Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Июл, 2025   |   10 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:12
Қуёш
04:56
Пешин
12:33
Аср
17:42
Шом
20:03
Хуфтон
21:39
Bismillah
05 Июл, 2025, 10 Муҳаррам, 1447

Бешинчиси бўлманг, ҳалок бўласиз!

16.04.2025   7069   3 min.
Бешинчиси бўлманг, ҳалок бўласиз!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ алақдан яратган инсоннинг биринчи муаллими Аллоҳ жалла жалолуҳунинг Ўзидир. Аллоҳ унга қалам билан илм берган, билмаган нарсасини ўргатган.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни уммийларга ва бошқаларга муаллим қилди. У зот уларга Китобни ва ҳикматни – Қуръон ва суннати мутоҳҳарани ўргатди. Бу ҳақиқат Қуръони Каримда қуйидагича ифодаланади:

«У уммийларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборган Зотдир. Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин залолатда эдилар. Ва улардан ҳали уларга қўшилмаган бошқаларга ҳам. Ва Унинг Ўзи азиздир, ҳакимдир» (Жума сураси, 2–3-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига Китоб ва ҳикматни ўргатдилар, чунки бу иккиси барча умматни саодатга етакловчи илоҳий ваҳийдир. Бу иккиси асосий мақсад бўлса, бошқа илмлар унга элтувчи воситадир.

Ояти карималарнинг нозил бўлишига, уларнинг нозил бўлишига сабаб бўлган воқеаларига замондош бўлган қавм фиқҳ, усули фиқҳ деб аталган илмларга муҳтож бўлмаган. Чунки улар Қуръоннинг тилини яхши тушунишган, шариатни жорий қилиш жараёнидаги воқеа-ҳодисалар билан бирга яшашган. Айни пайтда, бирор муаммога дуч келиб қолишса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бевосита мурожаат қилишган. Сийрат ва сияр, яъни ғазот аҳкомлари илмига келсак, бу илмларнинг қаҳрамонлари уларнинг ўзлари бўлишган, воқеаларнинг бевосита иштирокчилари бўлишган. Шунингдек, улар араб тили илмига ҳам беҳожат бўлишган, чунки улар шу тилнинг эгалари, юксак балоғат соҳиби бўлишган. Бу авлод замон тақозоси ўтган уламоларимизни мажбур қилган мантиқ ва баҳс-мунозара илми каби ақлий илмларга ҳам муҳтож бўлмаган.

Хуллас, улар Китоб ва Суннат илмидан бошқа илмга муҳтож бўлишмаган. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга топширган вазифалар мана шу эди: «Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик» (Наҳл сураси, 44-оят).

Илм олиш шу тўрт рукн устига қурилган: Китоб ва Суннатни ўрганиш, муаллим (илм берувчи), мутаъаллим (илм олувчи) ва уларнинг орасидаги таълим жараёни. Ушбу тўрт рукн орасида мустаҳкам алоқа бор.

Илмнинг шарафи ўрганилаётган илмнинг шарафига қараб бўлади. Бу ерда ўрганилаётган илм эса Аллоҳнинг китоби, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Булардан улуғ илм борми?!

Толибнинг шарафи у ўрганаётган илмнинг шарафига, муаллимнинг шарафи ҳам у ўргатаётган илмнинг шарафига боғлиқдир. Таълимнинг шарафи эса унинг самарасига, натижасига қараб бўлади. Шу тўрт рукн бўлмаганида Ислом дини шу кунимизгача, Аллоҳ хоҳлаган вақтгача қолмаган бўлар эди.

Баззор ва Табароний Абу Бакрадан ривоят қилган ҳадисда «Ё олим бўл, ё мутаъаллим бўл, ё тингловчи бўл ёки (илмга) муҳаббатли бўлгин. Бешинчиси бўлма, ҳалок бўласан», дейилган. Мен бу тўрт хислатга қуйидагиларни қўшимча қиламан: ё илм аҳлига ходим бўл, ё уларнинг илмини нашр қилувчи бўл, ё мактаб-мадрасалар очиб тарқатувчи бўл, ёки толиби илмларнинг ҳомийси бўлгин.

Шайх Муҳаммад Аввоманинг
«Маолимул иршодийя ли синоати толибил илм»
китобидан
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси.

 

Бошқа мақолалар

Бировнинг телефонига назар солиш мумкинми?

30.06.2025   4292   1 min.
Бировнинг телефонига назар солиш мумкинми?

Савол: Бировнинг телефони ва ундаги маълумотларни рухсатсиз кўриш мумкинми? Чунки баъзан автобус, метро каби оммавий транспорт воситаларида айрим шахсларнинг шундай ишлар қилаётганига гувоҳ бўлиб қоламиз?


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бировнинг телефонидан унинг рухсатисиз фойдаланиш ёки ундаги маълумотларни ўқиш шаръан тўғри эмас. Бу бировнинг уйига рухсатсиз мўралаш, хатига рухсатсиз қараш кабидир. Зеро, бу ишлар Қуръон ва ҳадисларда ман этилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, худди дўзах оташига назар солгандек бўлади”, деганлар (Абу Довуд ривояти).

Аммо агар мураббий (ота, устоз ва ҳоказо) қўл остида тарбияланаётган шахснинг тўғри йўлдан оғишидан шубҳа қилса, у ҳолда тарбия мақсадида ўз қўл остидаги шахснинг телефонини текширишига рухсат берилади. Балки улар вақти-вақти билан болалар ва уларга тегишли нарсаларни назорат қилиб туришлари керак, токи улар тўғри йўлдан оғмасинлар. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази