Бунинг ҳикмати, мўъжизаси бир биолог сифатида нафақат мени, балки бутун олимларни ҳайратлантирмоқда. Яқин кунларда иккита мавзу бўйича кўпроқ ўқияпман. Сабаб – қизиқишларим. Биринчиси Aпоптоз, иккинчиси Aльцгеймер синдроми ҳақида.
Aпоптоз жараёни хусусида тўхталар эканман, аввало “апоптоз” ўзи нима, деган саволга жавоб бериб ўтсам. Aпоптоз юнонча “apoptosis” сўзидан олинган бўлиб, “баргнинг узилиб тушиши” деган маънони англатади. Aпоптоз бу – ҳужайранинг генетик дастурлаштирилган ўлими.
Соддароқ тушунтирсам, қари ҳужайралар ўз вазифасини ўтагандан кейин у “эски” ҳужайра нобуд бўла бошлайди ва унинг ўрнига “ёш”, ўз вазифаларини тўла адо эта оладиган ҳужайралар ҳосил бўла бошлайди. Бу жараён “апоптоз” дейилади.
Демак, бу маълум механизм ва тартиб асосида кечади. Шу сабабли “ҳужайранинг дастурлаштирилган ўлими” ҳам дейилади. Вояга етган организмда апоптоз жараёни воситасида жароҳатланган ва ўз вазифасини бажариб бўлган қари ҳужайралар йўқотилади. Лекин меъёридан ортиқ апоптоз организмда ўлган ҳужайраларни кўпайиб кетишига сабаб бўлади.
Демак, апоптоз нормал ҳолатда бўлгандагина инсон организми учун фойдали бўлади.
Aпоптоз механизми ўрганилиши жараёнида америкалик олимлар мусулмонлар рўзасини нақадар фойдали эканлигини тасдиқладилар. Улар инсон ва бошқа сут эмизувчилар умрининг давомийлиги ва очлик ўртасидаги боғлиқликни ҳужайра механизми орқали тушунтириб беришга муваффақ бўлдилар.
Ислом дини Рамазон ойида кундуз куни ейиш ва ичишдан тийилишни буюради. Олим Давид Синклернинг аниқлашича, очлик вақтида ҳужайра ҳаётини узайтирувчи SIRT3 ва SIRT4 генлари активлашади. Бу маълумотдан ҳозирги кунда ҳужайра умрини, инсон умрини узайтириш бўйича дорилар яратса бўлади, деган назариялар мавжуд. Маълумки, ҳужайранинг энергетик алмашинуви учун митохондриялар жавоб беради. Шу боис митохондрия “ҳужайра аккумлятори” деб аталади. Митохондриялар камайганида ҳужайра заифлашиб қолади.
Лабораторияда 48 кун давомида оч қолдирилган ҳайвонлар устида ўтказилган тажриба давомида шу нарса аниқландики, кемирувчилар организмида бу вақт давомида ситоплазма (ҳужайра суюқлиги)да НAД+ синтезини ишга туширувчи Nampt оқсили активлашади, бу эса ўз навбатида SIRT3 ва SIRT4 генлари билан кодланадиган ферментлар синтезини ошишига олиб келади. Бу ферментлар эса митохондриялар ишига ва ҳужайра энергетик алмашинувига ижобий таъсир қилади. Яъни, улар ҳужайра қаришини ва меъёридан ортиқ апоптоз юзага келишини олдини олади.
Доктор Кристиан Лювенбург бошчилигидаги Флорида Университети олимларининг таъкидлашича, озиқ моддаларнинг организмга етарлича тушиб турмаслиги ва давомий ҳолда ҳужайраларга чекланган миқдорда озуқа билан таъминланиши ўз навбатида организмнинг ёшаришига ва эрта қариликдан сақланишига ёрдам беради. Бу ҳолат ҳужайранинг аутофагияси фаоллашиши, яъни жароҳатланган митохондриялар ва бошқа ҳужайра структураларининг таркиби бузилиши ва қайта ишланиши орқали юз беради. Ёш ҳужайралар ўз навбатида эски ҳужайралардан қолган жароҳатланган структураларни тезда қайта ишлаш, организмнинг энергетик захирасини қайта тиклаш қобилиятига эга.
Aпоптоз жараёни туфайли организмда ёш, янги ҳужайралар фаолият юритади ва албатта эрта қариликнинг олдини олади ҳамда организмнинг ёшаришига сабаб бўлади.
Мени энг ҳайратлантирган нарса, йил давомида тинимсиз овқатланмаслик лаборатор ҳайвонлар организмида акс таъсир этгани, яъни апоптоз жараёнига эмас, қариликнинг тезлашишига, тўқималарнинг емирилишига олиб келганидир. Бир йилда 30 кун оч қолдирилган ҳайвонларда эса бу жараён нормал кечганлигини, керакли ферментлар фаоллашганлигини гувоҳи бўлинган.
Мана қаранг, Рамазон ойи нега айнан 30 кун?!
Марҳабо, эй умидим йўлчиси шаҳрул Рамазон…
Дилнавоз БЕРДИЕВА,
биохимик.
Муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни, барча мўмин-мусулмон юртдошларимизни, бутун халқимизни улуғ ва мўътабар айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.
Жамики ислом уммати учун қадрли бўлган ушбу шукуҳли байрам – Ийд ал-Адҳони эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун, аввало, меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ижтимоий, халқчил давлат барпо этиш, унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ва таъсирчанлигини оширишда муқаддас ислом дини, унинг асосий байрамларидан бири бўлган Қурбон ҳайити ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Айниқса, бу байрамнинг инсонпарварлик, аҳиллик, саховат ва олижаноблик каби фазилатлари юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларимиз самарасини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Азиз дўстлар!
Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, ислом динининг эзгу тамойилларини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси – Самарқанд шаҳри 2025 йилда ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторига, шу йил Бухоро шаҳрида ўз фаолиятини бошлайдиган Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳам қўшилди.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида Янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланади, деб ишонаман.
Ҳурматли юртдошлар!
Шу саодатли кунларда 15 минг нафар ватандошимиз муқаддас ҳаж зиёратини адо этмоқда. Эзгу дуо ва ниятлар ижобат бўладиган мана шундай мунаввар лаҳзаларда уларни ҳам Қурбон ҳайити билан самимий қутлаб, Яратгандан юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини сўраймиз.
Умид қиламизки, муҳтарам ҳожиларимиз жамиятимизда бирдамлик, оила ва маҳаллаларимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз тарбиясини кучайтириш, уларни илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, Ватан ҳимоячиси бўлишга тарғиб этиш, муҳтож инсонларга кўмак беришда алоҳида ибрат ва намуна кўрсатадилар.
Қалбларимиз қувончга тўлган ушбу файзли кунларда хорижий давлатларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам бугунги улуғ айём билан чин дилдан қутлаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз.
Жаҳоннинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Ҳозирги кунда дунё нақадар мураккаб ва таҳликали бўлиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Бундай кескин шароитда юртимизда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб кўзлаган юксак мақсадларимизга ета оламиз.
Албатта, ўз тарихида не-не синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва олижаноб халқимиз бунга ҳар томонлама қодир.
Бу йўлда эл-юртимизга мансуб меҳр-оқибат, ўзаро бирлик ва жипслик биз учун беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қутлуғ айём барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти