Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Апрел, 2025   |   20 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:39
Пешин
12:27
Аср
17:08
Шом
19:09
Хуфтон
20:28
Bismillah
18 Апрел, 2025, 20 Шаввол, 1446
Мақолалар

Эзгуликни улуғлайдиган, қалбларни поклайдиган ой

03.03.2025   6641   4 min.
Эзгуликни улуғлайдиган, қалбларни поклайдиган ой

Азиз ватандошлар! Аввало, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги, устоз ва уламолар номидан барчангизни Рамазон ойи билан муборак этаман! Илоҳо, ойларнинг султони бўлган Рамазон ҳар галгиданда файзли ва баракали бўлсин!
 

Рамазон – бу мусулмонларнинг энг улуғ ойи бўлиб, у Аллоҳ таолонинг марҳамати ва баракаси ёғиладиган, савоблар кўпаядиган, дуо ва тавбалар қабул бўладиган мўътабар ойдир. Ушбу ойни чин дилдан эъзозлаб ўтказиш, рўза тутиш, Қуръон ўқиш, хайр-эҳсон қилиш ва яхшиликни кенг ёйиш ҳар бир мусулмон учун шарафдир.


Рамазон ойининг улуғлигини тасдиқловчи оятлар ва ҳадисларда унинг фазилатлари алоҳида таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай марҳамат қилади:


“Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган” (Бақара сураси, 185-оят).


Бу ой Аллоҳ таоло томонидан мўминларга раҳмат сифатида юборилган бўлиб, унда Қуръон нозил бўлган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Рамазон ойининг улуғлиги ҳақида шундай марҳамат қилганлар:


“Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.


Бу ҳадисдан ҳам кўриниб турибдики, Рамазон мусулмонларга гуноҳлардан покланиш, қалбини тозалаш ва Аллоҳнинг раҳматига эришиш имкониятини беради.


Рамазон – бу фақат оч ва ташна юриш ойи эмас, балки мўминларнинг ўзини тарбия қилиш, гуноҳлардан тийилиш ва жамиятга фойда келтириш вақти ҳамдир. Айниқса, хайр-эҳсон қилиш бу ойда алоҳида аҳамият касб этади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида барча одамларга меҳрибон бўлиб, саховатда барчага намуна бўлганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:


“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли инсон эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом у зотнинг ҳузурларига келадиган пайтларда эса янада сахий бўлиб кетардилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга эсувчи шамолдан ҳам тезроқ сахийлик қилишга шошардилар” (Бухорий ва Муслим ривояти).


Бу ҳадисдаги тасвир Пайғамбаримизнинг хайр-эҳсон қилишдаги шижоат ва меҳрибонликларини очиқ-ойдин намоён этади.


Тарихда Рамазон ойида хайр-эҳсон қилиб, одамларга фойда келтирган буюк инсонлар жуда кўп бўлган. Бир неча ибратли воқеалар:


Муалло ибн Фазл айтадилар: “Солиҳ зотлар Рамазон ойи киришидан олти ой олдин Аллоҳ таолодан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилар эдилар. Рамазондан кейинги беш ой мобайнида Рамазон ойида қилган ибодатлари ва солиҳ амалларини қабул қилишини илтижо қилиб сўрардилар”.


Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳаммод ибн Абу Сулаймон сахий бой киши эди. Рамазон ойида ҳар куни юз кишига ифторлик қилиб берарди. Ийд намози ўқиб бўлингандан сўнг уларнинг ҳар бирига юз дирҳамдан эҳсон берарди”.


Бу каби ибратли ҳолатлар бугунги кунда биз учун ҳам намунадир. Агар ҳар бир мусулмон қўлидан келганича одамларга яхшилик қилса, жамият янада аҳил ва баракали бўлади.


Рамазон ойи – бу нафақат рўза тутиш, балки инсонийлик, саховат ва эзгулик ойидир. Ҳар бир мўмин бу ойда имкон қадар Қуръон ўқиб, Аллоҳга яқинлашиши, хайр-эҳсон қилиб, муҳтожларга ёрдам бериши, оиласи, қўшнилари ва жамият учун фойдали ишларни қилишга ҳаракат қилиши лозим.


Бу ойда қилинган ҳар бир яхшилик, озгина садақа ва ҳатто бировга меҳр билан муомала қилиш ҳам катта савобларга сабаб бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганлар: Кимки рўзадорни ифтор қилдирса, бас, унга унинг савоби мислича берилур (Имом Байҳақий ривояти).


Шундай экан, ушбу муборак ойда вақтимизни беҳуда ўтказмасдан, ибодат ва яхшиликлар билан банд бўлайлик. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойининг баракаларидан баҳраманд қилсин!

Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Рамазон
Бошқа мақолалар

Дажжол фитнасидан сақландингизми?

09.05.2020   5994   2 min.
Дажжол фитнасидан сақландингизми?

Каҳф сўзи “ғор” маъносини билдиради. Бу сурада бошқа қиссалар билан бир қаторда ажойиб тарихий воқеа – ғор эгалари (асҳоби каҳф) қиссаси баён этилган. Унда иймонини сақлаш учун ғорга яширинган йигитлар тўғрисида гап кетади. Шунингдек, Мусо алайҳиссалом билан Ҳизр ҳамда Зулқарнайн қиссаси ҳам сурадан ўрин олган. Қолаверса, бу сурада мол-мулк мақтанишга арзигулик нарса эмаслиги, бу дунё ҳаёти ўткинчи экани баён этилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Каҳф сураси бошидан ўн оят ёдласа, дажжол (фитнаси)дан сақланади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Каҳф сураси охирги ўн оятини ўқиса, дажжол фитнасидан сақланади”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти).

Дажжол қиёматга яқин чиқиб, илоҳликни даъво қилади, одамларни йўлдан уради,  уларга осмондаги ойни ваъда қилади, қўйниларини пуч ёнғоққа тўлдиради. Каҳф сурасини ўқиб юрган одам дажжол фитнасидан йироқ бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Каҳф сурасининг  аввалини, охирини ўқиса, оёғидан бошигача нур  порлайди. Ким (сурани) тўлиқ ўқиса,  унинг учун  осмон  билан ер ўртаси(ни тўлдирадиган) нур порлайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Саид Худрий  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинганда ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда-ким Каҳф сурасини нозил қилинганидек ўқиса, унга  қиёмат куни турган жойидан Маккагача  (бўлган масофада) нур порлайди. Ким бу сура охиридан ўн оят ўқиса, дажжол чиққанда унга ҳукмини ўтказолмайди”, деганлар (Имом Насоий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким уйқуга кетишдан олдин Каҳф сурасидан ўн оят ўқиса, дажжол фитнасидан сақланади. Ким уйғонганида Каҳфнинг охирини ўқиса, қиёмат куни бошидан оёғигача нурга тўлади”, дейилган.

Каҳф сурасини исталган вақтда ўқиса бўлади. Лекин муборак жума кунида ўқилса, нур устига нур бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, унинг учун ўзи билан икки жума ўртасини ёритувчи нур порлайди” (Имом Ҳоким ривояти).

 

Мақолалар