Масжидлардаги таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлардан кейин мўмин-мусулмон халқимиз жамоат бўлиб қилаётган дуолар шарофатидан ўлкамизга осудалик, файз-барака ёғилмоқда. Зеро, Қуръон ўқилган жойда фаровонлик бўлади. У жойларга Аллоҳнинг раҳмати, баракаси ёғилади, бало-офатлар арийди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари “омин”, деса, албатта, Аллоҳ таоло уларни ижобат қилади», деганлар (Имом Табароний ривояти).
Шу йил 3 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари пойтахтимиздаги "Кулолқўрғон" жоме масжидида жамоатга ёшларни илм ва касбга йўналтиришнинг аҳамияти мавзусида маъруза қилиб бердилар. Муфтий ҳазратлари фарзанднинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан ота-онасига боғлиқлиги, шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанди ёшлик чоғини чиройли, намунали, фойдали ва савобли ишлар билан ўтказишига ёрдамчи бўлиши лозимлиги борасида оят ва ҳадисларга таянган ҳолда сўзладилар.
Таъкидлаш жоизки, бундай маънавий-маърифий суҳбатлар юртимизнинг барча масжидларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосарлари, имом-домлаларимиз томонидан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Рамазон ойининг фазилатлари баён этилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимда ким шу ойда рўза тутганга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўза тутганнинг савобидан ҳеч кам бўлмаган савоб берилади”. Демак, ким рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Қиёматда Аллоҳ унга кавсар кўлидан бир қултум сув ичиради, натижада у жаннатга киргунча чанқамайди.
Ифторлик деганда, албатта, дастурхон ёзиб, кўп одам чақиришни тушунмаслик керак. Ёрдамга муҳтож одамларга таом ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторлик ҳисобланади.
Рамазон ойи муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти вакиллари, имом-хатиблар, нуронийлар, маҳалла фаоллари жойлардаги муҳтож оилалар, кекса ёшдаги нуронийлар ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиб, ҳомийлар кўмаги билан уларга моддий ёрдамлар берилмоқда.
Аллоҳ таоло тутаётган рўза, тоат-ибодат ва хайрли амалларимизни даргоҳида қабул айлаб, барчамизни улуғ савобларга эриштирсин!
Бегис АББАЗОВ,
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими