Кеча, 13 май куни Мадина шаҳрига эсон-омон етиб келган зиёратчиларимизнинг илк гуруҳларини Муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, “Ҳаж – 2025” ишчи гуруҳи вакиллари, мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташеси Шуҳрат Амоний ва бошқа мутасаддилар томонидан тантанали равишда катта эҳтиром билан кутиб олинди.
Шунингдек, ҳамюртларимиз муҳташам “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасига киришлари биланоқ илиқ қарши олиниб, зам-зам сувлари, хурмо, ширинликлар ва ҳадялар улашилиб, гуллар ила икром қилинди.
Айни дамда зиёратчиларимиз меҳмонхоналарга жойлашиб бўлганидан сўнг ихлосу имон билан ибодатларни адо этиш, хусусан, Масжиду Набавий ва Равзаи муборакни зиёрат қилишга, яқинлари томонидан илтимос қилинган саломларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишга ошиқмоқдалар.
Аллоҳ таоло юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилиб, ибодату дуоларини ижобат айласин, Равзаи шариф зиёратини барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Дин ишлари бўйича қўмита, Сергели туман ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар Маърифий тарғибот маркази ҳамкорлигида Сергели туманидаги “Мударрис халқаро мактаб”ида пойтахтимизда жойлашган “Минор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ домла Сайфутдинов иштирокида “Кенгмакон” маҳалласида истиқомат қилувчи ота-оналар ва аҳоли вакиллари билан маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда давомида фарзанд тарбияси, одоб-ахлоқ ва илм эгаллашнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Ота-онага ҳурмат, Ватанга садоқат ва маънавий поклик ёшларни ёт ғоялардан асрашда муҳим восита экани таъкидланди. Шунингдек, оиладаги тарбиянинг кучи, ота-онанинг фарзандга намуна бўлиши жамият барқарорлигига хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзини қизиқтирган саволларга жавоблар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати