Жаннатмонанд юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланишга катта эътибор қаратиляпти.
Шу йил 12 апрель куни пойтахтимизнинг Бектемир туманида 4 гектар майдонга 1500 тупга яқин кўчат ўтқазилди.
Бу жараёнда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчиликларида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хусусан, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ҳамда пойтахтимиз имом-хатиблари фаол иштирок этдилар.
Ерга қадалган капалта, софора, заранг, эман ва чинор каби дарахтлар вақт ўтиб муаззам дарахтларга айланади. Пойтахтизимиз экологиясини янада яхшилашга хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Экилган кўчат ва дарахтлар хамда ўсимликлар доимо Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб туради. Инсон ернинг гўзаллигини нафақат асраб-авайлаши, балки унинг янада гуллаб-яшнаши учун ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати
Жорий йил, 18 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев Қатар вақф ва ислом ишлари вазири Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним билан учрашув ўтказди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Қатар алоқалари ривожланаётгани, икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари, олий даражада имзоланган ҳужжатлар ҳамкорликнинг жадал тараққий этишида муҳим омил экани таъкидланди.
Мартабали меҳмонга юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, эътиқод эркинлиги йўналишидаги янгиланишлар ва кўп миллатли халқимиз учун тақдим этилаётган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, «Вақф» хайрия жамоат фонди, илмий-тадқиқот марказлари, масжид-мадрасалар, Фатво маркази, Қуръони карим ва тажвид ўқув курслари делегацияда катта қизиқиш уйғотди.
Ғаним бин Шаҳин ал-Ғаним Ўзбекистонга илк ташрифидан мамнун экани, бу замин дунё тамаддуни марказларидан бири экани, улуғ мутафаккирларимиз башарият тараққиётига катта ҳисса қўшгани, Имом Бухорий, Имом Термизий каби алломалар бутун оламга машҳур эканини эътироф этди.
Учрашувда диний соҳа ходимлари малакасини ошириш, илмий-тадқиқот, таълим-тарбия ва зиёрат туризми йўналишларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Меҳмонлар “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилиб, осори-атиқаларни сақлаш, илмий-маънавий меросни асраб-авайлаш ва ислом маърифатини кенг тарғиб этиш борасида олиб борилаётган тарихий ишларни юқори баҳолади.
Шунингдек, мартабали меҳмонлар Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ҳам бўлиб, олий маъҳад фаолияти билан яқиндан танишдилар.
“Ҳазрати Имом” масжидида ўқилган жума намозидан сўнг икки давлат ҳамкорлиги янада тараққий этиши, дин йўлида қилинаётган хизматлар бардавом бўлишини тилаб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати