Индонезия пойтахтида Ўзбекистон туризм салоҳиятининг тақдимоти ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Тадбирда Индонезия сайёҳлик компаниялари раҳбарлари, Туризм ва Дин ишлари вазирликлари масъул ходимлари ҳамда матбуот вакиллари иштирок этди.
"Qanot Sharq" авиакомпанияси раҳбарияти жорий йилнинг кузги мавсумидан бошлаб Жакарта-Самарқанд-Жидда йўналишида ҳаво қатновлари йўлга қўйилишини эълон қилди. Самарқанд шаҳри ва "Умра+" дастури доирасида индонезиялик сайёҳлар учун яратилган имкониятлар ҳақидаги видеофильм намойиш этилди.
Анжуманда сўзга чиққан Индонезия дин ишлари вазири Насируддин Умар Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, ушбу заминдан етишиб чиққан буюк зотлар, мутафаккир ва уламолар тўғрисида сўзлаб берди.
–Ўзбекистон – муқаддас замин. Самарқанд шаҳри эса Макка ва Мадинага олиб борувчи асосий дарвоза, – деди вазир Насируддин Умар. – Мовароуннаҳр уламолари Индонезия оролларида ислом дини таълимотини қарор топтиришда алоҳида ўрин тутади. Ислом оламининг буюк даҳоси, Қуръондан кейинги ўринда турувчи "Ал Жомий ас-Саҳиҳи" китобининг муаллифи Имом Бухорий Ўзбекистон заминида таваллуд топган. Ўзбекистон Президентининг фармони билан таниқли муҳаддиснинг қабри жойлашган Самарқанд ёнидаги Хартанг қишлоғида улуғвор ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда. Зиёратгоҳ дунё мусулмонлари учун энг аҳамиятли туҳфа бўлиши муқаррар. Шубҳасиз, ушбу воқеа нафақат Янги Ўзбекистон тарихида балки ислом дини ривожланиши тарихида ҳам муносиб ўрин эгаллайди.
Имом Бухорий индонезияликлар учун ниҳоятда қадрли шахс. Унинг мақбарасини зиёрат қилиш ҳар бир мусулмоннинг орзуси. Мамлакатимиз биринчи Президенти Сукарно ҳам бундан 70 йил муқаддам яъни 1956 йилда муҳаддиснинг қабрини зиёрат қилган.
Ҳар йили 1 миллион 200 мингдан ортиқ ватандошимиз Умра амалларини адо этиш учун Саудия Арабистонига йўл олади. Зиёратчиларимиз аксарият ҳолларда Истамбул, Қоҳира, Доҳа, Аммон шаҳарларида тўхтаб ўтишади. Самарқанд шаҳри ўзининг бой тарихи, юксак маданияти, исломий обидалари, тамаддун масканлари, ўзбекларга хос меҳмондўстлик қадриятлари, аҳолисининг индонезияликларга бўлган илиқ муносабати нуқтаи назаридан қайд этилган шаҳарлардан кўп маротаба афзалдир.
Индонезия томони, шунингдек, "Умра+Самарқанд" дастурини оммалаштиришда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдириб, бугунги нутқи ўзининг ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларида жойлаштирилиши ва кенг жамоатчиликка етказилишини урғулади.
Шунингдек, тарғибот ва ташвиқот қилиш орқали "Умра+Самарқанд" турпакетини оммалаштириш ва Индонезиядан Ўзбекистонга туристлар сонини кескин ошириш имконияти мавжуд эканлигини таъкидланди.
Тадбир доирасида "Qanot Sharq" авиакомпанияси вакиллари ва Индонезиянинг "ASITA" туризм агентликлари ташкилоти раиси Русмиати Нунунг ўртасида Жакарта - Самарқанд - Жидда йўналишида авиақатновларни йўлга қўйиш ва индонезиялик туристларга хизмат кўрсатиш тўғрисида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Кеча, 29 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари халқаро конференция доирасида Иордания бош муфтийси Аҳмад Иброҳим Ҳасанот ҳамда Қирол Абдуллоҳ II номидаги Имомлар малакасини ошириш институти директори Абдусаттор Алқуда билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқотда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани, мамлакатлар раҳбарларининг дўстона алоқалари турли йўналишлардаги муносабатларга замин бўлаётгани, алоқаларни ривожлантириш бўйича “Йўл харита” ишлаб чиқилгани, унда диний таълим, замонавий фатво ишлаб чиқиш бўйича вазифалар белгиланганига урғу қаратилди. Шунингдек, меҳмонларга Давлатимиз Раҳбари саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Диний идора Фатво маркази уламолари мазкур институтдаги ўқувларда мунтазам иштирок этиб келаётгани, иорданиялик уламолар мамлакатимиздаги анжуманларда доимий қатнашиб келаётгани, хусусан, Исломий илмлар дорулфунуни доктори Шайх Салоҳ Абул Ҳож фаоллиги учрашувда алоҳида таъкидланди.
Иордания муфтийси заминимиздан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби мутафаккирлар етишиб чиққани, юртимиз уламолари дин ривожига катта ҳисса қўшгани, Ислом ақидасини ҳимоя қилишдаги беқиёс хизматларига урғу қаратди.
Аҳмад Иброҳим Ҳасанот Самарқандда ўтаётган конференциянинг долзарблиги ҳақида гапириб, бугунги кунда мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганишни тақозо этаётгани, мотуридийлик мактабининг илм-маърифат, мўътадиллик ва бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб этишдаги ўрнини юқори баҳолади. Шунингдек, у ўзбекистонликлар файзу барака, илм-маърифатни араб оламидан эмас, балки ўзларининг ўтмишдаги буюк мутафаккирлари меросидан олишлари энг тўғри йўл эканини изоҳлади.
Имомлар малакасини ошириш институти директори Абдусаттор Алқуда ушбу ўқув даргоҳи масжид имом-хатиблари тайёрланиши ва уларнинг малакаси ошириш, диний қадриятларни тарғиб қилиш, экстремизм ва бузғунчи ғояларга қарши курашиш ишлари билан шуғулланишини билдирди.
Учрашув ниҳоясида замонавий фатволарни ишлаб чиқиш, диний соҳа ходимлари малакасини ошириш ва илмий-тадқиқот олиб боришда ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати