Азиз ватандошлар! Аввало, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги, устоз ва уламолар номидан барчангизни Рамазон ойи билан муборак этаман! Илоҳо, ойларнинг султони бўлган Рамазон ҳар галгиданда файзли ва баракали бўлсин!
Рамазон – бу мусулмонларнинг энг улуғ ойи бўлиб, у Аллоҳ таолонинг марҳамати ва баракаси ёғиладиган, савоблар кўпаядиган, дуо ва тавбалар қабул бўладиган мўътабар ойдир. Ушбу ойни чин дилдан эъзозлаб ўтказиш, рўза тутиш, Қуръон ўқиш, хайр-эҳсон қилиш ва яхшиликни кенг ёйиш ҳар бир мусулмон учун шарафдир.
Рамазон ойининг улуғлигини тасдиқловчи оятлар ва ҳадисларда унинг фазилатлари алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:
“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” (Бақара сураси, 185-оят).
Бу ой Аллоҳ таоло томонидан мўминларга раҳмат сифатида юборилган бўлиб, унда Қуръон нозил бўлган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойининг улуғлиги ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
“Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Бу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, Рамазон мусулмонларга гуноҳлардан покланиш, қалбини тозалаш ва Аллоҳнинг раҳматига эришиш имкониятини беради.
Рамазон – бу фақат оч ва ташна юриш ойи эмас, балки мўминларнинг ўзини тарбия қилиш, гуноҳлардан тийилиш ва жамиятга фойда келтириш вақти ҳамдир. Айниқса, хайр-эҳсон қилиш бу ойда алоҳида аҳамият касб этади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида барча одамларга меҳрибон бўлиб, саховатда барчага намуна бўлганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли инсон эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келадиган пайтларда эса янада сахий бўлиб кетардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга эсувчи шамолдан ҳам тезроқ сахийлик қилишга шошардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисдаги тасвир Пайғамбаримизнинг хайр-эҳсон қилишдаги шижоат ва меҳрибонликларини очиқ-ойдин намоён этади.
Тарихда Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиб, одамларга фойда келтирган буюк инсонлар жуда кўп бўлган. Бир неча ибратли воқеалар:
Муалло ибн Фазл айтадилар: “Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар”.
Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди”.
Бу каби ибратли ҳолатлар бугунги кунда биз учун ҳам намунадир. Агар ҳар бир мусулмон қўлидан келганича одамларга яхшилик қилса, жамият янада аҳил ва баракали бўлади.
Рамазон ойи – бу нафақат рўза тутиш, балки инсонийлик, саховат ва эзгулик ойидир. Ҳар бир мўмин бу ойда имкон қадар Қуръон ўқиб, Аллоҳга яқинлашиши, хайр-эҳсон қилиб, муҳтожларга ёрдам бериши, оиласи, қўшнилари ва жамият учун фойдали ишларни қилишга ҳаракат қилиши лозим.
Бу ойда қилинган ҳар бир яхшилик, озгина садақа ва ҳатто бировга меҳр билан муомала қилиш ҳам катта савобларга сабаб бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: Кимки рўзадорни ифтор қилдирса, бас, унга унинг савоби мислича берилур (Имом Байҳақий ривояти).
Шундай экан, ушбу муборак ойда вақтимизни беҳуда ўтказмасдан, ибодат ва яхшиликлар билан банд бўлайлик. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойининг баракаларидан баҳраманд қилсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби
Иорданиянинг нуфузли “Аммон” веб-нашрида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг "Ўзбекистондаги муқаддас мерос: Катта Лангар Қуръони ҳақида” номли мақоласи чоп этилди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” номи билан аталадиган Қуръони каримнинг нусхаси дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзма асарлардан ҳисобланади. 2025 йилнинг 25 январидан 25 майига қадар Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўтказилаётган “II Халқаро Ислом санъати биенналеси”да ушбу ноёб дурдонанинг икки саҳифаси намойиш этилмоқда.
Мақолада келтирилганидек, Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 17 саҳифаси мавжуд бўлиб, биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Шарқ қўлёзмалари институтида 11604 рақами остида сақланаётган саҳифада Бақара сурасининг 26-61-оятлари кўчирилган. Мазкур институтда 2460 рақами остида сақланаётган Садир Зиё кутубхонасининг каталогида мазкур саҳифа ҳақида маълумот берилган бўлиб, унда саҳифанинг Учинчи халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу замонасида кўчирилган китобга тегишли экани айтилади.
Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси – пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 53х35 см.ни ташкил этади. Матнлар арабий ёзув усулларининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий хатида битилган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида у қайта таъмирланган.
Мақолада таъкидланганидек, Катта Лангар Қуръонининг тарихий аҳамияти, мусулмон дунёсидаги қадр-қиммати жуда юқори бўлиб, Мусҳаф кўп асрлар нафақат юртимиз, балки дунё аҳли, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилади.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Катта Лангар Қуръони Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида 2019-2021 йилларда реставрация қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
➖➖➖
"Ўзбекистондаги муқаддас мерос: Катта Лангар Қуръони ҳақида” номли мақоланинг ўзбек тилидагисини қуйида ўқишингиз мумкин.
➖➖➖
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” номи билан аталадиган Қуръони каримнинг нусхаси дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзма асарларидан ҳисобланади. Бу нусханинг Катта Лангар Қуръони деб номланиши унинг Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида сақланганига бориб тақалади. Саҳифалар узоқ вақт давомида “Катта Лангар шайхлари” деб ном олган Ишқия тариқати вакиллари томонидан асраб келинган.
Ушбу қўлёзма устида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган олимларнинг таъкидлашларича, қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги чораги – араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади.
Ҳозирги кунда ушбу қўлёзманинг 81 саҳифаси Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Машҳур шарқшунос, академик И.Ю. Крачковский ўзининг “Араб қўлёзмалари устида” китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда институт томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган.
1998 йилда профессор Е.А. Резван Шарқ қўлёзмалари институтида Е 20 инвентар рақами остида сақланаётган мазкур қўлёзма ҳақида хориж матбуотида инглиз тилида “The Qur’an and its World” мақоласини эълон қилди. Орадан бир неча ой ўтиб, француз шарқшуноси Франсуа Дерош Санкт-Петербургга хат йўллаб, Ўзбекистондаги Катта Лангар қишлоғидан топилган Қуръон саҳифалари фотонусхаларини ҳам юборади. Бу нусхалардаги ёзув тури ва услуби институтда Е 20 рақами остида сақланаётган қўлёзманики билан айнан бир хил эди.
Кейинчалик Е. Резван ушбу қўлёзманинг айрим саҳифалари Катта Лангар қишлоғида, шунингдек, Тошкент ва Бухорода ҳам сақланиши ҳақида хабар топади. 1999 йилда Катта Лангар Қуръони билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга илмий экспедицияни амалга ошириб, бир гуруҳ шарқшунос олимлар билан Тошкентда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Усмон мусҳафи ва Лангар Қуръонининг бир саҳифаси, Шарқшунослик Қўлёзмалар институтида сақланаётган 1та саҳифасини, Лангар ота масжидида сақланаётган 12 саҳифани бориб кўради. Кейинчалик бу ҳақда “Усмон Қуръони изидан” деган ҳужжатли фильм ҳам тайёрлайди.
2000 йилнинг май ойида россиялик ва голландиялик олимларнинг изланишлари натижасида, Гронинген (Голландия) университети Изотоп тадқиқотлари марказида мазкур қўлёзма пергаментининг намуналари замонавий техникалар ёрдамида радиокарбон таҳлилидан ўтказилади. Текширув натижаларига кўра, ушбу қўлёзма милодий 775–995 йиллар оралиғида кўчирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса берилди. Олимлар ушбу хулосага таяниб, қўлёзма VIII асрнинг сўнгги чорагига тегишли, деган тўхтамга келишган. Бу хулосани француз шарқшуноси Ф. Дерош ҳам тасдиқлайди.
Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд бўлиб, биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади.
Шарқ қўлёзмалари институтида 11604 рақами остида сақланаётган саҳифада “Бақара” сурасининг 26-61-оятлари кўчирилган. Мазкур институтда 2460 рақами остида сақланаётган Садир Зиё кутубхонасининг каталогида мазкур саҳифа ҳақида маълумот берилган бўлиб, унда саҳифанинг Учинчи Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу замонасида кўчирилган китобга тегишли экани айтилади.
Иккита саҳифаси Бухорода: биттаси Ибн Сино номидаги Бухоро вилоят кутубхонасида, иккинчиси Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Арк қўлёзмалар музейида сақланмоқда. Унда Мужодала сурасининг 11-оятидан Ҳашр сурасининг 3-оятигача ёзилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида Катта Лангар Қуръонининг аввалдан бир саҳифаси сақланган. 2003 йилда 12 саҳифаси Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги “Лангар ота” масжидидан келтирилган. Ҳозирда 13 та саҳифаси сақланмоқда.
Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси – пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 53х35 см.ни ташкил этади. Матнлар арабий ёзув усулларининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий хатида битилган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида у қайта таъмирланган. Муқова ҳамда саҳифаларни бир-бирига мустаҳкам бириктириш мақсадида араб тилидаги матнлар битилган қоғозлар ёпиштирилган.
Катта Лангар Қуръони йиллар давомида таъмирланиб, уни безак ва нуқталар билан тўлдириб келинганини кўришимиз мумкин. Масалан, баъзи саҳифаларнинг йиртилган бурчакларига ямоқ солинган ва ямалган жойидаги оятлар насх хати турида ёзилган. Суралар орасига нақш чизилиб, унга суранинг номи ва оятларининг сони насх хатида битилган. Баъзи саҳифалардаги баъзи калималарга ҳаракатлар қўйилганини ҳам кўришимиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Катта Лангар Қуръонининг аввалги битта саҳифасида “Бақара” сурасининг 126–150-оятлари, 12 саҳифасида Нисо сурасининг 136-оятининг ярмидан бошланиб, Моида сураси тўлиқ ва Анъом сурасининг 82-оятининг бошланишигача бўлган қисми бор.
Мавжуд саҳифалар Қуръони каримнинг икки жузини ўз ичига олган. Демак, таҳмин қилиш мумкинки, Катта Лангар Қуръони 190–200 саҳифа атрофида бўлган. Бугунги кунгача уларнинг 97 саҳифаси ёхуд 47 фоизигина етиб келган.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Катта Лангар Қуръони реставрация қилинди, яъни кўп асрлик чанг, ғубор, замбруғу зарарли бактериялардан тозаланди.
Мусҳаф саҳифалари таъмири Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида уч босқичда, яъни 2019, 2020 ва 2021 йилларда амалга оширилди.
2022 йил Ислом оламининг ноёб қўлёзмаларидан бири бўлган Катта Лангар Қуръонининг 2 саҳифаси Ўзбекистоннинг бой меросига бағишланган Париж кўргазмасида намойиш этилди.
Катта Лангар Қуръонининг тарихий аҳамияти, мусулмон дунёсидаги қадр-қиммати жуда юқори бўлиб, мусҳаф кўп асрлар нафақат юртимиз, балки дунё аҳли, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилади.
Шайх Нуриддин Холиқназар,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.