Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу нафақат танқидни кўтариш ва уни тўғри тушуниш, балки насиҳат тинглаш жасоратига ҳам эга эдилар.
У киши розияллоҳу анҳуда «Менинг насиҳатимни бутун дунё тинглаб турибди-ку, менга ким ҳам насиҳат қила олар эди», деган тушунча мутлақо йўқ эди.
Хавла бинти Саълабанинг насиҳати
Ибн Абу Ҳотим, Байҳақий ва Доримийлардан ривоят қилинишича, ҳазрати Умар Ибн Хаттоб ўз халифалик даврларида бир гуруҳ кишилар билан кетаётган эканлар, бир аёл у кишини узоқ тўхтатиб қолиб, халифага ваъз-насиҳат қила бошлабди.
«Эй Умар, – дебди у. – Яқиндагина «Умарча» деб аталардинг, улғайганингдан сўнг «Эй Умар» деб аталадиган бўлдинг. Энди эса «Эй амирал мўминин», деб аталмоқдасан. Аллоҳдан қўрққин, эй Умар! Ким ўлимга ишонса, умрини бекор ўтказишдан қўрқади, ким ҳисоб-китобга ишонса, азобдан қўрқади», дея сўзлайверибди у. Ҳазрати Умар бўлсалар, жим қулоқ солиб турар эканлар. Атрофдагилар у кишига:
«Эй мўминларнинг амири! Бир кампирга ҳам шунчалик тўхтаб турасизми?» дейишганида, ҳазрати Умар уларга жавобан шундай деган эканлар:
«Аллоҳга қасамки, куннинг аввалидан охиригача ушлаб турса ҳам, фарз намоз вақтидан бошқа вақтда туравераман. Бу кампирнинг кимлигини биласизларми ўзи? Бу Хавла Бинти Саълаба. Унинг сўзини Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан эшитган. Бу аёлнинг сўзларини оламларнинг Парвардигори эшитади-ю, Умар эшитмасинми?!».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг шунчалар олий мақомга эришишларига сабаб бўлган хислатларидан бири ҳам шу эди. У киши бу хислатга Қуръони Карим таълимотларини татбиқ қила бориб эришган эдилар. У киши бу хислатга ўз ҳабиблари Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларига иқтидо қилиб бориб, эришган эдилар.
Саъид ибн Омирнинг насиҳати
Ибн Саъд ва Ибн Асокир Макҳулдан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан Саъид ибн Омир ибн Ҳизям ал-Жумҳий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга:
«Эй Умар! Мен сенга насиҳат қилмоқчиман», деди.
«Жуда яхши! Менга насиҳат қил», деди Умар.
«Сенга одамлар ҳақида Аллоҳдан қўрқишингни, Аллоҳ ҳақида одамлардан қўрқмаслигингни насиҳат қиламан.
Гапинг бошқа, ишинг бошқа бўлмасин. Чунки энг яхши гап, иш билан тасдиқ топган гапдир.
Бир ишда икки хил ҳукм чиқарма. Унда ишинг ўзингга хилоф бўлиб, ҳақдан оғасан.
Ҳужжати бор ишни тут, ютуқни оласан, Аллоҳ сенга ёрдам беради ва раъиятингни солиҳ қилади.
Юзингни ҳам, ҳукмингни ҳам Аллоҳ сенга ишларини топшириб қўйган узоқ-яқин мусулмонларга қарат.
Ўзингга ва аҳли байтингга яхши кўрган нарсангни уларга ҳам яхши кўр. Ўзингга ва аҳли байтингга раво кўрмаган нарсангни уларга ҳам раво кўрма.
Ҳақ йўлида оғирликларга шўнғигин. Аллоҳнинг ҳаққида маломатчининг маломатидан қўрқма», деди.
Умар: «Унга ким қодир бўларди?» деди.
Саъид: «Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссалом умматининг ишини топшириб қўйган, сўнгра у билан Аллоҳнинг орасига биров туша олмайдиган одам», деди».
Худди ўша одам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳар доим халқ оммасининг бир-бирини камситмаслиги учун ҳаракат қилар эдилар. Ҳатто ўша вақтда мавжуд бўлган қулларга ҳам худди бошқалар каби бир хил муомала қилинишини йўлга қўяр эдилар. Ҳар ким ўз вазифасини сидқидилдан адо этсин. Аммо инсон қадри пастга урилмасин. Биров ўзини бировдан ортиқ кўрмасин.
Имом Ибн ал-Жавзий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Умар ибн Хаттоб ҳажга келди. Сафвон ибн Умайя таом пишириб, уни меҳмон қилди. Лаганни тўрт киши кўтариб келди. Таомни ейишлари учун лаган одамлар ўртасига қўйилди. Хизматчилар туриб кетдилар. Шунда Умар:
«Нима учун мен хизматчиларингизнинг сиз билан таом емаётганларини кўряпман? Ёки уларни ёқтирмайсизларми?» деди.
«Эй амирал мўъминин, Аллоҳга қасамки, ундай эмас. Лекин ўзимиз улардан узоқ бўламиз, холос», деди Суфён ибн Абдуллоҳ. Шунда ҳазрати Умар қаттиқ ғазабга келди ва:
«Бу қандай қавмки, хизматчиларидан ўзларини устун қўядилар! Аллоҳ уларни ундай қилсин, бундай қилсин!» деб, хизматчиларга қаради ва:
«Ўтиринглар! Енглар!» деди.
Амирал мўъминин ўзи емади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бу тасарруфларида қул-чўри ва бева-бечораларнинг кўнглини кўтариш, уларга янги имкониятлар очиш бор. Шунингдек, хожаларнинг ҳам тавозели бўлишлари, ходимларидан ва камбағаллардан бохабар бўлиб, уларни ўзлари билан тенг кўришларига даъват бор. Шунинг учун ҳам мусулмон жамиятида тенглик ва инсон қадрининг юқорилиги доимо сезилиб турган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қиладилар:
«Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Нофеъ ибн Абдулҳорис исмли кишини Маккага волий этиб тайинлаган эканлар. Уни Асафон номли жойда учратиб қолиб:
«Ўрнингга кимни раҳбар қилиб қўйиб келдинг?» дебдилар.
Нофеъ қуйидагича жавоб қилибди:
«Қулликдан озод бўлган Ибни Абзий исмли кишини.
«Қулликдан озод бўлган кишини дейсанми?» деб сўрабдилар ҳазрати Умар.
«Эй мўминларнинг амири, у ўзи қори, мерос илмини ҳам билади, қиссаларини ҳам», дебди Нофеъ.
Шунда ҳазрати Умар:
«Пайғамбарингиз «Албатта, Роббингиз бу китоб (Қуръон) билан баъзи қавмларнинг обрўсини кўтаради, баъзи бирлариникини эса туширади», деб айтмаганмиди?» деган эканлар.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди
Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити Исломнинг икки улуғ байрамидир. Уларнинг ҳар бирида улкан маънавий маънолар бўлиб, мусулмонлар ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, Қурбон ҳайити Исломда фидокорлик, садоқат ва бағрикенглик рамзи ҳисобланади.
Ушбу муқаддас байрам олдидан Давлатимиз раҳбарининг махсус қарорлари қабул қилиниши, Рамазон ва Қурбон ҳайити саналари дам олиш куни сифатида белгиланиши халқимизнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш, миллий ва диний қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда маънавий бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қурбон ҳайити Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида нишонланади. Уламолар таъкидлаганидек, Зулҳижжанинг аввалги ўн куни Аллоҳнинг энг маҳбуб кунларидан бири бўлиб, бу кунларда қилинадиган амаллар, ибодатлар, хайру саховатлар жуда ҳам улуғ ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло ҳузурида яхши амаллар Зулҳижжанинг биринчи ўн кунида қилинадиган амаллардек афзалроқ амал йўқ”, — деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, ушбу кунларда яхши амалларга шошилиш, савобли ишларга улгуриб қолиш айни муддаодир.
Қурбон ҳайитининг фазилатлари амалларидан бири – қурбонлик қилиш ҳисобланади. Қурбонлик, Ислом динида аҳамияти катта бўлган амаллардан бири бўлиб, у Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳнинг розилиги учун фидоийлик ифодаси ўлароқ жонлиқ сўйишдир. Бу амал ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилиш, фидокорлик, сабр ва тақво каби тушунчаларни ифода этади.
Қурбонлик қилиш нафақат инсоннинг тақвоси, балки ижтимоий меҳр-оқибат, муҳтожларга ғамхўрлик белгисидир. Қурбонлик гўшти фақирларга, қариндошларга, қўшниларга тарқатилиши, аҳиллик ва меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлайди.
Қурбон ҳайити — бу аҳиллик ва муштаракликнинг рамзи бўлиб, бу кунда мусулмонлар ўз қариндошлари, қўшнилари, дўстларининг ҳолидан хабар оладилар, узоқдаги яқинларини йўқлаб боришга ҳаракат қиладилар. Айниқса, кекса, бемор, ёлғиз кишилар ҳолидан хабар олиш — динимизда юксак ажр ҳамда эътиборга сазовор амал ҳисобланади.
Қурбон ҳайити инсонларни бир-бирига яқинлаштиради, меҳру шафқатни уйғотади, байрам муносабати билан эҳсон қилиш, болалар ва кексаларни хурсанд қилиш каби амаллар нафақат шахсий савоб, балки жамиятдаги яхшилик муҳитини янада мустаҳкамлайди.
Бу кунда имкони бор инсонлар кам таъминланган оилалар, етимлар, эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, уларга хурсандчилик улашсалар, бу амалнинг савоби беқиёсдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундан бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”, — дедилар (Имом Муслим ривояти).
Азизлар, айни кунларда юртимиздан 15 минг нафардан зиёд юртдошларимиз Исломнинг беш устунидан бири бўлган Ҳаж ибодатини адо этишга тараддуд кўрмоқдалар. Улар орасида юзлаб нуронийлар, оналаримиз, устоз ва зиёлилар бор. Бу ҳар бир юртдошимизнинг қалбида қувонч уйғотади. Айниқса, мамлакатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазрат билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳожиларимиз аҳволидан хабар олганелари, уларга муборак сафарда тўлиқ шароит яратилиши, Ҳаж ибодатини хотиржам ва мукаммал адо этишлари учун зарур кўмак ва дуоларини изҳор этганлари катта воқеа бўлди.
Бу воқелик юртимизда дин ва давлат муносабатлари янги, барқарор ва ҳамжиҳат заминда қурилаётганидан далолатдир. Бу – халқимизнинг муқаддас қадриятларига ҳурмат, Исломнинг пок таълимотига бўлган эҳтиром намунасидир.
Бу каби юксак эътиборлар юртимизда дин ва давлат ўртасидаги мувозанатли муносабатнинг, халқнинг эътиқоди ва қадриятига нисбатан ҳурмат ва эъзознинг амалий намунасидир.
Муҳтарам юртдошлар! Фурсатдан фойдаланиб барчаларингизни ийд ал-Азхо – Қурбон ҳайити билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз тинчликлиги барқарор, халқимиз тотувлиги бардавом бўлсин, динимиз янада равнақ топсин, хонадонингиздан файзу барака аримасин!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Убайдуллоҳ Абдуллаев,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби