Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ алақдан яратган инсоннинг биринчи муаллими Аллоҳ жалла жалолуҳунинг Ўзидир. Аллоҳ унга қалам билан илм берган, билмаган нарсасини ўргатган.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни уммийларга ва бошқаларга муаллим қилди. У зот уларга Китобни ва ҳикматни – Қуръон ва суннати мутоҳҳарани ўргатди. Бу ҳақиқат Қуръони Каримда қуйидагича ифодаланади:
«У уммийларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборган Зотдир. Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин залолатда эдилар. Ва улардан ҳали уларга қўшилмаган бошқаларга ҳам. Ва Унинг Ўзи азиздир, ҳакимдир» (Жума сураси, 2–3-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига Китоб ва ҳикматни ўргатдилар, чунки бу иккиси барча умматни саодатга етакловчи илоҳий ваҳийдир. Бу иккиси асосий мақсад бўлса, бошқа илмлар унга элтувчи воситадир.
Ояти карималарнинг нозил бўлишига, уларнинг нозил бўлишига сабаб бўлган воқеаларига замондош бўлган қавм фиқҳ, усули фиқҳ деб аталган илмларга муҳтож бўлмаган. Чунки улар Қуръоннинг тилини яхши тушунишган, шариатни жорий қилиш жараёнидаги воқеа-ҳодисалар билан бирга яшашган. Айни пайтда, бирор муаммога дуч келиб қолишса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бевосита мурожаат қилишган. Сийрат ва сияр, яъни ғазот аҳкомлари илмига келсак, бу илмларнинг қаҳрамонлари уларнинг ўзлари бўлишган, воқеаларнинг бевосита иштирокчилари бўлишган. Шунингдек, улар араб тили илмига ҳам беҳожат бўлишган, чунки улар шу тилнинг эгалари, юксак балоғат соҳиби бўлишган. Бу авлод замон тақозоси ўтган уламоларимизни мажбур қилган мантиқ ва баҳс-мунозара илми каби ақлий илмларга ҳам муҳтож бўлмаган.
Хуллас, улар Китоб ва Суннат илмидан бошқа илмга муҳтож бўлишмаган. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга топширган вазифалар мана шу эди: «Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик» (Наҳл сураси, 44-оят).
Илм олиш шу тўрт рукн устига қурилган: Китоб ва Суннатни ўрганиш, муаллим (илм берувчи), мутаъаллим (илм олувчи) ва уларнинг орасидаги таълим жараёни. Ушбу тўрт рукн орасида мустаҳкам алоқа бор.
Илмнинг шарафи ўрганилаётган илмнинг шарафига қараб бўлади. Бу ерда ўрганилаётган илм эса Аллоҳнинг китоби, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Булардан улуғ илм борми?!
Толибнинг шарафи у ўрганаётган илмнинг шарафига, муаллимнинг шарафи ҳам у ўргатаётган илмнинг шарафига боғлиқдир. Таълимнинг шарафи эса унинг самарасига, натижасига қараб бўлади. Шу тўрт рукн бўлмаганида Ислом дини шу кунимизгача, Аллоҳ хоҳлаган вақтгача қолмаган бўлар эди.
Баззор ва Табароний Абу Бакрадан ривоят қилган ҳадисда «Ё олим бўл, ё мутаъаллим бўл, ё тингловчи бўл ёки (илмга) муҳаббатли бўлгин. Бешинчиси бўлма, ҳалок бўласан», дейилган. Мен бу тўрт хислатга қуйидагиларни қўшимча қиламан: ё илм аҳлига ходим бўл, ё уларнинг илмини нашр қилувчи бўл, ё мактаб-мадрасалар очиб тарқатувчи бўл, ёки толиби илмларнинг ҳомийси бўлгин.
Шайх Муҳаммад Аввоманинг
«Маолимул иршодийя ли синоати толибил илм» китобидан
Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси.
Савол: Бир биродаримнинг қалби нотинч бўлмоқда. Шу биродарим номидан ушбу саволни йўлламоқдаман. Бомдод намози вақтида имомликка у кишидан бошқа тажвиди яхши киши бўлмагани сабабли, жамоатга намоз ўқиб берган. Намоздан сўнг бавосир касаллиги эсига тушиб, таҳоратхонага бориб қараса, кийимида қонни кўриб қолибди. У қон намоздан олдин чиққанми ёки кейин, буни аниқ билолмаяпти. Энди ўқилган намозимиз тўғрими ёки йўқми, жамоатга: “Намозингизни қайта қазо қилиб ўқиб қўйинг”, деб айтайми-йўқми, билмай турибман, деб кўнгли нотинч бўлмоқда. Бунинг ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Киши кийимида нажосат кўриб қолиб, унинг қачон текканини била олмаса, кўрган вақтидан бошлаб теккан ҳисобланади. Аммо бу ҳукм ташқаридан теккан ёки ташқаридан тегиши эҳтимоли бор бўлган нажосатларга тегишли. Агар қон ёки йиринг ўзининг баданидан чиққани аниқ бўлса, бунда кийим нажосат бўлиш билан бирга таҳорат ҳам кетган бўлади. Кўрган пайтда қон ёки йиринг қотган ҳолатда бўлса, у аввалроқ чиққан ҳисобланади. Агар ҳўл ҳолатда бўлса, ҳозир чиққан ҳисобланади. Демак, биродарингиз қонни кўрган вақтда, у ҳўл ҳолатда бўлса, намозни қайта ўқиш шарт эмас. Агар қон қуриб қолган бўлса, биродарингиз намозни қайта ўқиши лозим. Жамоатга келсак, қаралади, агар уларга айтилса, фитнага сабаб бўлса, уларга бу ҳақида айтилмайди. Балки имом ўзи қайтиб ўқийди ва истиғфор айтади. Жамоатнинг намози дуруст бўлган ҳисобланади. Лекин жамоатга бу ҳақида айтса, фитна ва ихтилоф чиқмайдиган бўлса, у ҳолда уларга ҳам бу ҳақда айтиб қўйиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази