Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
من صام رمضان ثم أتبعه بست من شوال كان كصوم الدهر
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Рамазон рўзаси ўттиз кунининг ўн баробари ўн ой (300 кун), Шаввол ойининг олти кун рўзаси эса (60 кун) икки ой бўлади. Жами 360 кун (бир йил)ни ташкил этади. Натижада, киши бутун йил бўйи рўза тутгандек бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом” сураси, 160-оят).
عن ابن عمر رضي الله عنهما أن رسول الله صلَّ الله عليه وسلم قال من صام رمضان واتبعه ستاً من شوال خرج من ذنوبه كيوم ولدته
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан Шаввол ойида олти кун рўза тутса, ҳудди онадан туғилгандек гуноҳлардан фориғ бўлади”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Уламолар: "Шаввол ойи рўзасини ой бошида кетма-кет олти кун ёки ой давомида бўлиб-бўлиб тутиш ҳам жоиз", деганлар. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шаввол ойи рўзаси кетма-кет олти кун тутилса ҳам, бўлиб-бўлиб тутилса ҳам фазилати тенгдир”.
Аллоҳим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашимизга тавфиқ ато эт!
Даврон НУРМУҲАММАД
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан имом-хатиблар, мударрислар, олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари ўқитувчилари ва тадқиқотчилари учун “Moturidiylik” журналининг махсус сонини нашр қилиш режалаштирилмоқда. Махсус сонни тайёрлашдан мақсад – диний соҳа ходимларининг илмий салоҳияти ва малакасини янада ошириш, исломшунослик соҳасидаги илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
“Moturidiylik” республиканинг исломшунослик соҳасидаги етакчи илмий нашрларидан бири бўлиб, Олий аттестация комиссияси томонидан илмий тадқиқотларнинг асосий илмий натижаларини чоп этишга тавсия этилган. Яъни, “Moturidiylik” журналида чоп этилган мақолалар республика миқёсида мустақил илмий тадқиқот сифатида тан олинади ва илмий иш олиб бораётган тадқиқотчиларга қўйилган мақола талабларини бажаришда тўлиқ эътироф этилади.
ЖУРНАЛНИНГ МАХСУС СОНИГА МАҚОЛАЛАР ҚУЙИДАГИ ЙЎНАЛИШЛАР БЎЙИЧА ҚАБУЛ ҚИЛИНАДИ:
- Имом Мотуридий ва юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг ҳаёти ва мероси.
- Жаҳолатга қарши маърифат, ёт оқимларнинг сохта даъволарига қарши илмий раддиялар, жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш масалалари.
- Диншунослик, исломшунослик, Ислом ҳуқуқи, Ислом тарихи, Ислом фалсафаси, манбашуносликка оид илмий тадқиқотлар натижалари.
- Маданият, маданиятшунослик ва маданият тарихи.
Журналга тақдим қилинаётган материал ушбу йўналиш билан чекланиб қолмай, диний, маънавий-маърифий, илмий ва адабий меросимизнинг бугунги ҳаётимизда эгаллаган ўрни ва аҳамиятини кўрсатишга қаратилган бўлиши ҳам эътиборга олинади.
Таҳририят манзили: 100011, Тошкент шаҳри, Шайхонтохур тумани, А.Қодирий кўчаси, 11-уй, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази.
Мурожаат учун: t.me/zarifjon0203