Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Ҳанафий ва моликий мазҳаблари имом жума хутбасини ўқиётган вақтида масжидга кирган киши таҳийятул-масжид намозини ўқиши макруҳ деб биладилар. Ҳолбуки, бу намозни ўқиш ҳақида ҳадис келган. Бунинг сабаби нима?
Бироз мулоҳаза юритиб, шундай хулосага келдим: Жума хутбаси ҳижратдан кейин шариатга кирган. Мусулмонлар ўн йил давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида жума намозини ўқиганлар, яъни бу даврда тахминан 500 та хутба айтилган. Лекин улар қаерда? Нега муҳаддислар бу хутбаларни ёзиб қолдирмаган? Улар фақат саноқлигина хутбаларни қайд этган!
Ҳақиқат шундаки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилганларида Қуръон тиловат қилар эдилар. У зот минбарда турганларида Аллоҳнинг китобини ўқиш билан банд бўлардилар, шунинг учун барча кишилар сукут сақлаб, диққат билан эшитишлари керак эди. Ҳеч ким ўша пайтда бошқа нарса билан, жумладан, намоз ёки қироат билан машғул бўлолмас эди. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Қачон Қуръон ўқилса, уни диққат билан эшитинг ва жим туринг, шоядки раҳм қилинсангиз” (Аъроф сураси, 204-оят)”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Иккинчи ўн кунлиги бошланган Рамазон ойининг сакинати, файз-баракаси, таровати юртимизнинг ҳар гўшасида сезилмоқда.
Хусусан, масжидларимиз ҳар қачонгидан гавжум бўлиб, ўқилаётган таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлардан кейин мўмин-мусулмон халқимиз жамоат бўлиб қилаётган дуолар шарофатидан баҳраманд бўляпмиз.
Ота-онага яхшилик қилиш, исрофдан сақланиш, қўшничилик ҳақлари, сахийлик каби таровиҳолди суҳбатлари, хайр-саховат тадбирларидан диллар чарағон бўлмоқда.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги муфтий ўринбосарлари Зайниддин домла Эшонқулов ва Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов ҳамда имом-домлаларимиз томонидан юртимизнинг барча ҳудудларида, кўп масжидларда ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати