Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
04 Сентябр, 2026   |   22 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:30
Қуёш
05:52
Пешин
12:22
Аср
16:57
Шом
18:55
Хуфтон
20:13
Bismillah
04 Сентябр, 2026, 22 Рабиъул аввал, 1448

Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида

21.04.2025   26337   14 min.
Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, юртимизнинг жаҳон цивилизацияси бешиги сифатидаги тарихий мақоми ва нуфузини тиклаш бўйича пухта ўйланган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўтган қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Ушбу муассасалар “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу умуминсоний ғояси асосида жамиятда соғлом маънавий муҳитни таъминлашга, ёшларни замонавий фикрлайдиган ва буюк аждодларимизга ҳар жиҳатдан муносиб этиб тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги мураккаб шароитда дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган халқчил тамойилга асосланган ислоҳотлар тўғри эканлигидан далолат бермоқда. 

Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясида белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш, диний-маърифий соҳадаги эзгу ғоя ва ташаббусларни халқ манфаатларидан келиб чиқиб изчил давом эттириш мақсадида қарор қиламан:

I. Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари

1. Қуйидагилар фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги фаолиятни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

а) жамиятда диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлашга оид илғор механизмларни жорий этиш;

б) илм-фан ва жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларнинг инсонпарварлик, эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик каби умуминсоний ва олийжаноб ғояларга асосланган диний-фалсафий меросини чуқур ўрганиш ҳамда кенг тарғиб этиш;

в) диний-маърифий соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш орқали замон талабларига мос мутахассисларни етиштириш;

г) аҳоли орасида бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат руҳини кучайтириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қаратилган долзарб илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш;

д) диний-маърифий соҳадаги халқаро ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда самарадорлигини ошириш.

2. Диний-маърифий соҳа фаолияти ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Жамиятда виждон эркинлигини кафолатлаш, диний бағрикенглик, фуқаролараро тотувлик ҳамда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш мақсадида “Бағрикенг жамият – барқарор давлат” тамойили асосида Дин ишлари бўйича қўмита билан (кейинги ўринларда – Қўмита) Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг янги ҳамкорлик тизими йўлга қўйилсин.

Қуйидагилар ҳамкорлик тизимининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

а) диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, асосий вазифалари ва принципларини қатъий амалга оширишда давлат ва жамоат  ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш;

б) фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқини таъминлаш, жамиятда турли диний конфессиялар вакилларининг ўзаро аҳил-иноқ ва ҳамжиҳат ҳаёт кечиришини қўллаб-қувватлаш;

в) Ўзбекистон аҳолисининг дини, эътиқоди, миллий мансублиги, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқара олишини таъминлаш;

г) динга бўлган муносабатидан келиб чиқиб устунлик бериш, камситиш ва виждон эркинлиги кафолатлари бузилишининг бошқа ҳар қандай кўринишларининг олдини олиш.

Қўмита бир ой муддатда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ички ишлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда ҳамкорлик тизимининг механизмларини белгиловчи қўшма қарорни тасдиқласин.

II. Диний-маърифий соҳанинг институционал асосларини такомиллаштириш

4. Фуқароларнинг ибодатлар ва диний расм-русумларни амалга ошириши учун қўшимча қулайликлар яратиш, “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларига бориши билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш жараёнида ортиқча бюрократик тартиботларни бартараф этиш мақсадида Қўмита ва Рақамли технологиялар вазирлиги 2025 йил 1 сентябрга қадар “Ҳаж ва Умра ягона портали”ни (кейинги ўринларда – Портал) ҳамда унинг мобил иловасини ишлаб чиқсин.

Белгилансинки:

а) Портал “Ҳаж” тадбирларига борувчи фуқароларнинг ягона электрон навбати ҳамда “Умра” тадбирларига юбориладиган зиёратчиларнинг электрон рўйхати шакллантириладиган тизим ҳисобланади;

б) Порталда “Ҳаж” ва “Умра” фаолияти тўғрисидаги маълумотларни йиғиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ жараёнлар рақамлаштирилади;

в) вазирлик ва идоралар Қўмита сўровига кўра ўзининг ахборот тизимлари Порталга интеграция қилинишини таъминлайди;

г) Қўмита Портал фаолиятини молиялаштиришга, техник жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, алоқадор давлат ва нодавлат ташкилотлар учун фойдаланиш имкониятини яратишга масъул давлат органи ҳисобланади;

д) Қўмита “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензиясига эга юридик шахслар ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Порталдан фойдаланиш имкониятини таъминлайди.

5. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Қўмитанинг Ўзбекистон халқаро ислом академиясини Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси (кейинги ўринларда – Академия) этиб қайта номлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Академия исломшунослик ва диншунослик соҳаларида мутахассисларни ҳамда ўқув дастури, қўлланма ва дарсликларни тайёрлашга ихтисослашган таянч давлат олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгилансин.

6. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) исломшунослик, диншунослик, дин психологияси, ислом иқтисодиёти, манбашунослик, халқаро муносабатлар ва эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа соҳалар бўйича кадрлар тайёрлаш;

б) таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш;

в) виждон эркинлиги ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш, радикаллашув, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг асосларига оид илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

г) диний-маърифий йўналишда илмий, илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш, шунингдек, интернет тармоғида таълим ресурсларини жойлаштириш ва мунтазам янгилаб бориш;

д) талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, Ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш;

е) мамлакатимизда ва хорижда диний соҳада фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.

7. Академияга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

а) ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган юқори малакали хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилаш;

б) Қўмита билан келишган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини тегишли йўналиш ва мутахассисликлар бўйича давлат олий таълим муассасаларида белгиланган базавий тўлов-контракт қийматидан уч баравардан ортиқ бўлмаган миқдорда белгилаш;

в) талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш;

г) етук хорижий мутахассисларни жалб қилиш ҳамда Академия вакилларини хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига малака ошириш ва тажриба орттириш учун юбориш;

д) ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш.

8. Белгилансинки, Академияга ўқитишнинг тўлов-контракт шаклидан тушадиган маблағларнинг етишмаган қисми давлат олий таълим муассасаларини сақлаш учун ажратилган маблағлар доирасида тасдиқланган бюджет параметрларига тегишли ўзгартириш киритиш орқали қопланади.

9. Қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказини Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти (кейинги ўринларда – Институт) сифатида қайта ташкил этиш ҳақидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

а) Институт исломшунослик, диншунослик, давлат ва дин муносабатлари асослари, шунингдек, радикаллашувнинг олдини олиш йўналишларида диний соҳада мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга масъул муассаса ҳисобланади;

б) барча таълим ташкилотларининг исломшунослик ва диншунослик фанлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш Институт томонидан амалга оширилади;

в) таълим жараёни сифатини ошириш ҳамда таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида Институт сўровига асосан дарсларга тегишли вазирлик, идора, илмий-тадқиқот ва таҳлил марказларининг раҳбар ходимлари ва мутахассислари жалб этилади;

г) Институт қайта ташкил этилаётган Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, тузилган шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

10.  Академияга қарашли Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Зарбулоқ кўчаси, 14-уй манзили бўйича жойлашган ётоқхона биноси оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Институтга бепул ўтказилиши таъминлансин.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ушбу бинони сақлаш учун Ўзбекистон халқаро ислом академиясига 2025 йил учун ажратилган бюджет маблағларининг қолдиқ қисмини Институтга ўтказиб берсин, 2026 йилдан бошлаб эса бинони сақлаш билан боғлиқ харажатларни Институтнинг харажатлар сметасида режалаштириб борсин.

11.  Қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ва қуйидагиларни унинг асосий вазифалари этиб белгилаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

а) буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш;

б) тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғибқилиш;

в) нақшбандийлик таълимотининг эзгу ғояларини тадқиқ этиш учун илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, кўргазма, семинар-тренинг, танловлар ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш;

г) тасаввуф таълимотининг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилиш, сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

12. Қўмита ва Академиянинг Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази исломшунослик йўналишидаги илмий тадқиқотларни ҳамда дин билан боғлиқ жараёнлар бўйича таҳлилларни амалга оширувчи илмий-тадқиқот муассасаси этиб белгилансин.

13. Қуйидагилар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг қўшимча вазифалари этиб белгилансин:

а) Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби буюк аллома аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш, жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини халқимиз, айниқса, ёшларга етказиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ҳудудида рўй берган Биринчи ва Иккинчи Ренессанснинг илмий-назарий асосларини тадқиқ этиш ҳамда Янги Ўзбекистон тараққиётининг маънавий пойдеворини яратишда иштирок этиш;

б) ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;

в) диний таълим муассасаларига илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий масалаларда ҳамда педагог кадрлар ва диний ходимларнинг малакасини ошириб боришда амалий ёрдам кўрсатиш;

г) ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асрашга қаратилган стратегик аҳамиятга эга лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш.

14. Диний-маърифий соҳадаги ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини ошириб бориш мақсадида доимий асосда фаолият кўрсатувчи Диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқотга оид фаолиятни мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштирувчи кенгаш) ташкил этилсин ва унинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки:

а) Мувофиқлаштирувчи кенгаш диний-маърифий соҳада таълим, фан ва илмий-тадқиқот ишларининг барча жараёнларини мувофиқлаштириш масалаларига масъул бўлган маслаҳат органи ҳисобланади;

б) Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи вазифасини Қўмита амалга оширади;

в) Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Академия ва бошқа диний-маърифий муассасаларнинг таълим ва илмий-тадқиқотга оид фаолияти мувофиқлаштирилади;

г) Мувофиқлаштирувчи кенгаш мажлислари ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.

15. Қуйидагилар Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

а) “Учинчи ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғояси асосида буюк аждодларимиз илмий меросида улуғланган ватанпарварлик, бағрикенглик каби умуминсоний ғояларни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш йўналишларини белгилаш;

б) диний-маърифий соҳадаги муассасалар фаолиятини чуқур ўрганиб бориш, ўқув-тарбия жараёнига илғор ахборот-коммуникация ва педагогик технологиялар, инновацион ишланмаларни татбиқ этиш ҳамда илмий ва услубий фаолиятини мувофиқлаштириш;

в) соҳа ташкилотларида тўпланган илмий-услубий ишланмалар ва тажрибаларни таҳлил этиш асосида улардаги таълим мазмунини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш, ўқув режа ва фан дастурларини ишлаб чиқишда узвийлик тамойилларини таъминлаш;

г) республиканинг барча таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида бажариладиган диний мавзудаги тадқиқотлар (диссертациялар)нинг мавзу ва йўналишларининг аҳамияти, долзарблиги юзасидан тегишли тавсияларни бериш.

III. Диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш

16. Республикада истиқомат қилувчи турли дин вакилларининг Янги Ўзбекистон тараққиётига дахлдорлик ҳиссини ошириш, жамиятда конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Қўмитанинг Конфессиялар ишлари бўйича кенгаш (кейинги ўринларда – Кенгаш) фаолиятини такомиллаштириш ҳақидаги таклифига розилик берилсин. Бунда қуйидагилар инобатга олинсин:

а) Кенгаш таркибига сиёсий арбоблар, жамоатчилик фаоллари, диншунос олим ва мутахассисларни кузатувчи сифатида киритиш;

б) Кенгашга диний конфессияларнинг муаммолари бўйича давлат ва нодавлат ташкилотларга сўров, мурожаат ва тавсиялар юбориш ҳуқуқини бериш;

в) Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Фарғона вилоятларида ҳудудий кенгашлар ташкил этиш;

г) Кенгаш томонидан турли конфессияларга оид диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари ўртасида спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш.

Кенгашнинг янгиланган таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

IV. Фармон ижросини ташкил этиш ва назорат қилиш

17. Қўмита манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Дин ишлари бўйича қўмита раиси С.Д.Тошбоев белгилансин.

Фармон ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.Қ.Давлетов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                                                                                                             Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2025 йил 21 апрель

Бошқа мақолалар
Мақолалар

МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

04.09.2026   13150   8 min.
МУҚАДДАС ҚАДРИЯТ ВА УНИ НИҚОБ ҚИЛГАН МАНФУР СИЁСАТ: ШАҲИДЛИК МАСАЛАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.

Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.

Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!

Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.

Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.

Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.

Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.

Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:

1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.

2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.

Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.

Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.

Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).

Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).

Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:

⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.

⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.

⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.

⏺ Ғарқ бўлганлар.

⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).

⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.

⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.

⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.

⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.

⏺ Жума кечаси вафот топганлар.

⏺ Сил касалидан ўлганлар.

⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.

⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.

⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.

⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.

⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.

⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.

⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.

⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.

⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.

⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.

⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.

⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.

⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.

⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.

⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.

⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.

⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.

⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.

⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.

Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.

Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Ботил даъволарга асосли раддиялар” китоби асосида тайёрланди.

МАҚОЛА