Бугун, 28 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳри Кўкча даҳасидаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида адо этдилар.
Жума намозидан олдин Муфтий ҳазратлари жомега йиғилган жамоатни яқинлашиб келаётган Рамазони шариф билан қутлаш баробарида “Силаи раҳмни узманг!” мавзусида суҳбат қилиб бердилар.
Муфтий ҳазрат маъруза давомида Рамазон ойи ҳам ниҳоялаб бораётгани, шу боис ажру савоблар кўпайтириб бериладиган онларни ғанимат билиб, хайрли амалларни кўпроқ қилиб қолишимиз лозимлиги, ушбу хайрли ишларнинг энг афзали қариндош уруғларга, яқинларга қилингани эканини баён этдилар.
Мавъиза асносида Қуръон каримдаги: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар...” деган ва оят давомида буларнинг мукофоти сифатида: “... айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир”, (Раъд, 22-23) деган мазмундаги ояти карималар шаръий далил ва ҳаётий мисоллар билан шарҳлаб берилди.
Гўзал суҳбат охирида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таоло барчага икки дунё саодатини насиб қилишини сўраб, элу юртимиз ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Набий алайҳиссалом: "Ўзингиз яхши кўрган нарсани бировларга ҳам раво кўрмас экансиз, ҳеч бирингиз чин мўмин бўла олмайсиз", деганлар.
Али розияллоҳу анҳу айтадилар: "Биз Исломдан олдин бой бўлиш учун пулни йиғиш керак деб ўйлар эдик. Кейин билсак, бой бўлиш учун уни сарфлаш (эҳсон, садақа қилиш) керак экан".