.


Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг». 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Ҳар дақиқани ибодатга айлантирса бўлади

25.02.2025   1055   3 min.
Ҳар дақиқани ибодатга айлантирса бўлади

Инсон бирор ишни қилаётганида мен бу касбни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, зиммамдаги ҳақни адо қиляпман, деб ният қилса, ўша ишга сарф қилган ҳар дақиқа вақти улкан ибодат даражасига кўтарилади.

Абу Махориқдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан ўтирганларида, ёш аъробий йигит ўтиб қолди. Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо: Агар у йигитлигию куч-қувватини Аллоҳ йўлида сарфлаганида, катта ажр олган бўларди”, дейишди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар қариб қолган отаонасига ёрдам беришга ҳаракат қилса, у Аллоҳ йўлидадир. Кичик болалари учун ҳаракат қилса, у Аллоҳ йўлидадир. Агар у ўз нафси учун, одамлардан беҳожат бўламан, деб ҳаракат қилса, у Аллоҳ йўлидадир. Агар одамлар кўрсин ва эшитсин, деб ҳаракат қилса, у шайтон йўлидадир (Имом Табароний ривояти).

Ҳадисдан халқ орасида кенг тарқалган дин бошқа, дунё бошқа деган фикрнинг хато эканини англаймиз. Ўйлаб кўрадиган бўлсак, биз дунёвий иш, деб ўйлайдиган ҳалол ризқ талаб қилиш ҳам диннинг бир бўлаги экан. Фақат шарт шуки, талабимиз шариатга мувофиқ, жоиз йўл билан бўлсин.

Шариатда: “Диним менга аҳли аёлимнинг нафақасини вожиб қилган, ҳалол йўл билан луқма топиб, оиламга тутай”, деган ният билан далада ишлаётган деҳқон, дастгоҳ олдида турган ишчи, ўз касбидан қолмаётган ҳунарманд, ўз вазифасини адо этаётган идора ходими ёки зиёли, ибодат қилаётган бўлади. Бундан бошқа ниятни қилган одам эса мўлжалидаги нарсага эришиши мумкин, аммо ажру савобга етиша олмайди.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Ҳар кимга ният қилганигина бўлади”, деб бежизга айтмаганлар (Имом Бухорий ривояти).

Хуллас, ўзига муносиб қудрати, илми, маърифати етадиган, рисоладагидек адо этишига ишончи комил ишга кирган инсон ҳар куни ишга кетаётиб, яхши ниятини такрорлайди. Ҳалолдан ризқ топиш, элга, ватанга хизмат қилиш, ишни пухта адо этиш, дангасаликка йўл қўймаслик каби нарсаларни ният қилади. Бу билан ризқ топишга сарфлаган вақти ҳам ибодатга айланади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мўмин-мусулмон қандай ишда бўлмасин, энг яхши ишчи, энг яхши косиб, яхши деҳқон, яхши муҳандис, яхши хизматчи, яхши табиб, яхши ўқитувчи, хуллас, ҳар бир касбнинг энг моҳири, энг омили, энг тадбирлиси бўлишга ҳаракат қилиши, Аллоҳнинг розилигини ва ҳалол ризқни ният қилиши лозим бўлади.

 

“Ҳалол касб-ҳунар – қут-барака келтирар” китобидан