Бугунги кунда Имом Мотуридий ва мотуридийлик ҳақида кўплаб китоб, мақола, магистрлик, докторлик ишлари бажарилмоқда. Имом Мотуридий ҳаётини атрофлича ўрганиш, унинг фиқҳ, ақида ва тасаввуф фанларига алоқадор жиҳатларини очиб бериш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.
Имом Мотуридий халқни жипслаштиришда, унинг билимини мустаҳкамлашда, бағрикенглик тамойилларини ёйишда муҳим аҳамият касб этади. Унинг адашган тоифалар билан кескин тортишувлари, соғлом эътиқод асосларини ҳимоя қилиши мусулмонлар орасида илиқ қабул қилинган. Бугунги кунда ҳам Мотуридийнинг илм-маърифатга бўлган муносабати халқимиз маънавий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди.
Мотуридий таълимотлари нафақат диний, балки умуминсоний қадриятларга ҳам асосланган. У инсонлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни алоҳида таъкидлаб, мусулмонлар орасида тинчлик ҳамда тотувликка чақирган. Бу ғоялар бугунги кунда жамиятимиз учун ҳам долзарб ҳисобланади.
Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва ижодига оид манбалар Абул Юсур Паздавий (493-1100)нинг “Усул ад-дин”, Абу Муин Насафийнинг (508-1114) “Табсират ал-адилла”, Ибн Фазлуллоҳ Умарийнинг (749-1348) “Масолик ал-абсор фи мамолик ал-амсор”, Абдулқодир ибн Абул Вафо Қурашийнинг (775-1373) “ал-Жавҳарат ал-музия фи табақот ал-ҳанафия”, Ибн Қутлубуғонинг (879-1474) “Тож ат-тарожим”, Муҳаммад Муртазо Забидийнинг (1205-1791) “Итҳоф ас-содат ал-муттақин би-шарҳи Иҳё улум ад-дин” ва Муҳаммад Абдулҳай Лакнавийнинг (1304-1887) “ал-Фавоид ал-баҳия фи тарожим ал-ҳанафия” асарларида учрайди. Шунингдек, замонавий тадқиқотчилардан Абдулмалик Саъдий, Шовосил Зиёдов, Саидмухтор Оқилов, Сўнмас Қутлуғ, Ҳамза Бакрий, Саъд Аҳмад Даманҳурий, Билқосим Ғолий каби мутахассислар мавзу доирасида рисола ва илмий ишлар эълон қилган.
Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий (333-944) – ислом оламининг буюк олимларидан бири бўлиб, унинг номини тилга олган ҳар бир мусулмон илму ирфон ва маърифат оламининг беқиёс нурини ҳис этади. Мотуридий ўз даврида нафақат ақида ва калом илмида, балки умумий ислом илмларини шакллантиришда ҳам беқиёс ҳисса қўшган буюк зотдир. У танлаган йўл бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган ва мусулмон умматининг маънавий мероси сифатида ўрганилиб келмоқда.
У яшаган даврга келиб (IX асрнинг охири – X асрнинг биринчи ярми) Мовароуннаҳрда тўғри йўлдан адашган турли гуруҳ ва фирқалар кўпайди. Уларнинг аксари иймон-эътиқод масалалари бўйича баҳсу мунозаралар туфайли вужудга келган эди. Мана шундай мураккаб шароитда аллома Абу Мансур Мотуридий етишиб чиқди ва уларнинг нотўғри фикрларига асосли раддиялар берди. У ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанифанинг (699-767 йй.) таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратди. У асос солган мотуридийлик таълимоти кейинчалик Самарқанд калом мактаби доирасидан чиқиб, бутун ислом оламига тарқалди ва суннийликдаги икки йирик калом мактабининг бири сифатида танилди.
Манбаларда Имом Мотуридийнинг “Раббоний олим ва зоҳид” деб васф этилиши, тасаввуфда уни юқори мартабаларга чиққанини англатади. Жумладан, олим ўзининг “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирининг бир қатор ўринларидаги оятлар шарҳида илоҳий муҳаббат, зуҳд, тақво, дунёга берилмаслик каби тасаввуфнинг нозик қирралари ҳақида сўз юритган. Мазкур оятларнинг тафсирида келган маълумотлар Имом Мотуридийнинг тасаввуф пешвоси сифатида баҳолаш имконини беради.
Хусусан, у “Аҳзоб” сурасининг 113-ояти шарҳида зуҳдни икки қисмга тақсимлаб, уни батафсил изоҳлаган. Шунингдек, Имом Мотуридий: “Ер юзи набий ёки валийдан холи бўлмайди” деган. Абул Юсур Паздавий (ваф. 493-1100) ўзининг “Усул ад-дин” асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагиларни қайд қилган: “У каромат соҳиби ва аҳли сунна вал жамоанинг раисларидан бўлган. Бобом Зоҳид Абдулкарим ибн Мусодан нақл қилишича, Мотуридийнинг кўплаб кароматлари бўлган”.
Алишер Навоий ўзининг “Насойим ал-муҳаббат” асарида ҳам Имом Мотуридийнинг кароматини зикр қилиб, у киши ҳақида шундай деган: “Шайх Абу Мансур ал-Мотуридий ўз замонининг аълам уламоси эрмиш. Ул вақт уламоси аларни “Султон ал-муиззин” дер эрмишлар. Зоҳир ва ботин улумлари била ороста эрмишлар”.
Бугунги кунда мотуридийлик таълимотини изчил ўрганиш, манбаларини атрофлича таҳлил қилиш хорижий ва маҳаллий мутахассислар олдида турган улкан вазифалардан биридир. Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан олимнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарларини ўзбек тилига таржима қилиниши юртимизда мотуридийлик таълимоти тадқиқ қилинишининг янада ривожланиши белгиси сифатида баҳолаш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан жорий йилда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланиши ва Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – барикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” номли халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши буюк олимнинг хизматларини халқаро миқёсда эътироф этилишига замин яратади.
А.Аллоқулов, Имом Мотуридий халқаро
илмий-тадқиқот маркази бўлим бошлиғи.
ЎзА
Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган.
Бу ҳақда 2025 йил 21 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида баён этилган.
Фармонга мувофиқ, Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифалари этиб қуйидаги вазифалар белгиланган:
а) буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш;
б) тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш;
в) нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;
г) тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилиш, сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
Аллоҳ таоло ушбу марказнинг халқимиз илму маърифати ва ёшларимиз таълим-тарбияси йўлидаги фаолиятида улкан муваффақиятлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати