Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Ҳанафий ва моликий мазҳаблари имом жума хутбасини ўқиётган вақтида масжидга кирган киши таҳийятул-масжид намозини ўқиши макруҳ деб биладилар. Ҳолбуки, бу намозни ўқиш ҳақида ҳадис келган. Бунинг сабаби нима?
Бироз мулоҳаза юритиб, шундай хулосага келдим: Жума хутбаси ҳижратдан кейин шариатга кирган. Мусулмонлар ўн йил давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида жума намозини ўқиганлар, яъни бу даврда тахминан 500 та хутба айтилган. Лекин улар қаерда? Нега муҳаддислар бу хутбаларни ёзиб қолдирмаган? Улар фақат саноқлигина хутбаларни қайд этган!
Ҳақиқат шундаки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилганларида Қуръон тиловат қилар эдилар. У зот минбарда турганларида Аллоҳнинг китобини ўқиш билан банд бўлардилар, шунинг учун барча кишилар сукут сақлаб, диққат билан эшитишлари керак эди. Ҳеч ким ўша пайтда бошқа нарса билан, жумладан, намоз ёки қироат билан машғул бўлолмас эди. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Қачон Қуръон ўқилса, уни диққат билан эшитинг ва жим туринг, шоядки раҳм қилинсангиз” (Аъроф сураси, 204-оят)”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мусулмоннинг таваккулга эҳтиёжи кучли бўлади. Хусусан “Ризқ” масаласида. Чунки ризқ инсоннинг ақлини ва қалбини машғул қилиб қўяди. Кечани бедор, ухламасдан ҳамда кундузини меҳнат ва машаққат билан ўтказиш натижасида инсоннинг жисми чарчайди.
Кўпинча инсон ризқни ўзига ўхшаш яратилган инсоннинг қўлида деб, ҳаёт луқмасини топиш учун нафсини хорлайди, лаганбардорлик қилади, бошини эгади, шаъни ва қадр-қимматини сарфлайди. У ўзига ўхшаш яратилган инсон хоҳласа беради, хоҳласа бермайди ҳамда унинг ва болаларининг ҳаёти унинг қўлида деб ўйлайди. Ҳудди Намруд Иброҳим алайҳиссаломга айтган гапларидек, Аллоҳ таоло жонни олиш ва қайтаришга қодир Зотдир.
Баъзи инсонлар ўзларига ҳаромни ейишга, пора олишга, рибони мубоҳ деб санашга ва ботил йўллар билан молларни ейишга фатво берадилар. Сабаби, ёшликдан кейин қарилик, саломатликдан кейин касалилк, лавозимидан бўшаб ёки ундан кейин зурриёти кучсиз бўлиб қолишидан қўрқадилар.
Абдуллоҳ Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Кимда ким камбағаллик сабабли ҳаром нарсани еса, у таваккул қилувчи эмас”, деганлар. Буларнинг барчасидан чиқиш йўли Аллоҳ таолога таваккул қилишни маҳкам тутмоқликдир.
Мусулмон киши агар воъиз, дин тарқатувчи ва ислоҳ қилувчи бўлса таваккул қилишга кўпроқ муҳтож бўлади. Албатта у, таваккул қилишда мустаҳкам устунни ва мустаҳкам қўрғонни топади ҳамда куфр, зулм, боғий ва фасод мустабидларига юзланганда таваккул қилишга суянади. У Аллоҳ билан нусрат топади ва Аллоҳ билан азиз бўлади.
Кимга Аллоҳ нусрат берса, асло мағлуб бўлмайди, кимни беҳожат қилса, фақирлик кўрмайди ва кимни Аллоҳ азиз қилса хорликка юз тутмайди.
﴿إِنْ يَنْصُرْكُمُ اللَّهُ فَلَا غَالِبَ لَكُمْ وَإِنْ يَخْذُلْكُمْ فَمَنْ ذَا الَّذِي يَنْصُرُكُمْ مِنْ بَعْدِهِ وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ﴾
“Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам ёрдам берар эди. Мўминлар фақат Аллоҳгагина таваккул қилсинлар”[1].