Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июн, 2025   |   13 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:37
Шом
19:58
Хуфтон
21:36
Bismillah
09 Июн, 2025, 13 Зулҳижжа, 1446

Замзам ҳақида нималар биламиз?

23.05.2025   15160   12 min.
Замзам ҳақида нималар биламиз?

Аллоҳ таолонинг инсон зотига кўрсатган чексиз марҳаматларидан бири шубҳасиз сув неъматидир. Заминдаги бирор тирик жон сувдан беҳожат бўлолмайди. Ушбу ҳаётдаги барча нарса сув билан тирикдир. Лекин Яратувчи бу улуғ неъматини махсус бир сув билан хослади. Унга фазл ва баракот ато этди. Мусулмонлар курраи заминнинг турли нуқталаридан ушбу хос неъматдан баҳраманд бўлиш учун келадилар. У ҳам бўлса замзам сувидир. Хўш, замзам суви ўзи нима ва унинг қандай мўъжизакор хусусиятлари бор?

Замзам суви

Замзам суви бу - замзам қудуғидан чиқадиган сувдир. Бу қудуқ Маккаи мукаррамадаги Ҳарам ҳудудида жойлашган. Бу сув барча мусулмонлар наздида муқаддас сув ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло уни ўзига хос мў'жизавий хусусиятлар билан бошқа сувлардан афзал қилган. Дини Ислом таълимотларига кўра, замзам булоғини Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссалом ва унинг онаси учун чиқариб берган.

Замзам қудуғи Маккий Ҳарам ҳудуди ўз ичига олган муҳим тарихий унсурлардан бири ҳисобланади. У ер сатҳидаги энг машҳур булоқ бўлиб, мусулмонлар қалбида ўзига хос руҳий ўрни бор. Айниқса, ҳожилар ва умра зиёратчилари учун бу сувнинг аҳамияти катта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Ер юзидаги энг яхши сув замзам сувидир. У тўйимли таом ва касалликдан шифодир" (Табароний ривояти, ал-Мўъжам ал-Кабир, саҳиҳ ҳадис).

Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса бундай марҳамат қилинади: "Замзам суви нима ниятда ичилган бўлса, ўша ниятнинг рўёбга чиқишига сабаб бўлади" (Имом Аҳмад, ибн Можа ва бошқалар ривояти).



Замзам сувининг номлари

Замзам сувининг кўп номлари бўлиб, қуйида уларнинг баъзиларини зикр қиламиз:

1. "Замзам" ва "Зумазим". Бу сўз "замма-язимму-зумуман" феълидан олинган бўлиб, бирор идишга сув лим-лим тўлиб ёнларидан оқиб тушганда ишлатилади. Замзам булоғининг суви кўп ва баракали бўлганлиги учун шундай номланган. Бошқа бир ривоятда келишича, замзам булоғи отилиб чиққан пайтда Ҳожар онамиз унга қараб "зам-зам!" яъни "кўпай ва зиёда бўл!", деган эканлар. Яна бир қавлга кўра эса замзамнинг бундай номланиши Жаброил алайиссаломнинг замзамасидан яъни, фариштанинг мазкур булоқ устида чиқарган товуши ва каломи туфайлидир. Бошқа бир фикрга кўра, мазкур булоқ илк маротаба отилиб чиққан вақтда ўзидан махсус товуш чиқариб шарқираб турган,  шу сабабли замзам деб номланган. Зеро, замзама сўзи шовқин бермоқ, муттасил товуш чиқармоқ маъносини англатади. Замзама сўзининг яна бир маъноси бирор нарсанинг ёйилиб кетган четларини тўплаш, тарқалиб кетмаслиги учун жамлаш маъносини англатади.

2. "Барака" ва "Муборака". Барака сўзи ўсиш, зиёда бўлиш, кўп яхшилик ва саодат маъноларини англатади. Зеро, уларнинг бари замзамда мавжуддир.

3. "Барра". Бу сўз яхшилик, эзгулик ва вафо маъноларини англатувчи "биррун" сўзидан олинган. Чунки Аллоҳ таоло бу сув билан Исмоил алайҳиссаломга яхшилик қилган. Яна бир қавлда эса айтиладики, чунки у аброрлар, яъни яхшилар учун оқиб чиққан, фожирлардан эса тийилган.

4. "Бушро". Бушро сўзи луғатда яхшилик ва хурсандчилик хабари, мужда маъносини англатади. Замзамнинг бундай ном билан аталишига сабаб ўзи ва ўғлининг ҳаётини сақлаб қолиш учун жон ҳолатда сув қидираётган пайтда Ҳожар онамиз учун хушхабар бўлганлигидандир. Зеро, Ҳожар онамиз Сафо ва Марво орасида сув излаб умидлари узилай деган пайтда Аллоҳ таоло томонидан инъом қилинган замзамни кўриб қолгач, бениҳоя хурсанд бўлиб кетадилар ва "менга хушхабар бўлсин, ахир бу сув-ку!", деб юборадилар.

5. "Мактума" (яширилган). Журҳум қабиласидан сўнг замзам булоғи ерга кўмилиб, беркилиб кетганлиги учун шундай аталган эди. Сўнгра Абдул Муттолиб уни қайта очган.

6. "Ҳарамийя". Замзам қудуғи Аллоҳ таолонинг Ҳарами ичкарисида бўлганлиги туфайли унга "Ҳарамийя", яъни Ҳарам булоғи деган ном берилди.

7. "Ракзату Жибрийл" (Жаброилнинг қанот қоқиши), "ҳазмату Жибрийл" (Жаброил пайдо қилган қуйилик, чуқирча), "ватъату Жибрийл" (Жаброилнинг оёқ босиши). Замзам сувининг бундай номлар билан номланишига сабаб унинг Жаброил фаришта ўз қаноти билан ерга уриши ёхуд оёғи билан ерга тепиши натижасида пайдо бўлиб, ердан отилиб чиққанлигидир.

8. "Солима" (соғлом ва саломатли сув). Замзамнинг бу исм билан номланишига сабаб унда саломатлик ва офият борлигидандир.

9. "Сиқоятул ҳож" (Ҳожиларга сув бериш). Замзам суви ҳожиларни сув билан таъминлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожиларни замзам суви билан таъминлаш ишини Аббос розияллоҳу анҳу ва оиласига топширдилар.

10. "Саййида". Чунки замзам суви бошқа барча сувларнинг саййиди, энг афзали, энг шарафлиси ва энг қадри баланди ҳисобланади.

11. "Шаббўатул 'иёл" (камбағалларни тўйдирувчи) шунингдек, "шабъа" (тўқлик, тўйимлилик). Жоҳилият даврида замзам булоғи шу ном билан ҳам номланарди. Сабаби, у чанқаганни чанқоғини қондирарди, камбағалларнинг қорнини тўйдирарди.

12. "Шаробул аброр" (яхшиларнинг шароби). Сабаби ҳамма яхшилар ва солиҳ кишилар замзам сувидан ичишга ҳарис бўладилар.

13. "Шифау суқмин" (касалликлар шифоси). Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилдилар: "Замзам ер юзидаги энг яхши сувдир. Унда очиққанлар учун таом, касалликлар учун шифо бордир" (Табароний {11167, 11/98}, Ҳайсамий {3/286}, Ибн Ҳиббон саҳиҳ деганлар). Унда Аллоҳ таолонинг изни билан барча касалликларга даво бордир. Ким шифо ниятида ичса, Аллоҳнинг иродаси билан, албатта, тузалиб кетади.

14. "София" (соф). Замзам барча зарарли нарсалардан пок ва соф бўлган сувдир.

15. "Тоҳира" (пок). Замзам барча айбу нуқсонлардан пок, ичувчи киши учун фойдали сувдир. Бундан ташқари, замзам ҳурмати баландлиги учун ифлос нарсаларга истеъмол қилинмайди.

16. "Тоййиба" (хуш, ширин, мазали). Замзам сувининг бу ном билан номланиши сабаб, ичган киши лаззатланади, уни ҳамма яхши кўради.  

17. "Зоҳира" (зоҳир, очиқ-ойдин). Замзам сувининг манфаати доим зоҳир бўлиб, кўриниб туради.

18. "Офият". Замзам суви уни ичган инсон учун офият ва шифодир. Аллоҳ таоло мутахассис табиблар ҳам даволай олмаган қанча-қанча касалликлардан замзам  туфайли шифо берган.

19. "Ғиёс" (ёрдам, қутулиш). Чунки у Ҳожар онамиз ва у кишининг фарзанди Исмоил алайҳиссалом учун ёрдам, қаттиқ қийинчиликдан сўнг қутулиш манбаи эди.

20. "Кофия" (кифоя қилувчи). Замзам суви уни ичаётган кишининг барча ҳожатларига кифоя қилувчидир.

21. "Ла тунзофу вала тузамму" (йўқ бўлмайди ва камаймайди). Замзам сувидан қанча кўп ичилмасин камаймайди ҳам, тугаб ҳам қолмайди.

22. "Маъсарату Аббос" (Аббоснинг улуғ мероси). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожиларга замзам сувини ичиришдек шарафли вазифани Аббос розияллоҳу анҳу ва унинг оиласи учун ажратиб берадилар. Бу эса Аббос розияллоҳу анҳу ва унинг оиласи учун улуғликда тенгсиз бўлган мерос эди.

23. "Муъниса" (дўст, дилдош). Замзам сувидан ичган мўмин унга ўрганиб, ўзида унга нисбатан доимий майл ҳис қилади ва уни яхши кўриб қолади. Мудом замзам сувидан ичгиси келаверади.

24. "Маймуна" (баракали). Замзам суви ҳар тамонлама баракалидир.

25. "Нофиъа" (фойдали). Замзам суви санаб тугатиб бўлмайдиган манфаатларга эга эканлиги туфайли шундай номланган.



Замзам сувининг фойдалари

Замзам суви ўзининг маънавий фойдаларидан ташқари саломатлик учун кўплаб фойдали хусусиятларга эгадир. Уларнинг баъзиларини қуйида зикр қиламиз:

1. Эрта қаришнинг олдини олади.

2. Жисмнинг ҳимоя тизимини (иммунитет) кучайтиради.

3. Овқат ҳазм қилишга ёрдам беради.

4. Саратонга қарши самарали воситалардан бири ҳисобланади.

5. Жисм учун фойдали бўлган озуқа моддаларини қонга сўрилиш жараёнини кучайтиради.

6. Жисмга куч-қувват бахш этади. Айниқса, ҳожилар ҳаж мавсимида бундай куч-қувват ва энергия манбаига муҳтож бўладилар.

7. Кўплаб касалликлардан тузалишга ёрдам беради. Жумладан, кўриш қобилиятининг пасайиши, қизамиқ, юрак-қон томир касалликлари, қон босими, қон айланиши касалликлари ва бошқа бир қатор хасталиклардан тузалишда самарали ёрдам беради.

8. Шунингдек, замзам суви қандли диабет касалига чалинганлар, буйрак хасталари учун ҳам шифодир. Шу билан бирга суяк ва бўғин касалликлари, ошқозон-ичак касалликлари, ҳазмдаги муаммолар, йўғон ичак муаммолари, қабзият ва яна бир қанча касалликларни даволашда самарали восита ҳисобланади.

 


Замзам сувини бошқа сувларга аралаштириш ҳақида

Агар замзам сувидан бошқа оддий сувларга аралаштирилса мазкур оддий сув унга қўшилган аралашма миқдорича баракот ва фазилат касб этади. Қанча кўп аралаштирилса, шунчалик баракоти ортади. Камроқ аралаштирилган бўлса ҳам мазкур сув замзам қўшилмаган сувдан афзалроқ ва баракотлироқ бўлади. Зеро, замзам аралаштирилган сувдан ичган кимса замзам сувининг маълум миқдорини ичган ҳисобланади. Шу туфайли, унинг файзидан бонасиб бўлади.

Имом Косоний (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: "Агар бир кимса замзам сувидан иборат бўлган бирор сувни ичмайман деб қасам ичган бўлса ва ўша (замзамдан иборат бўлган) сувга бошқа сувлардан жуда кўп миқдорда қуйилиб, натижада замзам суви ўзига қуйилган кўп миқдордаги сувга аралашиб, бошқа сув унинг устидан ғолиб келса ва шундан сўнг, мазкур сувдан ичса, қасамини бузган ҳисобланади" ("Бадоиъу-с-санои'": 3/63;).

Юқоридаги матнда айтилмоқчи бўлаётган нарса шуки, замзам сувини ичмайман деб қасам ичган киши ўзига жуда кўп оддий сув аралаштирилиши натижасида оддий сувга аралашиб кетган замзам сувидан ичса, қасамига риоя қилмаган ва замзамдан ичиб қўйган ҳисобланар экан. Бу эса оддий сувга аралаштирилган замзам буткул йўқолиб кетмаслигини англатади. Балки, у аралашган сувига баракот киргазади.

Шу маънода, замзам аралаштирилган сувга "замзам" дейилса ҳам у ҳукман замзам мақомида бўлади. Унда замзамнинг баракоти ва фазилати мавжуд бўлади. Оддий сувлардан ортиқ бўлади. Унга ҳар қанча кўп сув қуйилса ҳам барибир, ичида замзам мавжуд бўлади. Аммо фазилатда мусаффо замзамчалик бўлмайди.

Саҳобаи киромлар нафақат замзам, балки Набий алайҳиссалом таҳорат қилган сувлардан ҳам табаррукланганлар. Узоқдан келган кишилар уйларига қайтишда У зотнинг (алайҳиссалом) таҳоратдан қолган сувларини ўзлари билан олиб кетиб, уни кўп миқдордаги сувларга қўшиб кўпайтирганликлари ривоят қилинади.

Бу ҳам бўлса, табаррук нарса бошқа оддий (тоҳир ва пок) нарсага аралаштирилганда, аралаштирилган оддий нарса ҳам баракот ва фазилат касб этишига далолат қилади.

Ривоят қилинишича, Набий алайҳиссалом Макканинг ҳокимига одам юбориб, ундан Мадинага замзам сувидан жўнатишни талаб қилар эканлар. Бундан мақсад, Мадиналиклар ҳам замзамдан юқорида айтилганидек, оддий сувларга аралаштириб, кўпайтириш орқали баҳраманд бўлишлари учун экан.

Абдуллоҳ Камолов

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муаззам кунлар оғушидамиз

05.06.2025   11610   4 min.
Муаззам кунлар оғушидамиз

Диёримизга улуғ айём кириб келмоқда. Қутлуғ Ийдул Азҳо ватандошларимизни хайру саховат, меҳр-оқибат сари чорлайди. Бу байрам чин маънода одамийлик айёми. Инсонларга меҳр, ўксик кўнгилларга шодлик улашиш фурсати.


Қалблари ҳиммат ва карам неъматидан бобаҳра халқимиз бу муаззам кунларни бой бермаслик учун фурсатни ғанимат биладилар ва савобдан баҳраманд бўлиб қолишга ҳаракат қиладилар.


Динимиз кўрсатмалари, шариат ҳукмларини устивор тутган қодир ватандошларимиз қурбонликлар қилиб, Ҳақни рози қилишга, ҳақдорлар кўнглини олишга интиладилар. Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган дамларда дуолар мустажоб бўлади. Аллоҳ таоло ўзининг каломида “Парвардигорингиз учунгина намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг”, - деб марҳамат қилади.


Бу борада сарвари коинот саййидимиз ибратлари ўринли. Оила аъзоларимизни йўқлаш, қўшнилар ҳолидан хабар олишда, мискинларни севинтириш-у, хасталар аҳволидан  огоҳ бўлишда уларнинг ҳадиси мубораклари бизга нурли йўл, деймиз.


Амаллар кўп. Уларга бериладиган савобларнинг даражаси амалга қараб белгиланади. Энг савоби кўп амал бу фарз ҳисобланса, бошқаларга яхшилик улашиш ундан кейинги ўринда турадиган улуғ ибодатдир!


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бошқаларга қилинадиган яхшиликни фарздан кейинги ўринда туришини баён қилиб шундай дедилар: “Фарзларни адо қилишдан кейинги ўринда турадиган Аллоҳга энг суюкли бўлган амал бу мусулмонинг қалбига хурсандчиликни киритишдир”.


Шунинг учун Шайх Абдуллоҳ Ҳошим раҳматуллоҳи алайҳ қозиликдан келган маошнинг тенг ярмига ширинлик сотиб олиб, ўзлари билан олиб юрар ва ҳар доим учратган болага ширинликдан бериб, уни хурсанд қилар эдилар.


Улуғ кунларда турибмиз. Ҳар дамни ғанимат билишлик, бир биримизга саховатда ибрат бўлишимиз савобли амаллар эканини ҳис қилмоғимиз лозим. Бу кунда исрофгарчиликдан холи дастурхонлар ёзиш, боримизни бошқалар билан бўлишишга интилишимиз даркор. Хайрни,  яхшиликни гуноҳга алмаштириб қўймаслик учун ҳам уйғоқ кўнгил бўлиш талаб этилади.


Бугун муаззам кунлар оғушидамиз, дедик. Ватандошларимиз улуғ сафарларни ихтиёр этганлар. Айни фурсатларда ҳожиларимиз Мино, Арофат водийларида, Муздалифада – дуолар қабул бўладиган маконларда, замонларда ибодатлар қилиб, элу юртга тинчлик, осойишталик сўрамоқдалар. Бу дуолар баракотидан диёримиз аҳлига қанча яхшиликлар етишади, иншааллоҳ. Ибодатлар ҳузурини тотган одамларнинг қалби салим, эҳсону, мурувватда пешқадам бўлишлари бу энг катта яхшилик аслида. Ҳожиларимиз сафар одобларини тушуниб, улуғ даргоҳлардан насибадор бўлиб қайтадилар. Диёримизга қайтганларидан сўнг эса ёшларимиз маънавиятига камарбаста бўладиган, Ҳақ ва ҳақиқат йўлида сидқидил хизмат қиладиган холис Ҳақ хизматчиларига айланадилар, деган умидимиз бор. Бундай улуғ зиёратлар инсонни қайси ёшда бўлмасин, эзгуликларга хайрихох қилади. Ўзгалар қалбини тушунишга, ватан ва халқ манфаати йўлида саъй-ҳаракатга чорлайди.


Бу кунларнинг Яратган даргоҳидаги ўрни мушарраф. Ҳайит кечаларида дуолар қабул бўлади. Қурбонлик гўштларидан насибадор оилаларга хурсандчилик киради. Бу эҳсонлар ортида ҳам меҳр-оқибат, ўзаро бағрикенглик мақсади мужассам. Биз бу маконда яшарканмиз, турли миллатлар вакиллари ягона Ўзбекистоннинг фуқароларимиз. Ўзаро тенглик, адолат ҳукм сурган юртда биродарлик, яхши қўшничилик анъаналарини қадрлаб яшамоқдамиз. Маҳаллаларда ҳамкорлик билан ободлик сари йўл очиляпти. Ватанимиз кундан- кунга фаровон, халқимиз турмуши чиройли бўлиб боряпти. Бу неъматларга шукрона қилиш, тўғри йўлда собитқадам бўлиш маърифатимиз, маънавиятимиз камолидан дарак беради.


Халқимизга саодат ва сано айёми – Қурбон ҳайити муборак бўлсин! Барчамизни Яратган хайру хурсандчиликлар устида бардавом қилсин. Ватанимиз тинч, юртдошларимизнинг оилалари фаровон бўлсин.

Холмурод МАМАЖОНОВ,

Фарғона шаҳар “Уммул қуро” масжиди имом-хатиби

Ўзбекистон янгиликлари