Мазкур қарор буюк мутафаккир аждодимизнинг илмий-маърифий меросини чуқур тадқиқ этиш, унинг таълимотидаги инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини кенг ёйиш учун дастуриламал вазифасини ўташи шубҳасиз. Қарор Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази учун ҳам ўзига хос қувонч ва ғурур нишонасига айланди.
Зеро, ушбу ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган асосий мақсадлардан бири Имом Мотуридий ва унинг давомчилари илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бўлиб, бу Марказ фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга асос бўлади.
Таъкидлаш лозимки, мотуридийлик юзлаб олимлар ва уларнинг бебаҳо асарларини ўзида жамлаган ақида мактаби саналади. Х асрда Самарқандда шаклланган ушбу мактаб Имом Мотуридийнинг изидан борган Абу Муин Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Нуриддин Собуний, Камол ибн Ҳумом ва Камолиддин Баёзий сингари олимлар фаолияти туфайли янада ривожланиб, оммалашган. Улар ўз асарлари орқали “мотуридийлик кутубхонаси”ни янада бойитганлар. Бугун ушбу кутубхонанинг нодир манбаларини аниқлаш, уларни илмий жамоатчилик ва халқимизга етказиш долзарб вазифалардан бирига айланган.
Бугунги кунгача юртимиз ва хорижда мотуридийлик таълимотига оид кўплаб фундаментал манбалар ўрганилиб, бир қатор китоб, рисола, монография ва мақолалар нашр юзини кўрди. Манба ва адабиётлар кўпайгани сари, уларнинг умумий рўйхатини шакллантириш – библиография яратиш вазифаси ҳам кун тартибига чиқди.
Аввалроқ бу борада юртимиз ва хорижлик олимлар томонидан баъзи уринишлар амалга оширилган бўлса-да, уларда маълум асарлар етишмаслиги ва сўнгги йилларда яна янги китоблар чоп этилгани туфайли кенг қамровли, нисбатан тўлиқ рўйхатни ўз ичига олувчи библиографияга эҳтиёж сезилди. Шу мақсаддан келиб чиққан ҳолда, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Мотуридийлик таълимоти библиографияси” китоби нашр этилди. Бу мотуридийлик бўйича алоҳида китоб шаклида нашр қилинган илк библиография ҳисобланади.
Ушбу янги нашр “Классик манбалар”, “Замонавий адабиётлар” ва “Диссертациялар” номли уч бўлимдан иборат. Биринчи бўлимда Имом Мотуридийдан ХХ асргача бўлган олимларнинг ақидага оид асарлари, уларнинг қўлёзма ва замонавий нашрлари қамраб олинган. Иккинчи бўлимда мотуридийлик бўйича ёзилган турли китоб, рисола ва монографиялар, учинчи бўлимда эса Ўзбекистон ва хорижда ҳимоя қилинган магистрлик ҳамда докторлик диссертациялари рўйхати келтирилган.
Библиографияда жами 1 минг 293 та асар қамраб олинган бўлиб, шундан 474 таси классик манбалар, 486 таси замонавий адабиётлар, 333 таси диссертациялардир. Китобда мотуридийлик ақидасига оид энг кенг тарқалган асарларнинг шарҳлари ҳам алоҳида бобга жамланган. Жумладан, бутун мусулмон оламида машҳур “Ақоиди Насафий” рисоласининг 100 га яқин шарҳ ва ҳошиялари рўйхати ўрин олган.
Инглиз тилига ҳам таржима қилинган ушбу библиография мотуридийшунос олимлар ва ақида йўналишидаги тадқиқотчилар учун муҳим қўлланма вазифасини ўтайди, деб айта оламиз. Бундан ташқари, библиографиялар табиатан даврий янгиланишга муҳтож, шу сабабли келгусида ушбу библиография ҳам янги манба ва адабиётлар билан тўлдириб борилади.
Умуман олганда, юртимизда яратилаётган имкониятлар, айниқса, Имом Мотуридий ва унинг давомчилари меросини ўрганишга давлат даражасида эътибор қаратилиши соҳага доир янги тадқиқот ва нашрлар учун илҳом ва таянч ўлароқ хизмат қилмоқда.
Ойбек Сотволдиев,
Имом Мотуридий халқаро
илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан белгилаб берилган топшириқлар ижросини бажариш мақсадида Фарғона вилоятида диний соҳа ходимлари ҳамда масжидлар фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш, жамоат билан ишлашда юксак масъулиятни таъминлаш мақсадида вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев раҳбарлигида ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ҳозирга қадар вилоятнинг Қува, Қўштепа, Риштон ва Бағдод туманларида ўрганишлар олиб борилди.
Ушбу ишчи гуруҳ томонидан вилоятнинг турли ҳудудларидаги масжидлар ва имом-хатиблар фаолияти ўрганилиб, бир қатор муҳим йўналишлар бўйича таҳлил ва баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Бу жараёнда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда:
Масжидларда санитария ва гигиена ҳолати
Масжид — нафақат ибодатгоҳ, балки поклик ва озодалик рамзи ҳамдир. Шу боис, ҳар бир масжидда санитария талабларига амал қилиш, ибодатга келувчилар учун қулай ва тозаликка риоя қилинган муҳит яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Ишчи гуруҳ санитария ҳолатини ўрганар экан, масжид ичидаги ювиниш жойлари, таҳоратхоналар, гиламлар, ҳаво айланиши, сув таъминоти ва атроф муҳит тозалигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Айрим масжидларда мунтазам санитария ишлари йўлга қўйилган бўлса, баъзи ҳолларда бу масалада тўлиқ ижро таъминланмаган. Шу асосда амалий тавсиялар берилмоқда.
Ёнғин хавфсизлиги ҳолати
Масжидларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш — жамоат хавфсизлигининг муҳим қисми ҳисобланади. Ишчи гуруҳ бу борада масжидлардаги ўт ўчириш воситалари, электр тармоқларининг ҳолати, эвакуация чиқиш йўллари ва ёзма тартибдаги хавфсизлик режаларини кўздан кечирмоқда.
Баъзи масжидларда ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ амал қилинаётган бўлса-да, бошқаларида муайян камчиликлар аниқланиб, мутахассислар тавсияси асосида тезкор чоралар кўриш лозимлиги қайд этилмоқда.
Қурилиш ва таъмир ишларининг меъёрий талабларга мувофиқлиги
Масжидларда олиб борилаётган қурилиш ва таъмир ишлари белгиланган меъёр ва талабларга мувофиқ бўлиши лозим. Ишчи гуруҳ қурилиш ишлари амалга оширилаётган объектларда лойиҳавий ҳужжатлар, масжиднинг тарихий ва меъморий хусусиятларига риоя этилган-этилмаганини ўрганмоқда.
Қурилиш ишлари вақтинчалик эмас, кўп йиллар давомида хизмат қиладиган ибодат масканини вужудга келтиришга қаратилган бўлиши лозим. Шу боис, бу борада ҳам техник назорат ва масъулиятли ёндашув талаб этилаётганига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Имом-хатиблар ва масжид ходимларининг ижро интизоми
Масжид фаолиятининг самарадорлиги, аввало, унда хизмат қилаётган имом-хатиблар ва ходимларнинг масъулиятлилигига боғлиқ. Ишчи гуруҳ бу борада жамоат билан ишлаш маданияти, вақтга риоя, ҳужжат юритиш тартиби ва иш юзасидан ҳисобот бериш тизимини ҳам таҳлил қилмоқда.
Ижро интизомига суст қаралаётган ҳолатларда имом-хатибларга тегишли эслатма ва тавсиялар берилмоқда. Шу билан бирга, ўз бурчини сидқидилдан адо этаётган фидоий ходимлар алоҳида эътироф этилмоқда.
Шахсий хулқ-атворда намуна бўлиш
Имом-хатиблар фақатгина ибодат раҳнамоси эмас, балки жамият учун юксак ахлоқий намуна бўлиши керак. Улар жамоат олдидаги чиқишлари, муносабати, кийиниш маданияти ва умумий хулқ-атвори орқали кенг оммага таъсир кўрсатади.
Ишчи гуруҳ имомларнинг шахсий фазилатларини, жамоа билан қандай алоқада эканини, муҳтожларга муносабати ва аҳолининг турли қатлами билан мулоқот маданиятини ҳам баҳоламоқда. Бу орқали диний ходимлар орасида маънавий етакчилик фазилатини янада юксалтириш кўзда тутилган.
Ушбу тизимли ўрганишлар орқали Фарғона вилоятида масжидлар фаолияти янада тартибли, таҳлил ва тавсияларга асосланган ҳолда йўлга қўйиш, қолаверса, ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликлар юзасидан масъул шахсларга аниқ вазифалар белгилаш ва ижрога қаратиш, яхши натижаларни эса оммалаштириш кўзда тутилган.
Ҳудудлардаги ўрганишлар давом этмоқда.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати