Тошкент ислом институтининг 3-курс қорияси Робияхон Музаффархонова 30 пора Қуръони каримни бир кунда, 12 соат давомида ёддан ўқиб берди.
Қуръони каримни ўқиш жараёнини “Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчилари Жаҳонгир қори Неъматов, Аҳмадхон қори Рашидов, Валихон қори Азимбоев, Абдулбосит қори Қобилов, Робия Нажмиддинова ва бошқа устоз ҳамда талабалар кузатиб боришди.
Тошкент ислом институти ректори, тарих фанлари номзоди Уйғун домла Ғофуров мазкур натижани эътироф этиб, устозларга ғайрат ва шижоат тилади. Қуръони каримни 12 соатда ёддан ўқиб хатм қилган Робияхон Музаффархонова ноутбук ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Таъкидлаш жоизки, “Қуръон илмлари” кафедраси устозларининг меҳнати натижасида Тошкент Ислом институтида Қуръони каримни бир кунда тўлиқ ёддан ўқиб бериш анъанага айланди. Бугунга қадар бундай ютуққа эришган қория талабалар сони 12 нафарга етди.
Шу вақтгача ушбу натижага Гулруҳ Кенжабек қизи, Робия Нажмиддинова, Фотима Абдуллаева, Ҳавасхон Акбарова, Назокат Сайдиллаева, Ҳуснора Мираҳмадова, Мухлиса Муҳамматханова, Хадича Қурбонова, Муҳсина Орифжонова, Амина Хўжаёр, Руқайя Юсуфий эришган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар умматимга қийин қилиб қўй(ишни ўйла)маганимда, уларни саҳарларда, албатта, мисвок қилишга буюрган бўлардим!” дедилар (Абу Нуайм ривояти).
“Худди котиб қулоғига қалам қистирганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қулоқларига мисвок қистириб олар эдилар” (Байҳақий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, саҳобалар ҳам мисвок тутишга катта эътибор беришган.
Миқдом ибн Шурайҳ ибн Ҳониъ Ҳорисий отасидан ривоят қилади: “Мен Оиша розияллоҳу анҳодан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирсалар, ишни нимадан бошлар эдилар?” деб сўраганимда, “Мисвок (ишлатиш) билан”, деб жавоб бердилар” (Имом Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Бу ривоятдан мисвок ишлатиш фақат таҳорат ва намоз вақтига боғлиқ эмаслигини билиб оламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оила аъзоларига чиройли суратда юзланиш учун уйга киришлари билан мисвок қилганлар.
Аллома Муновий бунга қуйидагича далил келтиради: “Мусулмон киши уйга кирганида аҳлига салом бериши керак. Саломда Аллоҳнинг исми бор. Аллоҳнинг исми эса фақат пок оғиз билан айтилади”.
Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвок қилмасдан туриб, намоз ўқиш учун ташқарига (яъни, масжидга) чиқмасдилар” (Имом Табароний ривояти).
Баъзи уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб: “Уйда ёки масжидга кирмасдан олдин мисвок қилиб олингани маъқул”, дейишган.
Тунги уйқудан таҳажжуд ёки бомдод намозларига турилганида мисвок қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқдир. Гарчи ҳадисда тунги уйқу назарда тутилган бўлса-да, умуман, кундузги уйқудан кейин ҳам мисвок қилиш яхшидир.
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “У зотнинг таҳорат суви ва мисвоклари тайёрлаб қўйилар эди. Тунда уйқудан уйғонганларида, олдин ҳожатга бориб, сўнгра мисвок ишлатар эдилар” (Абу Довуд ривояти).
Жума куни мисвок ишлатиш ҳақида ҳам алоҳида таъкидланган. Чунки бу куни мўмин-мусулмонлар жума намозини ўқиш учун масжидга тўпланишади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвокни ёнларига ҳозирлаб қўйган ҳолда ухлардилар. Уйқудан уйғонганларида ишни мисвок қилишдан бошлар эдилар” (Аҳмад, Абу Яъло ва Табароний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эртаю кеч жиддий аҳамият берган нарсага бизлар ҳам эътибор қаратишимиз зарур. Бу эса ўз ўрнида тишларни тоза тутиш ўта фазилатли амал эканига ишорадир.
Одилхон қори Юнусхон ўғли