Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини юзага чиқариш бўйича қилинаётган ишлар катта натижа бермоқда, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, буни ҳудудга хорижий сайёҳларнинг ташрифи етти-саккиз йил олдинги даврга нисбатан 30 баробар кўпайганида ҳам кўриш мумкин. Соҳадаги ўзгаришлар ҳисобига вилоят туризм хизматлари экспорти 2017 йилдаги 7 миллион доллардан ўтган йилда 380 миллион долларга етди.
Сир эмас, илгари ҳудуд туризми ҳақида гапирилганда кўпчилик фақат Ичан қалъани ҳаёлига келтирар эди. Кейинги вақтларда бу борадаги қарашлар бутунлай ўзгарди. Сайёҳлар учун қирқдан ортиқ туристик йўналишлар ишлаб чиқилди ва уларнинг умумий сони юзтага етди.
Энди бу ерда яна бир ноёб мажмуа – "Арда Хива" бор. Унинг очилиши Хоразм вилоятига Президент ташрифининг муҳим воқеаси бўлди.
Мажмуа қадим кент ичра яна бир бетакрор шаҳарни эслатади. Мазкур маскан ўзида тарих ва бугунни уйғунлаштирган меъморий ечими билан ноёб лойиҳа саналади.
"Арда Хива" ҳудуддаги 25 гектарлик паст унумли, шўрхок майдонда қурилди. Унинг бир томони 150 гектарлик Ғовук кўлга туташиб кетгани, бу майдонларда эса яшил ҳудудлар ташкил этилаётгани лойиҳани сайёҳлар учун янада жозибадор кўрсатишга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуа бўйлаб юриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари ҳамда бозор расталарини томоша қилди.
Бу ерда сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган. Хусусан, қадимий шаҳар муҳитини акс эттирувчи бинолар, жами минг ўринли 20 та меҳмонхона қурилди. Очиқ-ёпиқ аквапарк ва аттракционлар, уч минг ўринли амфитеатр ва мусиқали фаввора барпо этилди.
Шунингдек, тарихий қиёфадаги 11 та ҳунарманд уйи, шарқона бозор, "Кўҳна Урганч" музейи меҳмонлар учун қизиқарли бўлади. Икки километрлик каналда қайиқда сайр қилиш имконияти яна бир ўзига хос янгилик.
Бешта кинотеатр ва концерт зали, кўплаб ресторанлар, заргарлик маркази, савдо дўконлари ва расталари, сув мото-туризми жойи ҳамда автотураргоҳ замонавий талабларга мос тарзда қурилган. Ҳудуддаги барча иншоотлар учун ягона совитиш ва иситиш тизими барпо этилган. Электр энергияси таъминоти учун қуёш панеллари ўрнатилган.
Мажмуа йилига уч миллион нафар ташриф буюрувчини қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда икки мингдан зиёд киши иш билан таъминланади.
Ичан қалъа тарихий бўлса, "Арда Хива" Хоразмнинг замонавий "ташриф қоғози" бўлади.
Давлатимиз раҳбари шу ерда хоразмлик ёшлар билан самимий мулоқот қилди.
- Ҳар қандай захира, ерости бойликлари қачонлардир тугайди. Лекин боболаримиз бизга шундай буюк маънавий мерос, улуғвор обидалар қолдирганки, улар асрлар давомида халққа хизмат қилиб келаяпти. Биз мана шу бойликдан элимиз манфаати йўлида фойдаланишимиз керак. Анча ишлар қилинди, лекин ҳали режалар ҳам кўп. Мен бу йўлда сиз, ёшларга ишонаман. Сизлар баланд чўққиларни кўзлаб, шунга яраша билим олсангиз, замонавий касбларнинг устаси бўлсангиз, юксак мақсадларимизга албатта эришамиз, - деди Президент Шавкат Мирзиёев.
Ёшларнинг ўқишдаги муваффақиятлари, орзу-интилишлари ҳақида фикр алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Жумада дуо ижобат
١٨٣٧- وَحَدَّثَنَا يَحْيَى بْنُ يَحْيَى قَالَ: قَرَأْتُ عَلَى مَالِكٍ. ح وَحَدَّثَنَا قُتَيْبَةُ بْنُ سَعِيدٍ عَنْ مَالِكِ بْنِ أَنَسٍ عَنْ أَبِي الزِّنَادِ عَنِ الْأَعْرَجِ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَكَرَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ فَقَالَ: «فِيهِ سَاعَةٌ لَا يُوَافِقُهَا عَبْدٌ مُسْلِمٌ وَهُوَ قَبِيلَةٌ يَسْأَلُ اللَّهَ شَيْئًا إِلَّا أَعْطَاهُ إِيَّاهُ». زَادَ قُتَيْبَةُ فِي رِوَايَتِهِ: وَأَشَارَ بِيَدِهِ يُقَلِّلُهَا.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунини зикр қила туриб, "Унда шундай бир вақт борки, мусулмон банда намоз ўқиб турган ҳолида унга мувофиқ келиб, Аллоҳдан бирон нарса сўраса, У Зот унга ўшани бермай қўймайди", дедилар».
(Ровий) Қутайба ўз ривоятида "ва қўллари билан унинг озлигига ишора қилдилар" деб қўшимча қилган (Имом Муслим ривояти).
Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан ва кейингилардан баъзи илм аҳллари дуо ижобат бўладиган соатни асрнинг кетидан то қуёш ботгунича чўзилган вақт орасида деб ҳисоблайдилар. Аҳмад ва Исҳоқнинг қавли шу.
Аҳмад бундай дейди: "Ҳадисларнинг кўпи, дуоси мустажоб бўладиган соат аср намозидан кейин экани борасидадир. Заволдан кейин ҳам кутилади".