«Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Аллоҳнинг Расули, шайтон мен билан намозим ва қироатим орасида тўсиқ бўлди. У мени қироатда адаштиряпти», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўша Ханзаб деб номланадиган шайтондир. Қачон уни сезсанг: «Аъузу биллаҳи»ни айтгин-да, чап томонга уч марта туфлагин", дедилар.
У: «Мен шундай қилган эдим, Аллоҳ мендан уни кетказди», деди.
Муслим «Руқя» – «Дам солиш» бобида келтирган.
Шарҳ: Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳунинг саволлари намоз ичидаги шайтон васвасаси ҳақида бўлган.
Ушбу ҳадисларга биноан, Ҳанафий мазҳабида «Биринчи ракатда «аъузу биллаҳи» ичида айтилади», дейилган.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўлим бир эшик. Барча инсонлар ундан ўтади. Эҳ кошки, бу эшикка киргандан кейин менинг уйим қанақалиги маълум бўлса?!
Биродар! Қаранг, қабрдагилар бир-бирларига жуда яқин ётишибди. Лекин улар сиртдан яқин қўшни. Аслида эса, бир-бирларининг ёнига ҳам бора олмайдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу қачон қабр ёнидан ўтсалар, шу даражада йиғлар эдиларки, соқоллари кўз ёшларидан ҳўл бўлиб кетарди.
У кишидан: "Сиз нега жаннат ва дўзахни эсга олганингизда йиғламайсиз. Лекин қабрни кўриб йиғлайсиз?" деб сўрашди. У киши шундай дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қабр охиратнинг илк манзилидир", деганлар. Шунга кўра, агар маййит қабрдаги азобдан нажот топса, ундан кейинги ҳаёт осон бўлади. Агар қабрдаги азобдан нажот топа олмаса, у ҳолда ундан кейинги ҳаёт қийин бўлади.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен қабрдан кўра дахшатлироқ бирор манзарани кўрмадим", деганлар.
Биз учун бу қабрларда ибрат йўқми? Қаранг, бой ҳам, фақир ҳам, зўравон ҳам, кучсиз ҳам, оқ танли ҳам, қора танли ҳам, подшоҳ ҳам, фуқаро ҳам барча баробар ётибди. Улар дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Бойлик жамлаш ёки қаср қуриш учун эмас, балки, кошки мен бир намоз ўқиш учун муҳлат топсам, кошки бизга бир мартагина "Субҳаналлоҳ" дейиш учун фурсат берилса, деб, шу амалларни қилиш учун дунёга қайтишни хоҳлайдилар. Лекин энди иложи йўқ. Номаи аъмол ёпилиб бўлди. Руҳ жисмдан чиққан. Ҳаёт муҳлати тугаб бўлган. Энди ҳар бир маййит ўз амалининг гарови ўлароқ қабрида ётибди...
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан