Кеча дунёнинг турли мамлакатларида бўлгани каби, Корея Республикасида ҳам Рамазон ҳайити кенг нишонланди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Хусусан, Жанубий Кореяда вақтинча ишлаётган ва таълим олаётган ватандошларимиз ҳам ушбу байрам кўтаринки руҳда кутиб олдилар.
Бундан ташқари, муборак Рамазон ойи муносабати билан Жанубий Кореяда бўлиб турган ватандошларимиз билан диний-маърифий суҳбатлар ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмий вакиллари бир ой давомида ушбу мамлакатда бўлди.
Мамлакатимиз элчихонаси ташаббуси билан амалга оширилган ушбу ташриф доирасида имомларимиз иштирокида Жанубий Кореядаги фуқароларимиз зич яшайдиган шаҳарларда "Рамазон-2025" илмий-маърифий тадбирлари ўтказилди.
31 март юртдошларимиз энг кўп яшайдиган Мокпо, Тэгу ва Чонджу каби шаҳарларда имомларимиз билан биргаликда Рамазон ҳайити намози ўқилди.
Маърузалар давомида Ўзбекистон Президентининг халқимизга Рамазон ҳайити муносабати билан йўллаган табригининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берилди.
Айниқса, мамлакатимиз раҳбари табригидаги "Мана шу шукуҳли айёмда чет элларда она юртга садоқат туйғуси билан яшаётган ватандошларимизни ҳам Рамазон ҳайити билан чин дилдан қутлаб, уларга эзгу тилакларимизни изҳор этамиз", деган фикрлар алоҳида урғуланди.
Ватандошлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, ҳукуматимиз томонидан хорижда истиқомат қилаётган фуқароларга қаратилаётган эътибор ва жонажон Ўзбекистонимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини Яратгандан сўраб дуо қилдилар.
– Бу йил муборак Рамазон ойини Жанубий Кореяда ватандошлар билан биргаликда кўтаринки руҳда ўтказдик, – дейди Тошкент шаҳридаги "Юнус ота" масжиди имом хатиби Жамолиддин Қодиров. – Бир ой давомида Чонджу шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошларга муқаддас Ислом динининг асл моҳияти, Рамазон ойи фазилатлари, шукроналик ҳисси билан яшаш, берилган неъматларнинг қадрига етиш, юрт равнақи, ватан тараққиёти, миллатимиз ҳамжиҳатлиги, халқ фаровонлиги йўлида астойдил хизмат қилиш каби мавзуларда маърузалар ўқидик.
#xabar #elon #modul #magistratura
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими 2025-2026 ўқув йили учун Тошкент ислом институти магистратура босқичи ва модуль таълим тизимига талабгорлардан ҳужжатларни қабул қилиш саналарини маълум қилади:
Модуль таълим тизимига 2025 йил 1 июлдан 20 июлгача;
Магистратура босқичига 2025 йил 1 июлдан 30 июлгача.
Хорижий давлатлардаги олий диний таълим муассасаларини тамомлаган ва мамлакатимизда нострификациядан ўтказилган дипломга эга бўлган абитуриентлар (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари) ҳам ҳужжат топширишлари мумкин.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг магистратура босқичига ўқишга кириш истагида бўлган талабгорлар Қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
таълим муассасаси ректори номига ариза;
паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
олий диний таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси нусхаси (асли кўрсатилади);
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади).
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Модуль таълим тизимига ўқишга кириш истагида бўлган талабгорлар Қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
таълим муассасаси ректори номига ариза;
паспорт ёки ID карта нусхаси (асли кўрсатилади);
ўрта махсус ислом таълим муассасасини тамомлагани тўғрисидаги ҳужжат (диплом) ва унинг иловаси асл нусхада;
3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат (сўнгги уч ойда олинган ва орқа фони оқ рангда бўлиши талаб этилади);
иш жойи бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти, вилоятлар ва Тошкент шаҳар вакилидан тавсиянома;
меҳнат дафтарчаси нусхаси (тасдиқланган ҳолда).
Эслатиб ўтамиз: Модуль таълим тизимига ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган ҳамда тўрт йил ва ундан ортиқ муддат давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжидларда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноиблари танлов асосида ўқишга қабул қилинади.
2025-2026 ўқув йили қабул жараёнлари ҳақидаги сўнгги янгиликларни @qabulmuslimuz (https://t.me/qabulmuslimuz) телеграм саҳифасида кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
MUSLIM.UZ GA OBUNA BO'LING (https://t.me/+PSOPDevNs2Va-wt7) VA ULASHING (https://telegram.me/share/url?url=https://t.me/muslimuzportal)
YouTube (https://www.youtube.com/@Muslimuzz/featured) | Instagram (https://www.instagram.com/muslimuzportali/) | Facebook (https://www.facebook.com/muslimuzportal)