Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Апрел, 2025   |   10 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:33
Қуёш
05:55
Пешин
12:30
Аср
17:01
Шом
18:59
Хуфтон
20:15
Bismillah
08 Апрел, 2025, 10 Шаввол, 1446
Янгиликлар

Талабалар билан давра суҳбати ўтказилди

19.03.2025   21484   2 min.
Талабалар билан давра суҳбати ўтказилди

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида жуда муҳим анъана йўлга қўйилган. Бу институт раҳбариятининг талабалар билан доимий мулоқотда бўлиб туришини ўз ичига олади. Куни кеча мазкур анъананинг амалий кўриниши сифатида долзарб мавзуда навбатдаги давра суҳбати ташкил этилди.
 

Институт ректори Уйғун Ғафуров, Илмий ишлар ва фан бўйича проректор Соатмурод Примов, “Қуръон илмлари” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов талаба-қизлар билан бугунги куннинг муҳим масалалари, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги тарғибот ишларида янгича ёндашувларни қўллаш юзасидан давра суҳбати ўтказди.


Учрашув илмий, маънавий-маърифий, ахлоқий ва сиёсий соҳаларни ўз ичига қамраб олди. Талаба-қизларнинг иш самарадорлиги нафақат институт ёки диний соҳа доирасида, балки уларнинг жамият олдидаги фуқаролик позицияси, Янги Ўзбекистоннинг маърифатли аёли тимсолини шакллантириш юзасидан масъулиятлари ҳақида тўхталиб ўтилди.


Талабаларга маҳаллий ва халқаро миқёсда амалга оширалаётган муҳим сиёсий жараёнлар ҳақида маълумот берилиб, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти очиб берилди.


Давра суҳбати қизғин ва фаол мулоқот шаклида ўтказилиб, устозлар талабаларни илмий жиҳатдан шижоатлантирди ҳамда юқори муваффақиятларга эришиш усуллари ва уларнинг тадрижий босқичлари борасида тавсиялар берилди.


Шунингдек, учрашувда институт ректори У.Ғафуров талабаларнинг илмий изланишлари муҳимлигини таъкидлаб, Давлат Раҳбарининг Ўзбекистонда ислом цивилизацияси марказига қилинган ташриф доирасида диний-маърифий соҳа вакиллари олдига қўйган муҳим вазифаларини ва ҳамда талабаларнинг бу вазифаларни бажаришга салоҳиятли кадр бўлишлари муҳимлигини эслатиб ўтди.


Суҳбат хайрли дуо билан якунланди. Унда устозлар Яратгандан талабаларнинг илмий фаолиятларига муваффақият ва барака сўради.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

 

Талабалар билан давра суҳбати ўтказилди Талабалар билан давра суҳбати ўтказилди
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Ислом динининг мукаммаллиги уни ўзига ром этган

07.04.2025   1237   5 min.
Ислом динининг мукаммаллиги уни ўзига ром этган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугун сизларга кўпчилик танимайдиган бир инсон ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Унинг асл исми Леопольд Вайс. У 1900 йилда Австрия-Венгрия империясида туғилган яҳудийлардан бўлиб, ёзувчи, журналист, мутафаккир, тилшунос, ижтимоий танқидчи, ислоҳотчи, таржимон, дипломат, файласуф ва сайёҳдир.

1922 йилнинг баҳорида Вайс Қуддусда маҳаллий психиатрик клиника шифокори бўлган амакиси Дориан Фейгенбаумдан Иерусалимга ташриф буюриб, бир мунча вақт шаҳарда қолиш таклифини олади.

Иерусалим шаҳрида Вайс мусулмонлар ҳаёти билан яқиндан танишди. Ақсо масжидига зиёратлар уюштирди.

Мусулмонларнинг жамоавий тарзда бироқ, бир тану бир жон бўлиб, амалга оширувчи тартибли ва гўзал ибодатлари уни ўзига ром этди. Масжидларда у ҳақиқий сакинат ва ором манбасини кўрди. Аллоҳнинг мазкур ибодатлар асносида уларга бошқалардан кўра яқинроқ бўлишини ақли билан ҳис этди.

1923 йили Леопольд Вайс Иорданияга ташриф буюрди. Сўнгра, Исломни яхшилаб ўрганиш учун Сурияга сафар қилди. 13 ёшидаёқ иброний тилини мукаммал даражада ўрганиб, эски аҳд ва унга боғлиқ китобларни мутолаа қилишни бошлаган, инглиз, немис тилларини мукаммал даражада ўрганган Леопольд Вайс Сурияга кўчиб ўтгандан сўнг араб тилини пухта ўрганишга ўзини бағишлади.

Қуръони каримнинг бир неча хил тафсирларини араб тилида ўқиб чиқди. Ҳадиси шарифларни ўрганди ва исломга тааллуқли бўлган кўплаб китоблар билан танишиб чиқди. 

Ислом динининг мукаммаллиги уни ўзига ром этган ва ҳайратга солган эди. Леопольд Вайс христианлик ва яҳудийлик динидаги кўплаб мураккаб ва тушуниш қийин бўлган диний расм-русумлар, ақлга зид бўлган эътиқодий масалалардан ҳайратга учраб, адоқсиз саволлар гирдобида қийналар эди.

У Ислом динини ўрганиш давомида ўз саволларига жавоб топди, ҳайратлари ариди ва кўнгли таскин топди. Уни фақат, мусулмонларнинг Исломга тўлиқ амал қилмасликлари балки, уни етарли даражада қадрламасдан зое қилишлари ҳамда дунёвий билимларни ташлаб қўйганликлари афсуслантирарди, холос.

Ниҳоят, 1926 йил Леопольд Вайс Ислом динини қабул қилганлигини эълон қилди. Бир кун ўтиб унинг аёли ҳам Исломга мушарраф бўлди.

Леопольд Вайс ўз исмини Муҳаммад Асад исмига ўзгартирди. Сўнгра, янги мусулмон бўлган оила муборак ҳаж сафарига отланди.

Леопольд Вайс Фаластин, Миср, Иордания, Сурия, Саудия Арабистони, Эрон, Афғонистон, Ливия ва Ҳиндистон каби мамлакатларга саёҳат қилган.

У Қуръони карим маъноларини инглиз тилига таржима қилди. Буюк юртдошимиз имом Бухорий асарларининг гултожи бўлган Саҳиҳул Бухорийни ҳам инглизчага ўгириб, унга шарҳлар битди, ислом дини ҳақида кўплаб рисолалар ёзди.

Леопольд Вайс Исломга мушарраф бўлишидан аввалроқ Фаластинда мусулмонлар билан кўп суҳбатлашар ва Ислом дини ҳақида улар билан фикр алмашарди. Мусулмонларнинг унга доимо яхши муносабатда бўлишлари, яҳудий дея ажратмасликлари ҳам қайсидир маънода унинг Исломга яқинлашишига сабаб бўлган.

Бир куни у мусулмонлар билан Ислом ҳақида суҳбатлашар экан, мусулмонларнинг дунё саҳнасида бошқалардан ортда қолишларининг сабаблари борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Шунда ўша ерда ҳозир бўлган олийжаноб хулқли бир мусулмон «Леопольд, сен ҳам мусулмонсан. Фақат, буни ўзинг ҳам билмайсан!», деди. Бу сўздан Леопольд Вайс кулиб юборди ва «Мен мусулмон эмасман, лекин Исломда шундай гўзалликни кўрдимки, унинг издошлари уни зое қилаётганларини кўрганимда чидай олмай қоламан», деди.

Бироқ, ўша мусулмоннинг сўзлари аслида ҳақиқат эди. Зеро, ҳидоят уруғи Леопольднинг қалб тупроғига аллақачон тушган ва аста-секинлик билан томир ёйишни бошлаган эди. Аммо, бундан унинг ўзи ҳам бехабар эди.

Мазкур гўзал хулқли ва қалб кўзи очиқ бўлган мусулмон томонидан айтилган сўз Леопольд Вайснинг қалб торини ларзага солган ва узоқ вақтдир қочиб юрган нафси ва ўзлиги билан бир зумга юзлаштирган эди.

Леопольд Вайс бу вақтда ойнада кўринган ўз аксини қабул қила олмас, ундан қочишга ҳаракат қилар эди. Бироқ, унинг асл шахсияти Вайсни таъқиб этишда давом этди ва шаҳодат калимасини нутқ қилганда юқоридаги сўзларнинг нақадар ҳақ ва сидқ эканлигини Аллоҳ таоло рўёбга чиқарди. Ҳа, унинг мусулмонлигига анча бўлган эди.

Фақат, буни ўзи билмасди, холос.

У араб тили ва исломни пухта ўрганиш учун Азҳар университетининг равоқларида ҳам таълим олди. Сурияда ҳам таълим олди. Натижада, Ислом оламининг 20 асрда энг ёрқин порлаган мутафаккири, олими ва даъватчисига айланди.

Суратда унинг «Макка йўлида» ("The road to Mecca") номли китоби бўлиб, муаллиф унда ўзининг ҳидоят йўли ва бу йўлда бошидан кечирганларини ҳикоя қилади.

Алишер Султонходжаев