Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик, шунда бироз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум ила бошларини кўтардилар. Биз: "Сизни нима кулдирди, ё Аллоҳнинг Расули?", дедик. "Менга ҳозиргина бир сура туширилди", деб: "Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Иннаа аътойнакал Кавсар" сурасини қироат қилдилар. Сўнгра: "Кавсар нималигини биласизларми?" дедилар. "Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир", дедик. "У Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган дарёдир. Унда кўп яхшилик бордир. У қиёмат куни умматим келиб ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича".
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳожат намози
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг Аллоҳга ва Бани одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтсин. Сўнгра: “Ҳалийму Карим Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Роббиси Аллоҳ покдир. Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан: раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатлик сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш эт, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта чиқаргин. Ё Арҳамар Роҳимийн”, десин”, дедилар (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).
Аввобийн намози
Бу намоз шом намозидан кейин ўқилади ва олти ракатдир. Аввал тўрт, кейин икки ракат ёки икки ракатдан қилиб ўқилади.
Таҳажжуд намози
Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намоз “таҳажжуд намози” деб аталади. Шунингдек, бу намоз “қиём намози” деб ҳам аталади. Дастлаб бу намоз вожиб бўлган, кейин вожиблиги насх қилинган. Нафл намозларининг энг афзали таҳажжуд ҳисобланади. Чунки бу намоз ҳамма ухлаб ётган вақтда ўқилгани учун риёдан узоқ, ихлосга яқин бўлади. Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракатдир.
“Суннатга мувофиқ намоз ўқинг” китобидан олинди.