Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Рўза тутиш учун саҳарликка туриш мустаҳаб амал эканлигига бутун уммат ижмоъ қилган. Уни тарк қилган гуноҳкор бўлиб қолмайди, албатта.
Имом Бухорий ва Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:
تسحروا فانّ السحور بركة
«Саҳарлик қилинглар! Зеро, шак йўқки, саҳарлик баракадир!».
Миқдом ибн Маъдикараба розияллоҳу анҳу ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу саҳарликни ўзингизга лозим тутинглар! Зеро, бу муборак озиқдир», дедилар.
Имом Насоий ривоят қилган.
Бараканинг сабаби рўзадор қувватли бўлади, хурсанд бўлади, рўза тутиши осон бўлади. Боз устига, охиратдаги савоби ҳам бор.
Шунинг учун саҳарлик қилиш керак. У озгина таом, гарчи бир қултум сув бўлса ҳам кифоя қилади.
Имом Аҳмад Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:
السحور بركة فلا تدعوه ولو ان يجرع احدكم جرعة ماء فانّ الله وملائكته يصلون على المتسحرين
«Саҳарлик баракадир. Шунинг учун, ҳеч бирингиз уни бир қултум сув ичиб бўлса ҳам тарк қилманглар. Зеро, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга саловот айтурлар».
Саҳарлик қилишнинг вақти тун ярмидан бошлаб то тонг отгунгачадир. Лекин, кечиктириб саҳарлик қилиш авлодир. Яъни, тонг отишидан сал олдин саҳарлик тугатилиши яхшироқ.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтадилар: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга саҳарлик қилар эдик. Сўнг намозга турар эдик. «Икковининг ораси қанча вақт эди?» – деб сўралди.
У: «Эллик оят ўқиш миқдорича эди», деди.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.
Тобеинлардан Амр ибн Маймунадан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари одамлар ичида ифторга энг шошадигани, саҳарликни энг кечиктирадигани бўлган эканлар.
Имом Байҳақий ривоят қилган.
Аммо, шуни билмоқ керакки, саҳарликни кечиктирганда, агар тонг отиб кетди, деган гумон бўладиган бўлса, унда еб-ичиб ўтириш макруҳ бўлади. Тонг отгани аниқ бўлганда ейиш эса, рўзани бузади.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло сизга ато этган неъматларини ич-ичингиздан эътироф этинг. Аллоҳ таолонинг неъматларини тилга чиқариш орқали унга шукр қилинг. Бу Зуҳо сурасининг 11-оятида ўз тасдиғини топган: «Парвардигорингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!».
Аллоҳга бўлган муҳаббатингизни янгилаб туринг! Бу неъматларни ато этган Зот хуш кўрмаган йўлларга сарфламанг. Тилингизга Аллоҳнинг зикрини, аъзоларингизга эса тоатларини жорий қилинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким шу “Аллоҳумма маа асбаҳа бий мин неъматин фа минка ваҳдак, лаа шарийка лак, фа лакал ҳамду ва лакаш шукр” деган дуони тонг отган пайтда айтса, шу куннинг шукрини адо этибди. Кечда ҳам шуни айтиб дуо қилса, ўша кечнинг шукрини адо этибди”, дея кўп бора такрорлаганлар. Ушбу неъматларни Аллоҳга маъсият бўладиган йўлда ишлатманг.
Ибн Мункадир бир қизнинг бошини айлантириб турган йигитнинг олдидан ўта туриб: “Эй ўғлим, Аллоҳ сенга берган неъматларига жавоб бундай бўлмайди?” – дедилар.
Аллоҳ таоло сизга соғлигу ёшлик неъматини бериб, сизни шу неъмат билан сийласа-ю, сиз У Зотга маъсият, гуноҳ билан жавоб қайтарасизми?! Бир ўйлаб кўргин-чи, сиз ҳақиқий шукр қилувчи бандамисиз?! Сиз Аллоҳга муҳаббат қўйгувчимисиз?! Сиз Аллоҳнинг неъматларини эътироф этгувчимисиз?! Шукрнинг таъсири сизнинг қалбингиз ва аъзоларингизда акс этадими? Яна муомалангиз ҳамда хулқ-атворингизда намоён бўладими?!
Имом Мубаррад айтадилар:
Неъматга шукр этсам, бу ҳам бир неъмат,
Шукрга шукрона вожибдир асли.
Ҳеч кимса топмагай ўзича, албат,
Етган шукрона ҳам Аллоҳнинг фазли.
Бу тўртликнинг маъноси қуйидагича: Аллоҳ таолони мақташ фақат Ўзининг тавфиқи орқалигина бўлади. Сизни Ўзига шукр қилишдек ишга муваффақ айлагани учун ҳам Аллоҳ таолога мақтов йўллашингиз зарур. Биринчи ҳамд учун ҳамд айтиш вожиб бўлганидек, иккинчиси учун ҳам ҳамд айтиш лозим бўлади. Бу эса ниҳоясиз давом этаверади.
Абул Атоҳия жуда чиройли бир гап айтган эканлар:
Шукринг зиёда бўлмаса ҳар неъмати бирла,
Ўзингни асло шокирлардан деб билма!
Аллоҳ таоло Иброҳим сурасининг 7-оятида айтади: «...Қасамки, агар сизлар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...».
Улуғлардан бири: “Қалблар табиатан ким унга яхшилик қилса, ўшани яхши кўрадиган қилиб яратилган. Аллоҳнигина муҳсин эканини билган киши нақадар ажабланарли, нима сабабдан у ўшал Зот тарафига бутун вужуди билан интилмайди?!”.
Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ дуоларида бундай дер эдилар: “Роббим! Мен Сенинг неъматларингни куфрга алмаштириб қўйишим, неъматларингни танигач, унга нонкўрлик қилишим ёки уларни унутиб, мақтамай қўйишимдан паноҳ сўрайман”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг “Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.