Анқара университети профессори, мотуридийшунос олим Сўнмез Кутл (Туркия) "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 14 мартдаги "Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори ҳақидаги фикрларини билдирди:
– Бугун жуда ҳам қувончли хабар эшитдим. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида" қарор қабул қилгани, шу муносабат билан кўплаб илмий-маданий тадбирлар, жумладан, "Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти" мавзусида халқаро анжуман ўтказилиши мени бағоят мамнун қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ханафий-мотуридий таълимоти атрофида бирлашган туркий давлатлар етакчилари орасида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига энг катта эътибор қаратиб келаётган давлат раҳбари сифатида алоҳида ажралиб турибди. Бунинг учун мен мамлакатингиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдираман.
Имом Мотуридий Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг улуғ инъом, бебаҳо туҳфадир. Зотан, у бағрикенглик ва мўътадилликка асосланган қарашлари, маърифий ғоялари билан нафақат ислом цивилизациясига, балки умумбашарий тамаддунга бебаҳо ҳисса қўшган буюк алломадир. Унинг тафаккури марказида инсон эрки, ақл ва илм туради.
Аллоҳ таоло инсонни энг гўзал суратда яратган. Инсон ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ мавжудотдир. Барча инсонлар Одам Атонинг фарзандлари бўлгани сабабли, инсонийлик жиҳатидан ўзаро биродар ҳисобланадилар. Улар орасидаги мусулмонлар динда ҳам биродардирлар. Инсонларнинг ўзаро устунлиги ахлоқий фазилатлар, таълим-тарбия билангина ўлчанади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Имом Мотуридий таваллудини кенг нишонлаш ҳақидаги қарори алломаларга юксак эҳтиром ифодаси ўлароқ ёш авлодни мутаассиб оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга ҳам хизмат қилади. Зеро, X асрда мўътадил таълимотни инсониятга тарғиб қилган Имом Мотуридийни хотирлаш орқали бугун жамиятда ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезилаётган тинчлик, бағрикенглик, мўътадиллик маданиятини таъминлаш сари муҳим қадам қўйилади.
Умрининг катта қисмини Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга бағишлаган бир инсон сифатида мен бу борада ҳар қандай вазифага ҳисса қўшишни шараф, деб биламан.
"Дунё" АА
“Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз” ташаббуси доирасида Республикамиз ҳожилари иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари қизғин давом этмоқда. Шу чоққача бўлиб ўтган 81 минг 116 та тадбирда 494 327 нафар юртдошимиз қамраб олинди.
Уларнинг оилавий шароитларидан келиб чиқиб, тинчлик қадри ва шукроналик, ёшлар тарбияси, иллатларга барҳам бериш, илм-маърифатга тарғиб, ёт ғояларга қарши курашиш мавзуларида суҳбатлар ўтказилди. Эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, моддий ёрдамлар берилди.
Диний соҳа вакиллари билан бир қаторда 11 мингдан зиёд ҳожилар иштирок этаётган тадбирлар натижасида низоли оилалар яраштирилмоқда, ёт унсурлар таъсирига тушиб қолганлар тўғри йўлга қайтмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати