Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Июл, 2025   |   13 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:15
Қуёш
04:58
Пешин
12:33
Аср
17:41
Шом
20:02
Хуфтон
21:37
Bismillah
08 Июл, 2025, 13 Муҳаррам, 1447
Мақолалар

Имом Абу Мансур Мотуридийнинг илмий ва маънавий мероси

05.04.2025   12063   5 min.
Имом Абу Мансур Мотуридийнинг илмий ва маънавий мероси

Абу Мансур Мотуридийнинг ақидавий қарашларини ўрганиб, уни кенг жамоатчиликка тарғиб этиш глобаллашув шароитида юзага келган кўплаб адашган оқимларга қарши курашда қўл келади. Зеро, Имом Мотуридий бошчилигида унинг талабалари мотуридийлик таълимотини ривожлантириш йўлида салмоқли хизмат қилганлар.

Бугунги кунда Имом Мотуридий ва мотуридийлик ҳақида кўплаб китоб, мақола, магистрлик, докторлик ишлари бажарилмоқда. Имом Мотуридий ҳаётини атрофлича ўрганиш, унинг фиқҳ, ақида ва тасаввуф фанларига алоқадор жиҳатларини очиб бериш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

Имом Мотуридий халқни жипслаштиришда, унинг билимини мустаҳкамлашда, бағрикенглик тамойилларини ёйишда муҳим аҳамият касб этади. Унинг адашган тоифалар билан кескин тортишувлари, соғлом эътиқод асосларини ҳимоя қилиши мусулмонлар орасида илиқ қабул қилинган. Бугунги кунда ҳам Мотуридийнинг илм-маърифатга бўлган муносабати халқимиз маънавий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди.

Мотуридий таълимотлари нафақат диний, балки умуминсоний қадриятларга ҳам асосланган. У инсонлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни алоҳида таъкидлаб, мусулмонлар орасида тинчлик ҳамда тотувликка чақирган. Бу ғоялар бугунги кунда жамиятимиз учун ҳам долзарб ҳисобланади.

Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва ижодига оид манбалар Абул Юсур Паздавий (493-1100)нинг “Усул ад-дин”, Абу Муин Насафийнинг (508-1114) “Табсират ал-адилла”, Ибн Фазлуллоҳ Умарийнинг (749-1348) “Масолик ал-абсор фи мамолик ал-амсор”, Абдулқодир ибн Абул Вафо Қурашийнинг (775-1373) “ал-Жавҳарат ал-музия фи табақот ал-ҳанафия”, Ибн Қутлубуғонинг (879-1474) “Тож ат-тарожим”, Муҳаммад Муртазо Забидийнинг (1205-1791) “Итҳоф ас-содат ал-муттақин би-шарҳи Иҳё улум ад-дин” ва Муҳаммад Абдулҳай Лакнавийнинг (1304-1887) “ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожим ал-ҳанафия” асарларида учрайди. Шунингдек, замонавий тадқиқотчилардан Абдулмалик Саъдий, Шовосил Зиёдов, Саидмухтор Оқилов, Сўнмас Қутлуғ, Ҳамза Бакрий, Саъд Аҳмад Даманҳурий, Билқосим Ғолий каби мутахассислар мавзу доирасида рисола ва илмий ишлар эълон қилган.

Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (333-944) – ислом оламининг буюк олимларидан бири бўлиб, унинг номини тилга олган ҳар бир мусулмон илму ирфон ва маърифат оламининг беқиёс нурини ҳис этади. Мотуридий ўз даврида нафақат ақида ва калом илмида, балки умумий ислом илмларини шакллантиришда ҳам беқиёс ҳисса қўшган буюк зотдир. У танлаган йўл бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган ва мусулмон умматининг маънавий мероси сифатида ўрганилиб келмоқда.

У яшаган даврга келиб (IX асрнинг охири – X асрнинг биринчи ярми) Мовароуннаҳрда тўғри йўлдан адашган турли гуруҳ ва фирқалар кўпайди. Уларнинг аксари иймон-эътиқод масалалари бўйича баҳсу мунозаралар туфайли вужудга келган эди. Мана шундай мураккаб шароитда аллома Абу Мансур Мотуридий етишиб чиқди ва уларнинг нотўғри фикрларига асосли раддиялар берди. У ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг (699-767 йй.) таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратди. У асос солган мотуридийлик таълимоти кейинчалик Самарқанд калом мактаби доирасидан чиқиб, бутун ислом оламига тарқалди ва суннийликдаги икки йирик калом мактабининг бири сифатида танилди.

Манбаларда Имом Мотуридийнинг “Раббоний олим ва зоҳид” деб васф этилиши, тасаввуфда уни юқори мартабаларга чиққанини англатади. Жумладан, олим ўзининг “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирининг бир қатор ўринларидаги оятлар шарҳида илоҳий муҳаббат, зуҳд, тақво, дунёга берилмаслик каби тасаввуфнинг нозик қирралари ҳақида сўз юритган. Мазкур оятларнинг тафсирида келган маълумотлар Имом Мотуридийнинг тасаввуф пешвоси сифатида баҳолаш имконини беради. 

Хусусан, у “Аҳзоб” сурасининг 113-ояти шарҳида зуҳдни икки қисмга тақсимлаб, уни батафсил изоҳлаган. Шунингдек, Имом Мотуридий: “Ер юзи набий ёки валийдан холи бўлмайди” деган. Абул Юсур Паздавий (ваф. 493-1100) ўзининг “Усул ад-дин” асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагиларни қайд қилган: “У каромат соҳиби ва аҳли сунна вал жамоанинг раисларидан бўлган. Бобом Зоҳид Абдулкарим ибн Мусодан нақл қилишича, Мотуридийнинг кўплаб кароматлари бўлган”.

Алишер Навоий ўзининг “Насойим ал-муҳаббат” асарида ҳам Имом Мотуридийнинг кароматини зикр қилиб, у киши ҳақида шундай деган: “Шайх Абу Мансур ал-Мотуридий ўз замонининг аълам уламоси эрмиш. Ул вақт уламоси аларни “Султон ал-муиззин” дер эрмишлар. Зоҳир ва ботин улумлари била ороста эрмишлар”.

Бугунги кунда мотуридийлик таълимотини изчил ўрганиш, манбаларини атрофлича таҳлил қилиш хорижий ва маҳаллий мутахассислар олдида турган улкан вазифалардан биридир. Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан олимнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарларини ўзбек тилига таржима қилиниши юртимизда мотуридийлик таълимоти тадқиқ қилинишининг янада ривожланиши белгиси сифатида баҳолаш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан жорий йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланиши ва Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – барикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” номли халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши буюк олимнинг хизматларини халқаро миқёсда эътироф этилишига замин яратади.

А.Аллоқулов, Имом Мотуридий халқаро 

илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи.

ЎзА

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ибодатга дангасаликдан қандай қутулиш мумкин?

25.04.2024   967   3 min.
Ибодатга дангасаликдан қандай қутулиш мумкин?

Бир кунда беш вақт намозни ўз вақтида адо этинг! Тўғри дастлаб, бир маҳал, кейин икки, уч қилиб кўпайтираётган бўлишингиз мумкин. Бироқ беш маҳал намоз ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётиб: “Аллоҳ таоло беш маҳал намозни ҳар бир банданинг зиммасига фарз қилганини етказгин”, деб алоҳида таъкидлаганлар.

Демак, бир кунда беш маҳал намоз фарздир. Икки ёки уч маҳал эмас.

Барчамизга яхши маълумки, бирорта эшикни очиш учун албатта калит керак. Худди шунингдек, Жаннатга кириш учун ҳам калит талаб этилади. Агар жаннатга киришни истасангиз сизга калит керак бўлади. Ахир бу дунёда ҳам эшикдан кириш учун калит керак бўляптику.

Ҳар бир калитда ўзининг тишлари бўлади. Тасаввур қилиб кўрингчи, калитингизнинг бир тиши бўлмаса нима бўлади? Истасангиз синаб кўринг, калитингиз тишидан биттасини синдириб, очишга уриниб кўрингчи? Эшик очилармикин? Ваҳоланки, калитда биргина синган тишдан бошқа яна бир қанча бутун тишлар бор.

Яна бир мисол. Айтайлик, бир танишингизга қўнғироқ қилмоқчи бўлсангиз, унинг рақамини терасиз. Бордию биргина рақамни нотўғри терсангиз, сиз яқин одамингиз билан гаплаша олмайсиз, тўғрими?

Демак, Жаннатга тушишни истар экансиз сиз беш маҳал намозни ўз вақтида адо этишингиз керак экан.

Намоз вақти кирганда юмшоқ тўшакингизда ётган ёки аёлингиз билан бирга бозорда бўлсангиз ҳам, бирор иш билан банд ёки фарзандларингиз билан бирга ўйнаётган бўлсангиз ҳам дарҳол ҳаммасини четга суриб, намозни адо этишга киришинг!

Қанчалик кўп ишларингиз бўлмасин, сиз намозни ўз вақтида адо этсангиз Аллоҳ таолонинг Ўзи бошқа ишларингизни осон қилиб қўяди. Лекин афсуски, буни кўпчилик тушунмайди.

Одатда биз ўзимиз учун осон бўлган амалларни қиламиз. Лекин қачонки нафсимизга оғир келадиган ишга дучор бўлсак ўзимизни олиб қочамиз.

Бугунги кунда ўзининг гавдаси, мушаклари билан мақтанадиганларнинг видеолавҳаси жуда кўпайиб кетди. Бунинг сабаби ҳозирги ёшлар мушакларини ишириб олишга жуда қизиқадилар. Ўзларини бошқалардан кучли деб ҳисоблайдилар. Лекин аслида ҳақиқий кучли инсон ким? Мушаклари бақувватми? Йўқ, асло ундай эмас. Бомдод намозига туриш учун устидаги кўрпасини кўтара олган ҳақиқий кучли одамдир. Агар ўзингизни кучли деб билсангиз, бомдодга туришда синаб кўринг.

Азиз ота-оналар фарзандларимиздан бирор нарсани талаб қилишда аввало ўзимиз ўрнак бўлайлик. Токи ёшлар бир қўлида оғир тошни кўтарадиган одам кучли инсон эмас, балик, таҳажжуд ва бомдод намозларини турадиган одам ҳақиқий кучли одам эканини яхшилаб англаб етсинлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур. Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар” (Сажда сураси, 16-оят).

Аллоҳ таоло бу оятда кучли мўминлар ҳақида хабар қилади. Улар тунларни ибодат билан ўтказиб, оз ухлайдилар, кечалари Роббул аъламийндан қўрқиб, Унинг раҳматидан умидвор ҳолда бедор бўладилар.

Аллоҳ таоло барчамизни ана шундай гўзал хулқлар билан сифатланган бандаларидан қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

 

Мақолалар