2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили”да “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги ташкилот ва диний соҳа ходимлари фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ректоримиз У.Ғафуров бошчилигида проректорлар, кафедра мудирлари, бўлим бошлиқлари, бир гуруҳ ўқитувчи, ходимлар институт асосий биноси атрофига иқлимга тез мослашадиган, кислород кўп ишлаб чиқарадиган игна баргли ва мевали дарахтлар, гуллар экишди.
Институт ҳудудида экилган кўчатлар “Яшил макон”га айлантириш билан бирга ёшларни, талабаларни табиатга меҳр қўйишга ундаш, шунингдек, динимизда айтилганидек хушманзара боғ-роғлар барпо этиб атроф-муҳитни обод қилишдир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Президент Шавкат Мирзиёев бугун нафақат Ўзбекистон, балки дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини яққол ҳис қилаётганини қайд этди.
Анас ибн Молик розияаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис кўчат экишнинг фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, Қиёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Мадинада ажва хурмосини экканлари манбаларда келтирилган.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтдилар: “Набий алайҳиссалом амакилари Аббосга фарзандларини кўчат экишга буюришларини, албатта, кўчат экиш фақирликни кетказишини амр этдилар”.
Кўчат экиш, мавжуд дарахтларни асраб авайлаш ҳар бир фуқаронинг инсоний вазифаси бўлиб, эвазига улкан савобларга эришади, бунинг натижасида шаҳар ва қишлоқлар обод, аҳоли эса хушманзара ва тоза ҳаводан баҳраманд бўладилар.
И.Дадабаев,
Ёшлар билан ишлаш,
маънавият ва маърифат бўлими ходими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Мир Араб олий мадрасаси Маънавият бўлими бошлиғи Мустафо домла Ходжаевнинг оталари вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Мустафо домла Ходжаевга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz