Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Буюк ватандошимиз, исломий илмлар ривожига улкан ҳисса қўшган беназир аллома, калом илмининг султони Имом Абу Мансур Мотуридийнинг (кейинги ўринларда – Имом Мотуридий) ибратли ҳаёт йўли ва бой илмий-маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганишни рағбатлантириш, мотуридийлик таълимотига хос бағрикенглик ва мўътадиллик тамойилларини халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида қарор қиламан:
1. Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2025 йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда – Ташкилий қўмита) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ташкилий қўмита (А.Арипов) икки ҳафта муддатда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини алломанинг ислом оламидаги обрў-эътибори ва нуфузига муносиб тарзда юқори савияда нишонлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутадиган чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин:
(а) 2025 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказиш;
(б) хорижлик тадқиқотчилар ўртасида мотуридийлик таълимоти бўйича илмий танлов ўтказиш, ғолиблар иштирокида Ўзбекистонда маданий-маърифий учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этиш;
(в) Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарлари ва мотуридийлик таълимотига оид манбаларнинг ўзбек ва хорижий тиллардаги илмий-изоҳли академик таржималарини нашр этиш;
(г) Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигига бағишланган эсдалик сувенирларини муомалага чиқариш ҳамда почта маркалари, тақвимлар, буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва илмий меросини ёритиб берадиган бошқа кўргазмали ахборот воситалари туркумини яратиш;
(д) Имом Мотуридийнинг серқирра ҳаёт йўли ва илмий меросининг бугунги кундаги аҳамиятини очиб берадиган бадиий-публицистик фильм яратиш;
(е) Самарқанд вилоятида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти йўналишида фаолият олиб борган алломаларнинг ҳаёти, илмий ва ижодий меросига бағишланган асарларнинг нодир қўлёзма ва нашр нусхалари ҳамда китоблари кўргазмасини ташкил этиш;
(ж) Самарқанд шаҳридаги Абу Мансур Мотуридий мажмуасини қайта таъмирлаш ва ободонлаштириш.
4. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
(а) Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда 2025 йил май ва октябрь ойларида Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусида республика илмий-амалий конференциясини ҳамда илмий мақолалар танловини ўтказсин;
(б) мотуридийлик таълимотига мансуб алломаларнинг илмий мероси ва ноёб қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини белгиланган тартибда шакллантириб борсин.
5. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига имом-хатиблар ҳамда диний таълим муассасалари талабалари ўртасида “Мотуридийлик таълимоти билимдони” танловини ўтказиш ва ғолибларни муносиб тақдирлаш тавсия этилсин.
6.Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан биргаликда 2025 йил давомида жойларда Имом Мотуридийнинг илмий меросига бағишланган давра суҳбатларини ташкил этсин.
7. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази Маданий мерос агентлиги билан биргаликда:
(а) хорижий мамлакатларда сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига мансуб алломаларнинг ҳаёти ва илмий меросига оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни тизимли равишда ташкил этсин;
(б) Имом Мотуридийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган юқори сифатли медиамаҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, интернет тармоғи ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Дунё” ахборот агентлиги ва Ўзбекистон миллий медиа ассоциациясига Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Қ. Давлетов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев
манба: https://president.uz/uz/lists/view/7946
Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Имом Бухорий, Имом Мотурудий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси масъул ходимларидан иборат илмий гуруҳнинг Индонезияга ташрифи ушбу мамлакатнинг етакчи босма ва электрон нашрлари томонидан кенг ёритилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Жумладан, Индонезиянинг "CNN Indonesia" ахборот агентлиги "Ўзбекистон делегацияси Индонезияга ташриф буюрди" сарлавҳали мақолани эълон қилди. Унда Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университетида "Мовароуннаҳрдан Жануби-Шарқий Осиёга: ҳадис илмлари ва интеллектуал алоқалар" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтгани ва мазкур анжуманда Ўзбекистондан етакчи олимлар иштирок этгани маълум қилинган.
"Тадбир илмий мулоқот шаклида ташкил этилган бўлиб, унинг доирасида Имом Бухорий меросини ўрганиш, Мавароуннаҳр уламоларининг Индонезия оролларида ислом динини тарқатишда тутган ўрни, ҳадисшунослик йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди", – деб ёзган ахборот агентлиги.
Ўзбекистон делегациясининг ташрифи доирасида бўлиб ўтган қатор тадбирлар икки мамлакат ўртасида исломий маърифат, таълим, диний бағрикенглик ва тарихий меросни асраб-авайлаш соҳаларида алоқаларни янада мустаҳкамлаши таъкидланган.
Мақолада хабар қилинишича Ўзбекистон илмий-маърифий доиралари вакиллари Индонезия халқ манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазири Мухаймин Искандар, экология вазири ўринбосари Диас Хендраприоно, Уламолар Кенгаши ва "Наҳдатул уламо" ташкилоти раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди.
"Businessreview" веб-сайти "Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ҳамкорлиги диний мўътадиллик ва ислом таълими тизимини мустаҳкамлайди" сарлавҳали мақолани эълон қилди.
Нашрда Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Шариф Ҳидоятулла номидаги Жакарта давлат ислом университети ҳамкорлигида Индонезия пойтахтида илмий-амалий конференция ташкил этилгани қайд этилган.
Материалда ёзилишича, анжуманда Мавороуннаҳр тарихи, Имом Бухорий мероси, Марказий Осиё уламоларининг Индонезияда ислом таълимотини тарқатишда тутган ўрни каби мавзулар муҳокама қилинди.
Ушбу мамлакатдаги "Aspirasi Nusantara" электрон нашри Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази директори ўринбосари "Наҳдлатул уламо" ташкилоти фаолияти билан танишгани ҳақида ёзди. Маълум қилинишича, шу йил 2 июль куни Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломов Индонезиядаги энг йирик ташкилот "Наҳдлатул уламо" раҳбарияти билан учрашди.
"Наҳдлатул уламо" ташкилоти қошидаги Илмий марказ раҳбари Абшор Абдулло Имом Мотуридий таълимоти сунний калом илмида мўътадил, ақл ва мантиққа таянадиган йўналиш эканини қайд этди" – деб ёзган электрон нашр.
Томонлар таълим соҳасида алоқаларни кенгайтириш, талабалар алмашувини амалга ошириш ва зиёрат туризми йўналишида дастурлар ишлаб чиқиш каби мавзуларда фикр алмашдилар.
Индонезиянинг "Jakarta Merdeka" онлайн портали эса "Богор Ботаника боғида дўстлик дарахти экилди" сарлавҳали мақолани эълон қилинди. Унда Ўзбекистон делегацияси аъзолари Богор шаҳридаги Индонезия Миллий Ботаника боғида дарахт экиш маросимида иштирок этгани ва Индонезия экология вазири ўринбосари билан учрашув ўтказгани маълум қилинган.
"Вазир ўринбосари Диас Хендраприоно Имом Бухорий тўплаган ҳадислар орасида табиатни асрашга оид насиҳат ва тавсиялар кўп эканини таъкидлади. Бу эса ислом таълимотида экологик билим ва онг асосий ўрин тутишининг яққол далилидир", – деб ёзилган "Jakarta Merdeka" мақоласида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати