Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Апрел, 2025   |   7 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:39
Қуёш
06:00
Пешин
12:31
Аср
16:59
Шом
18:55
Хуфтон
20:11
Bismillah
05 Апрел, 2025, 7 Шаввол, 1446
Мақолалар

Фитр садақасини бердингизми?

14.03.2025   15883   4 min.
Фитр садақасини бердингизми?

ФИТР САДАҚАСИ НИМА УЧУН БЕРИЛАДИ?

Фитр садақаси – рўзадан чиқиш муносабати билан бериладиган садақа. У Рамазон ойида беҳуда гап-сўзлар, қилинган хато ва камчиликларни ювиш ҳамда камбағал, мискинлар, етим ва бечораларнинг очликларини кетказиш мақсадида жорий қилинган.

Имом Вакиъ ибн Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Фитр садақаси – саҳв саждасига ўхшайди. Намознинг вожиб амали тарк бўлганда, саҳв саждаси билан намоз тўғрилангандек, фитр садақаси ҳам рўзанинг камчиликларини тўлдиради”.

Ҳанафий мазҳабида фитр садақаси вожиб амал ҳисобланади.

 

ҚАЧОН БЕРИЛИШИ КЕРАК?

Фитр садақасини рамазон ҳайити куни тонг отгандан яъни бомдод намозининг вақти киргандан бошлаб ҳайит намозига чиқишдан олдинги вақтга қадар бериш вожиб. Рамазон ойи бошланиши билан берилса ҳам бўлади.

Аммо ҳайит намозидан кейинга қолдирмаслик керак. Агарда киши фитр садақасини ҳайит намозигача бера олмаса, намоздан кейин беради, лекин савоби рамазон ойида берганчалик бўлмайди, аммо бериши шарт. Яъни уни беролмай қолган киши зиммасида фитр садақасини бериш вожиб бўлиб қолаверади.

 

КИМЛАР БЕРИШИ КЕРАК?

Хур, нисоб миқдоридаги мулкка эга бўлган (фитр садақасининг нисобида молнинг ўсувчи бўлиши эътиборга олинмайди) мусулмон эркак ва аёлнинг зиммасига фитр садақасини бериш вожиб бўлади. Нисоб миқдоридаги мулкка эга киши балоғатга етмаган болалари номидан фитр садақасини бериши вожиб.

Киши аёли ва балоғатга етган фарзандлари учун фитр садақасини бериши вожиб эмас, балки уларнинг ўзлари бериши мақсадга мувофиқ саналади. Аммо балоғатга етган фарзандлари ва аёли учун улар айтишмаса ҳам, фитр садақасини берса, улар зиммасидан фитр садақаси соқит бўлади.

Ҳайит кечаси туғилган чақалоқ учун ҳам отаси фитр садақа бериши вожиб бўлади. Ҳомила ва ҳайит кунидан олдин вафот этганлар учун эса вожиб бўлмайди.

 

КИМЛАРГА БЕРИЛАДИ?

Фитр садақаси мусулмон камбағал-мискинларга берилади. “Фатавои Ҳиндия” китобида келтирилишича, фитрни беришда энг афзали, аввало, (камбағал) ака-ука, опа-сингиллар ҳисобланади. Сўнгра уларнинг фарзандлари. Улардан кейин амаки-аммалар, сўнгра уларнинг фарзандлари. Тоға-холалар ва уларнинг фарзандлари сўнг юқоридагилардан ташқари қариндошлар. Улардан кейин қўшнилар, касбдошлар, кейин ҳамшаҳарлар ёки қишлоқдошлар ҳақли ҳисобланади.

 

КИМЛАРГА БЕРИЛМАЙДИ?

Фитр садақаси нисоб миқдорича моли бўлган бой кишига, ўзининг ота-онаси, бобо-момосига, ўзининг ўғил-қизларига ва уларнинг фарзандларига, эр-хотин бир-бирига бериш мумкин эмас.

Шунингдек, ғайридинга, фосиққа, гуноҳ ва маъсиятга, шунингдек мусулмонларга зарар келтирадиган ҳар қандай ишларга сарфлайдиган кимсаларга берилмайди.

Фитр садақасини муҳтожларнинг қўлларига қийматини бериш жоиз. Бу пуллар масжид қурилиши, умумий хайрия ишлари учун берилиши мумкин эмас.

 

РЎЗА ТУТМАГАНЛАР ҲАМ ФИТР САДАҚАСИНИ БЕРАДИМИ?

Бирор узр сабабли рўза тута олмаганлар ҳам ўзлари ёки улар номидан нафақа бериши керак бўлган одам фитр садақасини бериши керак.

 

ФИТР САДАҚАСИ ҚАНЧА МИҚДОРДА БЕРИЛАДИ?

2025 йил учун ҳар бир жон бошига фитр садақасининг миқдори:

  • буғдой унидан – 10 000 (ўн минг) сўм;
  • арпадан – 16 000 (ўн олти минг) сўм;
  • майиздан – 110 000 (бир юз ўн минг) сўм;
  • хурмодан – 180 000 (бир юз саксон минг) сўм деб белгиланди.

Ҳар ким ўз имкониятига қараб ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя.

Эслатма! Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Агар шайтон васваса қилса…

04.04.2025   1804   3 min.
Агар шайтон васваса қилса…

1. Шайтон инсонларнинг қўлидаги нарсага таъмагирлик қилишга васваса қилади.

Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги ваъдасини эсланг: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-маҳфуз)да (ёзилган)дир” (Ҳуд сураси, 6-оят).


2. Шайтон узун орзулар қилишга васваса қилиб, ўлимни унуттиради.

Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Бирор жон эртага нима иш қилишини билмас. Бирор жон қаерда ўлишини ҳам билмас. Албатта, Аллоҳ (ҳамма нарсани) билувчи ва хабардор зотдир (Луқмон сураси, 34-оят).


3. Шайтон бу дунёни ўйин-кулгу, маишат билан ўтказишга васваса қилади.

Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: (Эй, Муҳаммад!) Уларга қўйиб беринг: есинлар, фойдалансинлар ва орзулар уларни машғул қилаверсин! Бас, яқинда (қилмишларининг оқибатини) билиб олурлар” (Ҳижр сураси, 3-оят).


4. Шайтон инсонлардан умидвор бўлишга, уларга суянишга васваса қилади.

​Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар...(Талоқ сураси, 2-3 – оятлар).


5. Шайтон мусулмонлар устидан мазах қилишга, уларни камситишга васваса қилади.

Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Ҳолбуки, куч-қудрат фақат Аллоҳники, Унинг пайғамбариники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар” (Мунофиқун, 8-оят).


6. Шайтон обрў-эътибор қозониш, одамларнинг олқишларига учишга васваса қилади.

Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: (Эй, Муҳаммад!) Роббингизнинг раҳматини (пайғамбарликни) улар тақсимлайдиларми?! Уларнинг дунё ҳаётидаги тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз тақсимлаганмиз ва бир-бирларини бўйин сундириш (ишлатиш)лари учун баъзиларини баъзиларидан даражаларини кўтариб қўйганмиз. Роббингизнинг раҳмати эса улар тўплайдиган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Зуҳруф сураси, 32-оят).


7. Шайтон зиқналик қилишга, мол-дунё тўплашга васваса қилади.

Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Сизларнинг ҳузурингиздаги нарсалар тугаб кетур. Аллоҳ даргоҳидаги нарсалар эса боқийдир. Биз, албатта, сабр этганларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 96-оят).


8. Шайтон ғурурга кетишга, бошқаларни паст санашга васваса қилади.

Шунда Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини эсланг: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир..." (Ҳужурот сураси, 13-оят).


Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўли – ҳидоятида собит қадам қилсин. Шайтон васвасасидан ўз паноҳида сақласин.


Даврон НУРМУҲАММАД